Среда, 24-05-15, 03:37

Яхши сўз ва кечириш, ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир.

ҲИМОЯЧИ

ХАЛҚАРО ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ ЖАМИЯТИ
O'ZBEKCHA  РУССКИЙ   ENGLISH   SVENSKA    AF SOMALI    العربيه
МАНЗИЛИМИЗ Бош саҳифа Рўйхатдан ўтиш КИРИШ
САЛОМНОМА, Гость · RSS
Б Ў Л И М Л А Р
ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ [284]
ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ ХАЁТИДАН ЛАВХАЛАР [72]
ҲУҚУҚ ХИМОЯЧИЛАРИ ЁЗИШМОҚДА [211]
ИСЛОМ ВА МУСУЛМОНЛАР [183]
ШЕРИЯТ ГУЛШАНИ [85]
СОBРИНДОРЛАР [11]
ЭЪЛОНЛАР [16]
ОЧИҚ ХАТЛАР [24]
БАЁНОТЛАР [21]
МАХБУСЛАР ХАЁТИДАН [51]
МУХОЖИРЛАР ХАЁТИДАН [127]
АДАБИЁТ ВА САНЪАТ [18]
СИЁСАТ [73]
ТАРИХ [15]
ВИДЕОЛАВХАЛАР [27]
ҲИКМАТЛАР ХАЗИНАСИ [2]
ЖУРНАЛИСТЛАР ХАЁТИДАН [49]
АМАЛДОРЛАР ХАЁТИДАН [31]
МУРОЖААТНОМАЛАР [29]
НОРОЗИЛИК НАМОИШЛАРИ [37]
БОЛАЛАР МЕХНАТИ [10]
ХАЛОКАТЛАР [12]
ЙИҒИЛИШЛАР [12]
ТАРИХИЙ ШАХСЛАР [11]
С П О Р Т [13]
ТАБОБАТ ХАЗИНАСИДАН [25]
РАДДИЯЛАР [6]
ТАЗИЯНОМАЛАР [9]
Д У Н Ё Х А Б А Р Л А Р И [139]
Қ И Й Н О Қ Л А Р [25]
АДВОКАТЛАР ХАЁТИДАН [6]
БАХС-МУНОЗАРА-МУХОКАМА [78]
ҒАЙРИДИНЛАР ХАЁТИДАН [0]
ЭШИТТИРИШЛАР [31]
ДИНИЙ МАРУЗАЛАР [15]
СУД, ПРОК, МИЛИЦИЯ [18]
ФАХШ ИШЛАР [16]
ЭКСПЕРТЛАР ХУЛОСАСИ [1]
Қ И Р Ғ И З И С Т О Н [177]
Б Б С Мехмонлари [22]
Қ О З О Ғ И С Т О Н [5]
МАЖБУРИЙ МЕХНАТ [2]
Т О Ж И К И С Т О Н [20]
Р О С С И Я [22]
ЖАЗОГА ХУКМ ҚИЛИНГАН [9]
Ў З Б Е К И С Т О Н [74]
Ш В Е Ц И Я [0]
МУХИДДИН ҚЎҚОНДИЙ ШАХСИЙ САХИФАСИ [4]





АЛЛОҲНИНГ  ГЎЗАЛ  ИСМЛАРИ

ШАЙХ МУХАММАД СОДИҚ МУХАММАД ЮСУФ ХАЗРАТЛАРИНИНГ МАРУЗАЛАРИ

Х А Л Қ И М

Б Е Н А М О З

КАРИМОВНИНГ ХАБАРИ ЙЎҚ

ЎЗБЕКИСТОН БОЛАЛАРИ

ЖАННАТДАГИ КУНДОШИМ

Pepsi ва Coca-Cola ХАРОММИ ?

Би-би-си мехмони Швециялик муҳожир

Е-322 МОДДАСИ

"МХХ билан келишув амалга ошмади"

Фан ҳижобнинг фойдали эканлигини тасдиқлади

"Гуноҳим рўмол ўраганимми?”

