БМТ саммитида Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадинежод нутқ ирод қилаётган маҳал Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатлари вакиллари норозилик билдириб чиқиб кетишган.
Нью Йоркдаги БМТ Бош ассамблеясида гапирган Эрон
раҳбари кўплар 2001 йил 11 сентябр ҳужумлари ортида АҚШ турганига
ишонишини айтган. Унга кўра, Америка Яқин Шарқдаги манфаатларини
мустаҳкамлаш ва Исроилни ҳимоя қилиш учун бу ҳужумларни ташкиллаштирган
бўлиши мумкин.
Норозилиб билдириб зални тарк этган
америкаликларга Оврўпо мамлакатлари, Канада, Австралия, Янги Зеландия ва
Коста Рика каби давлатлар вакиллари қўшилишган.
Қўшма Штатлар Эрон Президентининг изоҳларини "жирканч ва ёлғон" дея таърифлаган.
Аммо, Аҳмадинежод жаноблари норозиликка писанд қилмай, Сионизм ва Исроилга ҳужум қилишга ўтган.
Капитализм-'мағлубият'
Би-би-сининг дипломатик масалалари бўйича мухбири Жонатан Маркусга кўра, Эрон раҳбарининг нутқи-қисман сиёсий қарғиш, қисман ваъз бўлиб, Президентнинг ўз дунё қарашлари тақдимоти бўлган.
Эрон раҳбари келгуси йил терроризм масаласига бағишланган анжуманга мезбонлик қилиши мумкинлиги ва ушбу 2011-ядровий қуролсизланиш йили бўлиши кераклигини айтган.
Эроннинг ядровий қуроллар ишлаб чиқармаётгани ҳақидаги раддиясини такрорларкан, жаноб Аҳмадинежод БМТ Хавфсизлик Кенгашининг айрим аъзолари "ядровий қувватни ядровий бомбаларга тенглаштирганини таъкидлаган.
Маҳмуд Аҳмадинежод ўз нутқида капитализм ва дунёдаги кучлар мувозанатини муваффақиятсизлик дея таърифлаган ва дунё Пайғамбарлар каби софдил одамлар тарафидан бошқарилиши кераклигини айтган.
Президент Аҳмадинежод Эрон Қўшма Штатлар раҳбарлари билан жиддий мубоҳасалар олиб боришга тайёрлигини билдирса-да, мухбиримизга кўра, унинг нутқи икки томон ўртасида гаплашиладиган гап оз эканига далилдир.
BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124