Обама Ню Йоркда исломий марказ қурилишини ёқлайди
АҚШ президенти Барак Обама Ню Йоркда масжид қурилиши ташаббусини
қўллашини билдираркан, америкаликларнинг дин эркинликлари борасида ўз
зиммаларига олган мажбуриятлари бирдай бажарилиши шартлигини таъкидлади.
15.08.2010 АҚШ
президенти Барак Обама Ню Йорк шаҳрида 11 сентябр қўпорувчилик амалиёти
содир этилган ҳудудга яқин жойда масжид ҳамда ислом маданият маркази
қуриш лойиҳасини қўллаб-қувватлади.
АҚШ президенти Барак Обама 13 август
куни Оқ уйда мамлакатдаги мусулмон жамоаси вакиллари ва мусулмон
давлатлари дипломатлари учун ифторлик берди.
Ушбу тадбир чоғида
нутқ сўзлаган Барак Обама Ню Йорк шаҳрида катта масжид ҳамда ислом
маданият маркази қуриш лойиҳасини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Барак
Обама ўз нутқида Америка тупроғида яшаётган мусулмонлар барча АҚШ
фуқаролари каби ўз динига эътиқод қилиш ҳуқуқига эга эканликларини
алоҳида таъкидлади. Обамага кўра, "ушбу ҳақ-ҳуқуқларга АҚШ қонунларига
риоя қилган ҳолда ибодатхоналар ва маданият марказлари қуриш ҳуқуқи ҳам
киради".
- Фуқаро ва президент сифатида шуни таъкидламоқчиманки,
бу давлатда мусулмонлар бошқалар каби ўз динларига эътиқод қилиш
ҳуқуқига эгалар. Ушбу ҳақ-ҳуқуқларга, албатта маҳаллий қонунларга риоя
қилган ҳолда Манхеттэндаги хусусий ер участкасида масжид ва маданий
марказ қура олиш ҳуқуқи ҳам киради. Бу Америкадир ва дин эркинликлари
борасида ўз зиммамизга олган мажбуриятларимиз бирдай бажарилиши шарт,
деди Барак Обама.
Маълумки, Оқ уй раҳбари АҚШ ва мусулмон дунёси
билан ўзаро алоқаларини яхшилаш масаласини ўз ташқи сиёсатининг устивор
йўналишларидан бири қилиб белгиланган эди ва бу борада ижобий
натижаларга ҳам эришди. Бироқ аксар америкаликларнинг кескин қаршилигига
учраб келаётган масжид қурилиши масаласида Обама шу кунгача сукут
сақлаб келаётган эди.
Кўпгина америкаликлар ва Ню Йорк шаҳри
аҳолиси 2001 йилнинг 11 сентябр ҳуружи амалга оширилган жойга яқин
ҳудудда янги масжид ҳамда ислом маданият маркази қуриш лойиҳасига мутлоқ
қарши чиқиб келмоқдалар. Улар фикрича, қўпорувчилик амалиёти содир
этилган жойга яқин ҳудудда масжид қуриш ушбу фожиада нобуд бўлган 2700
дан ортиқ шахсга нисбатан ҳурматсизлик бўлади.
Мамлакатнинг
таниқли сиёсатчилари, жумладан, республикачи Сара Пайлин, Намояндалар
палатаси собиқ спикери, республикачи Невт Гинрич ҳам мазкур лойиҳани
тўхтатиш чақириғи билан чиқдилар.
Ўтган ҳафта эса Ню Йорк шаҳар
ҳокимиятининг Тарихий жойларни муҳофаза қилиш комиссияси йиғилишида 152
йил олдин Манҳэттеннинг қуйи қисмига қурилган бинони тарихий бинолар
рўйхатидан чиқариш ва уни бузишга рухсат бериш ҳақида қарор қабул
қилинди. Ню Йоркдаги айни бино ўрнига Исломий марказ ва масжид қуриш
лойиҳаси тарафдорлари комиссия аъзолари томонидан бир овоздан қабул
қилинган қарорни катта хурсандчилик билан олқишладилар.
Манхеттэн
қуйи қисмини қайта қуриш масаласи қанчалар қалтис эканини англаган
Барак Обама дин эркинликлари борасида АҚШ ҳукумати ўз зиммасига олган
барча мажбуриятлар ҳар бир дин учун бирдай бажарилиши лозимлигини
таъкидлади.
- Тарихимиз давомида дин давлатимизда гуллаб-яшнади,
чунки америкаликлар ўзи танланган динга эътиқод қилиш ҳуқуқига эга
бўлганлар, уларда, шунингдек, ҳеч қандай динга эргашмаслик ҳуқуқи ҳам
бўлган. Бу давлатимиз асосчиларининг донишмандлигидан даракдир, деди
Барак Обама.
Ню Йорк шаҳар ҳокими Майкл Блумберг ҳам Исломий марказ ва масжид қурилиши режасини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Бироқ Ню Йоркда ўтказилган сўнгги сўров натижаларига кўра, шаҳар аҳолисининг 53 фоизи янги масжид қурилиши қарши чиқмоқдалар.
Исломий
марказ ва масжид қуриш лойиҳаси "Қурдоба ташаббуси” деб номланган гуруҳ
томонидан ишлаб чиқилган. Бу гуруҳ ўзининг интернет сайтида мазкур
лойиҳадан кўзланган мақсад Ислом олами ва Ғарб ўртасида алоқаларни
яхшилашдан иборат эканини айтган.
Дастлабки режада 13 қаватли Исломий марказ ва масжид бинолари қурилишининг 100 миллион долларга тушиши назарда тутилган. Айни
пайтда Марказда масжиддан ташқари яна бассейн, баскетбол майдони,
мажлислар зали ва кулинария мактабининг ҳам бўлиши кўзда тутилган.
http://www.ozodlik.org/content/article/2127808.html
|