Эр - хотин кишининг ярим пири..?

Погон таққан
қиз ўғрилари

ТАШАККУРНОМА

Террорчилик - Ғарб маҳсули

Гегемонлик васвасаси

Ўзбекистонга   қайтган
аëл  қамоққа  олинди


Каримов ғарбни ўйинчоқ қилмоқда

Имомлардан маломатларни кўтариш

АҚШ элчиси Каримовни қизлари хақида айтганлари


 
Главная » 2010 » Сентябрь » 25 » Исломий кураш ҳақида
11:39
Исломий кураш ҳақида

Исломий кураш ҳақида

Намоз Нормўмин

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ

Алҳамдуллилаҳ, вақт ўтиши билан халқимиз орасида Ҳақ ва ботилни бир-биридан ажратишни ва Ҳақ учун мужодала этишни истаганларнинг сони кун сайин ошиб бормоқда. Шу билан бирга орамизда ҳали Ҳақ йўлини топаолмай, ҳар томонга йўрғалаётганларнинг сони ҳам етарлидир. Мана шундай йўл айримида бўлганлар, ўзларининг тутган мавқелари ноъмалум бўлишига қарамасдан, бошқаларни танқид қилишни ҳам унутмаяптилар. Улардан баъзилари Исломни ва мусулмонларни сиёсий курашда иштирок этмасликда, инсон ҳақ ва ҳуқуқларини химоя қилмасликда айблашмоқда. Гўё улар катта ишларни бажарганлару мусулмонлар фақат дуохонлик билам машғул бўлиб, уларнинг сайъи ҳаракатларига бефарқ қолмоқдалар. Бундай иддоалар бизнингча маъносиз бўлгани каби, айни пайтда мусулмонларнинг ватанимиздаги ва дунёдаги ботил дунё тузумларига қарши олиб бораётган мужодаласига нисбатан ҳурматсизлик ҳамдир. Ҳақ ва ботилнинг ўзаро мужодаласи илк инсон яратилиши билан бошлаган ва ҳеч бир замон тўхтаб қолмаган. Бу мужодала баъзан ошкора ва баъзан эса пинҳона давом этиб келган ва бугунги кунда ҳам давом этмоқда, алҳамдулиллаҳ. Шу муносабат билан аввало мавзудаги "Исломий кураш” атамасининг маъносига қисқача тўхталмоқчи эдик. Чунки Исломнинг мазмуни ва умуман кураш ўзи нима деган масаланинг моҳиятини билмасдан туриб, бу мавзуни тушуниш осон бўлмаса керак.
Маълум бўлгани каби, Ислом Аллоҳ таолонинг Одам (ас) яратилишидан буён нозил қилган динининг сўнг шаклидир. Яъни, Аллоҳ таоло инсонни яратган ва унинг яшаши учун маълум қонун-қоидалар мажмуасини (шариатни) ҳам белгилаб бергандир. (Баъзиларнинг шариат сўзини эшитиши билан капалаги учиб кетишини биламиз. Ҳолбуки шариат демак, илоҳий қонун ва қоидаларга асосланган Ҳақ тузумни билдиради). Диннинг маъноси эса мана шу Ҳақ тузумнинг (низомнинг) еру осмонда тазаҳҳур этиши, яъни кўринишидир. Яъни, еру осмонларнинг маълум тартибда мавжуд бўлиши, қўёшнинг, ойнинг ва юлдузларнинг кўриниши ва кўринмай қолиши, кеча ва кундузнинг алмашиб туриши, турли табиат ҳодисалари бу дунёни яратган Аллоҳ таолонинг қонун-қоидаларига (динга) кўра амалга ошади. Масалан:

"Ва момақалдироқ (раъд) Унинг ҳамди билан тасбеҳ айтади ва фаришталар ҳам Ундан қўрқанларидан (тасбеҳ) айтади. У чақмоқларни юборади ва улар билан истаган одамларини, улар Аллоҳ ҳақида талашиб турганларида, уради. У (азоби билан) қаттиқ ушлайдиган Зотдир” (Раъд сураси 13)

