Қирғизистондан келаётган хабарларга кўра, тўрт нафар ўшлик имомнинг ҳар бири тўрт йилдан қамоқ жазоларига ҳукм этилганлар. Би-би-сига маълум бўлишича, маҳкама ҳукми 17 сентябрда ўқилган.
Асосан ўзбеклар яшовчи Қорасув ва Наримон туманларидан бўлган бу имомлар Ўшдаги зўравонликлар бошланишидан олдин ярим тундан кейин зўравонликка чорлаб азон чақиришда айбланганлар.
Уларга қарши Қирғизистон жиноий кодексининг 233-моддасига биноан, яъни диний фаоллар оммавий тартибсизлик ва зўравонликка ундаш айби билан Қорасув туманида жиноий иш очилган.
Маҳкама уларнинг жазони ўташ учун махсус ихоталанган жамлоқда тутқунликда сақланишига қарор қилган.
Қирғизистон ҳукумати бир ҳафта аввал бўлиб ўтган бу маҳкама ишини яширинча ўтказгани айтилади.
Қорасув тумани маҳкама раиси Қўйчибек Жўпонов журналистларга имомларнинг исм-шарифларини беришдан бош тортган, ва буни имомларнинг ҳали апелляцияга ариза топширмаганини билан изоҳлаган.
Унга кўра, маҳкама қароридан 10 кун ичида имомлар шикоят аризасини топширишлари мумкин.
Аксар инсон ҳақлари фаоллари ушбу маҳкама ҳукмидан бехабар қолишган ва улар мазкур ишнинг ёпиқ ўтказилгани унинг эркин ва одилона эканига шубҳа уйғотишини айтишган.
Ўш ва Жалолободдаги қонли воқеалар юзасидан инсон ҳуқуқлари фаолларига қарши ўтказилган олдинги маҳкамалар қаттиқ танқид қилинган.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/central_asia/2010/09/100923_kyrgyz_imams.shtml