Россия Президенти Дмитрий Медведев чоршанба куни Қирғизистоннинг Ар-Намыс партияси раиси Феликс Қуловни қабул қилган.
Кремлнинг интернет саҳифасида баён қилинишича, икки томон Қирғизистондаги аҳволни муҳокама қилган.
Президент Медведев Россия Қирғизистонда тинчлик ҳукм суришидан манфаатдор эканини билдирган.
Қирғизистон жанубида авж олган қонли июнь воқеалари ортидан Бишкекдаги муваққат ҳукумат Россияга ҳарбий қўшинларни киритишни сўраб мурожаат қилган, аммо Россия бу илтимосни рад этганди.
Зўравонликлар ортидан Ньюсуик ойномасига берган интервьюсида Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева Россия барибир Қирғизистоннинг энг муҳим шериги бўлиб қолишини айтган.
Россия президентнинг Горкидаги қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувдан олдин Феликс Қулов президентга хайрихоҳ Единая Россия партияси билан партиялараро келишувга имзо чеккан.
Жаноб Медведев Қирғизистондаги барча жараёнлар қонун доирасида олиб борилишига, ҳамда у ерда самарали ҳукумат барпо этилишига умид қилишини айтди.
"Албатта, Қирғизистон биз учун нафақат яқин қўшни ва стратегик шерик, балки биз турли интеграцион бирлашмалар, Овроосиё Иқтисодий Ҳамжамияти ва Коллектив Хавфсизлик Келишуви Ташкилотида биргамиз. Ва бугунда минтақавий хавфсизлик билан боғлиқ бўлган кўп саволларни келажакда мана шу ташкилотлар доирасида ҳал қилинади деб умид қиламан," - деди Медведев жаноблари.
Ўз навбатида Феликс Қулов Қирғизистондаги аксар партиялар Россия билан алоқаларни мустаҳкамалаш зарур деб билишларини айтди.
"Россиясиз келажак йўқ," - деди жаноб Қулов.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/central_asia/2010/09/100923_kulov_medvedev.shtml