Бу оятда инсонлар табиат ҳодисаси деб биладиган момақадироқ ва чақмоқнинг илоҳий қонунларга кўра содир бўлиши изҳор қилингандир. Исломга кўра еру осмонлардаги ҳодисалар диний қонун-қоидаларга кўра содир бўлгани каби, инсон ва инсонлар орасидаги муносабатларнинг моҳияти ҳам диний қонун ва қоидаларга асосланади. Демак, ҳақиқий маънода дин дейилганда, коинот ва бутун махлуқотнинг, шу жумладан инсониятнинг ҳам ҳаёт тарзи тушунилади. Динни бундай тушуниш ғарбдаги, хусусан материластларнинг "дин” тушунчасидан тамоман фарқлидир. Уларга кўра "дин” инсон ҳаётининг бир бўлагидир. Яъни, ғарбда дин сиёсат, иқтисод, ижтимоий ҳаёт, ҳуқуқ каби ҳаёт бўлимларидан бир бўлимдир. Энди дин ҳақидаги бир-бирига мос келмайдиган мана шу икки тушунчани таққослайдиган бўлсак, мусулмонлар ва ғайримуслимларнинг эътиқод ва тушунчаларининг нима учун бир-бирига мос келмаслигини билиб олишимиз мумкин. Натижада ўртага "мен нима дейману қўбизим нима дейди” сўзида ифодаланган ҳақиқат чиқади. Масалан, яқинда интернет саҳифаларидан бирида чоп қилинган суҳбатга муносабат билдирган бир ўқувчи: "бу кишига сиёсий масалада савол берсангиз, у диний масалада жавоб беради”, дея изоҳ билдирганди. Бу ўқувчига кўра сиёсат ва дин айри –айри ижтимоий соҳалар бўлгани учун "сиёсий масалада диний жавоб бериш” хатодир. Ҳақиқатда эса, юқорида айтилгани каби, дин инсон ҳаётининг барча соҳаларини (сиёсат, иқтисод, ижтимоий ҳаёт ва ҳ.к) ўз ичига олади, сиёсий масалага дин (Ислом) асосида жавоб бериш, бу масалани бутун ҳақиқати билан изоҳлашни билдиради. Бунинг ўрнаги, агар бир кишининг қўли хасталанса, табиб бу хасталикни тиббиётнинг умумий қонунларига кўра даволайди. Бу кишининг табибга менинг қўлим хаста, мени тиббиётнинг умумий қонунларига кўра эмас, қўл қонунларига кўра даволанг, дейиши кулгули бўлгани каби жоҳиллик нишонаси ҳам ҳисобланади.
Шундай қилиб, Исломнинг дин тушунчаси беқиёс даражада кенг маънолидир. Динни бундай тушуниш инсон ақли учун яна беқиёс даражада фаолият соҳаси яратади. Имонли киши мана шундай соғлом диний тушунча асосида суннатуллоҳнинг (Аллоҳ таолонинг еру осмонлар учун қўйган низомнинг) сирларини ўрганишга ҳаракат қилади. Бундай диний тушунчага эга бўлган кишининг зеҳни (онги) осмон илмларини ҳам (астрономия), ер илмларини ҳам, инсоний муносабатларни ҳам ва умуман бутун соҳаларни ўрганиш ва тушуниш учун бирор фикрий тўсиққа учрамайди. Шунинг учун Исломнинг бошланишида мусулмонлар орасида бутун соҳаларда машҳур олимлар етишиб чиққан эди.
Бу айтилганлардан хулоса шуки, бир киши Ислом ва мусулмонлар ҳақида фикр баён қилишдан олдин Ислом нима ўзи, мусулмонлар дин деганда нимани тушунадилар, деган саволларнинг жавобини билиши зарурийдир. Чунки мусулмонлар ва уларнинг мухолифлари орасидаги курашнинг негизи ҳам динни қандай тушуниш масаласига бориб тақалади. Динни еру осмонларнинг ҳақиқати ва умулбашарият ҳаётининг моҳияти деб тушунадиганлар (мусулмонлар) билан уни ижтимоий ҳаётнинг бир соҳаси деб тушунадиганлар ( материалистлар)нинг бирор масалада ҳамфикр бўлишлари албатта мумкин эмас. Чунки "кенгга кенг дунё ва торга тор дунё”дир. Қуръони Каримнинг тили билан айтганда эса "Сизнинг динингиз (эътиқодингиз ва ҳаёт низомингиз) сизга, менинг диним (эътиқодим ва ҳаёт низомим) менгадир”. (Кофирун сураси 6)

