Нью Йоркда жойлашган Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти қирғиз ҳукуматини жалолободлик ўзбек инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаров устидан адолатли маҳкамани таъминлашга чақирди.
Ташкилотнинг таъкидлашича, ҳукумат пайшанба куни маҳкамада ҳозир бўлган Азимжон Асқаров ва унинг ҳимоячисининг хавфсизлигини ҳам таъминлаши лозим.
Жалолободдаги "Воздух" инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли бўлган Азимжон Асқаров миллий низо қўзғаш ва қотиликда иштирок этишда айбланмоқда.
Ноокент тумани маркази Маси қишлоғида бошланган маҳкамада Азимжон Асқаров ва яна етти киши ўзларига қўйилган айбларни рад қилишган.
Маҳкаманинг биринчи масжлисида 13 нафар қирғиз милицияси ходимлари ҳамда Бозорқўрғондаги ҳодисаларда ўлган қирғиз миршаби яқинларининг гувоҳғликлари тингланган.
Ҳимоячи Маликабул Акимовнинг Би-би-сига айтишича, маҳкама жараёнида кўрсатма берган милиционерлар Азимжон Асқаров ва бошқа айбланувчиларга қарата "сенларни ўлмаган бўлсанг, зонада ўлдирамиз" деган сўзлар билан таҳдид қилганлар.
Ҳимоячининг сўзларига кўра, ҳакам уларни огоҳлантирган.
Қирғиз прокуратураси Азимжон Асқаровни гаровга олиш, этник низо қўзғаш, оммавий тартибсизликларда иштирок этиш ва қотилликка шериклик сингари жаъми саккизта жиноий модда билан айбламоқда.
Прокуратура Азимжон Асқаров 2010 йилнинг 13 июн куни 400-500 атрофида ўзбек миллатига мансуб инсонларни Бишкек-Ўш йўлини тўсиб олишга даъват этгани, бундай ноқонуний амалларни тўхтатиш учун ҳодиса жойига борган милиция ходимларига бўйсунмасликка чақиргани, шунинг оқибатида оломон милиция ходимларига ҳужум қилиб, бир милиционерни ўлдиргани ва бир нечасини яралаганини даъво қилган.
Қирғизистон Бош прокуратурасига кўра, терговда гувоҳлик берган бозорқўрғонлик милиция ходимлари Асқаровга қўйилган айбларни тасдиқлаган.
"Азимжон Асқаров оммавий тартибсизликларнинг ташкилотчиси бўлгани ва ўқотар қурол билан қуролланган гуруҳга раҳбарлик қилгани тергов жараёнида исботини топди", дейилади Бош прокутуранинг аввалроқ инсон ҳуқуқлари гуруҳининг сўровига берган расмий жавобида.
Азимжон Асқаровнинг қуролсиз аҳолига қарши Жалолобод вилоятида содир этилган зўравонликларни видео, фото ва аудиоҳужжатлаштириш билан банд бўлган пайтида ҳибсга олинган.
У тасвирга туширган зўравонликлар акс этган бир неча лавҳалар ўша кунларда интернетда пайдо бўлган.
Асқаровнинг ҳимоячиси унинг тергов чоғида қийноққа солинганини айтган, аммо қирғиз прокуратураси қийноқ иддаоларини рад этади.
Асқаров ҳибсда экан, унинг ҳимоячиси ва яқинлари бир неча марта ғазабнок қирғиз оломонининг ҳужумига учраган.
Жумладан, 21 июл куни жалолободдаги тартибсизликлар чоғида ўлдирилган қирғиз милиция ходимининг яқинлари экани айтилган бир гуруҳ аёллар Асқаровнинг қайинсинглиси ҳибсхонага овқат олиб келган пайт уни тошбўрон қилганлар.
23 июл куни эса ҳимоячи Токтакуновни ўраб олган ўнлаб қирғиз аёллари уни ўлдириш билан таҳдид этганлар.
Биринчи маҳкама
Ҳюман Райтс Вотч Азимжон Асқаров устидан бошланган жараён Қирғизистон жанубидаги этник зўравонликлар билан боғлиқ биринчи йирик маҳкама экани ва кейинги маҳкама жараёнлари учун жиддий ишора йўллашини таъкидлаган.
Халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари қирғиз хавфсизлик кучлаир июндаги зўравонликлардан кейин бошланган амалиётларда асосан ўзбекларни нишонга олаётганини айтишган.
Ҳюман Райтс Вотч ўзбек аҳолиси ноқонуний ҳибсга олиниб, қийноқ ва бошқа ноинсоний муомалага тутилган 60 дан ортиқ ҳолатни ҳужжатлаштирганини айтган.
Чоршанба куни Қирғизистон Бош прокуратураси Жалолободдаги Ўзбек маданий маркази раҳбарларига қарши расмий айблов эълон қилинганини билдирган.
Прокуратура тарқатган хабарда айтилишича, таниқли ишбилармон ва собиқ депутат Ботиржон Қодиров ҳамда унинг муовини, ўзбек тилидаги "Дийдор" рўзномаси бош муҳаррири Улуғбек Абдусаломов ва ўзбек жамоасининг яна бир неча кўзга кўринган вакиллари шу йил май ойидаги намойишлар чоғида миллий адоват қўзғаш, оммавий тартибсизликларни уюштириш ва бўлгинчиликда айбланмоқда.
Ушбу гуруҳ устидан маҳкама жараёни жума куни бошланиши кутилаётир.
Пайшанба куни Қирғизистон президентига мактуб йўллаган қирғизистонлик бирг гуруҳ журналистлар Улуғбек Абдусаломовни озод қилишни сўрашган.
Шунингдек, пайшанба куни Ўшда яна бир ўзбек инсон ҳуқуқлари фаоли Фарруҳ Гапиров устидан бошланиши кутилган маҳкама жараёни номаълум сабабга кўра қолдирилган.
22 ёшли Фарруҳ Гапиров 16 июн куни нон олиш учун кўчага чиққан пайт ҳибсга олинган.
Ҳимоячиси унинг ҳибсга олиш чоғида қаттиқ дўппослангани, баданида қийноқ изларини кўрганини айтган.
Ҳюман Райтс Вотчга кўра, Қирғизистон жанубидаги маҳкамаларда айбланувчи ва гувоҳларнинг хавфсизлиги жиддий хавотирга сабаб бўлмоқда.
13 август куни Қорасувда Ўш шаҳар кенгашининг собиқ аъзоси Дилшод Мўминов устидан кечган маҳкама жараёнида суд залига бостириб кирган ғазабнок қирғиз оломони гувоҳларга ҳужум қилган ва ҳакамдан Мўминовни қамашни талаб қилиб, таҳдид этган.
Ҳакам суд мажлисини қолдиришга мажбур бўлган.
Дилшод Мўминов ҳам июндаги зўравонликларда иштирок этганликдаа айбланмоқда.
16 август куни эса Ўш шаҳар маҳкамасида ғазабланган аёллар яна бир ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси Абдуманноп Ҳалиловни шафқатсизларча калтаклаган.
Ҳодиса жойида бўлган милиция ходимлари аралашмаган.
Ҳюман Райтс Вотч Қирғизистон жанубидаги расмийларни маҳаллий ва халқаро қонунларга қатъий амал қилишга чақирган.
Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.
http://www.transliteration.kpr.eu/uz/
http://www.bbc.co.uk/uzbek/central_asia/2010/09/100902_cy_hrw_askarov.shtml