Қирғизистонлик ўзбек журналисти зўравонликда айбланмоқда ![Улуғбек Абдусаломов Қирғизистондаги таниқли журналистлардан биридир.](http://gdb.rferl.org/77661888-8ECF-4F16-8C14-B9A64BFD874A_w527_s.jpg) Улуғбек Абдусаломов Қирғизистондаги таниқли журналистлардан биридир. 21.08.2010 Ҳурмат Бобожон Халқаро
ташкилотларнинг Қирғизистон ҳукуматига билдираётган норозилигига
қарамай, мамлакатда Ўш қирғинини уюштирган, деган аййблов билан қўлга
олинган ўзбек журналисти Улуғбек Абдусаломовга нисбатан ноинсоний
муносабат давом этмоқда. Халқаро ташкилотлар журналистга нисбатан жиноят
иши соҳта эканини айтмоқда. Париждаги
Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳибсга олинган қирғизистонлик ўзбек
журналисти Улуғбек Абдусаломовга нисбатан ноинсоний муносабатда
бўлинаётганидан ларзага келганини билдирди.
- Биз Абдусаломов
соғлиги ва қамоқхона шароитларидан ташвишдамиз. Юрак хасталигига
чалинган журналистга лозим шароит ва мунтазам тиббий ёрдам кўрсатилишига
умид қиламиз¸ деди Чегара билмас мухбирлар ташкилоти раҳбари Жилл
Лорде.
Ўзбек тилида нашр этилган "Дийдор” рўзномасининг бош
муҳаррири Абдусаломов 14 июн куни Жалолобод вилоятида зўравонликларга
алоқадорлик айбловлари билан ҳибсга олинган эди.
Кейинчалик
юраги оғирлашгани сабаб Жалолободдаги қамоқхонага кўчирилган Улуғбек
Абдусаломовга 10 август куни расман айблов эълон қилинди.
Унга
нисбатан жиноят кодексининг тўртта моддаси - экстремизм, миллий нафратни
қўзғатиш, оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариш ҳамда мамлакат
ҳудудий яхлитлигига қарши айирмачилик фаолияти билан шуғулланганлик
айбловлари илгари сурилди. Агар Абдусаломов маҳкамага тортилса¸ 12
йилгача бўлган қамоқ жазоси билан юзма-юз келиши мумкин.
- Икки
йил аввал юрак хуружини бошдан кечирган Абдусаломов ўта оғир юрак
хасталигига дучор бўлган ва у сурункали тиббий муолажага муҳтож. Лекин,
уни лозим тиббий шароитга эга уй қамоғига ўтказиш борасидаги адвокати
илтимосига қарамай, Абдусаломов оғир касаллар учун мутлақо тўғри
келмайдиган Жалолобод қамоқхонасига кўчирилди, деди Чегара билмас
мухбирлар ташкилоти раҳбари Жилл Лорде.
Улуғбек Абусаломов бош
муҳаррирлик қилган "Дийдор" газетаси Қирғизистондаги ўзбек этник
озчилиги рўпара келаётган масалалар, хусусан, ўзбекларнинг ижтимоий ва
сиёсий ҳаётда юзма-юз келаётган муаммоларини ёритиб келган.
Аввалроқ
Ню Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳам Бишкек ҳукуматини
қирғизистонлик ўзбек журналистига қўйилган айбловларни олиб ташлашга
чақирган эди.
http://www.ozodlik.org/content/article/2132316.html
|