Энди кураш масаласига келадиган бўлсак, унинг негизида суннатуллоҳ зарурий қилган нисбий ихтилофлар ва зиддиятлар ётади. Чунки мутлақ маънода суннатуллоҳда ихтилоф ва зиддият бўлмайди. Уларнинг нисбий маънода бўлиши бу дунё ҳаётининг инсонлар учун имтиҳон дунёси қилиб яратилишадидир. Яъни, бу дунё ҳаётида инсонлар яхшилик ва ёмонлик (Ҳақ ва ботил) орасидаги зиддиятга иштирок этадилар ва кимнинг қайси жабҳада ўрин олишига қараб, инсонларга баҳо берилади. Инсонлар Ҳақ тарафида ёки ботил тарафида бўлганликларига қараб охиратда жаннатлик ёки жаҳаннамлик бўладилар. Бундай зиддият аслини олганда инсон ҳаётига маъно берадиган унсур ҳам ҳисобланади. Чунки агар яхшилик ва ёмонлик (Ҳақ ва ботил) бир-биридан ажратилмаганда эди, ўртада зиддият ҳам бўлмас, инсонларнинг ҳаёти ҳам маъносини йўқотган бўларди. Бунинг мисолини мусбат ва манфийликнинг ўзаро зиддиятига ўхшатиш мумкиндир. Маълумки мусбат ва манфий зарраларнинг ўзаро зиддияти натижасида қувват манбаи (электр) ўртага чиқади ва инсонлар ёруғликни қўлга киритадилар. Худди шундай Ҳақ ва ботил зиддияти натижасида имон ўртага чиқади ва инсонлар жоҳилият қоронғулигидан ислом ёруғлигига чиқадилар. Демак, ҳақиқий кураш (зиддият) Ҳақ ва ботил, яъни Ислом ва жоҳилият (тавҳид ва ширк) ўртасидаги курашдир. Аммо баъзан инсонлар ўзларининг азалий душмани бўлган шайтоннинг васвасасига эргашиб, сохта "курашларда” иштирок этадилар. Бунга мисол сифатида коммунизм ва капитализм, коммунизм ва фашизм ўртасидаги "курашларни” кўрсатиш мумкиндир. Бугунги кунда бу "курашларнинг” маъносиз эканлиги, улар ҳақиқий маънода кураш эмас, инсонларнинг жамиятлар ҳолида интиҳори (ўз жонларига қасд қилишлари) эканлиги маълум бўлди. Бундай интиҳор натижасида 20 асрда юз миллионларча кишининг ҳаёти қурбон бўлди ва ундан кўпроқ кишиларнинг ҳаёти маъносиз "курашларда” йўқ бўлиб кетди. Бундай маъносиз курашлар афсуски замонамизда ҳам давом этмоқда. Бу турли диктатуралар ва демократиянинг турли кўринишлари (социал-демократлар, либераллар, миллий демокартлар ва ҳ.к) орасидаги "курашлар”, инсонларнинг Ҳақга асосланмаган жамиятларда ўз ҳақ- ҳуқуқлари учун курашлари (Ҳақга асосланмаган жамиятларда аввало Аллоҳ таолонинг бандалардаги ҳаққига риоя қилинмайди. Аллоҳ таолонинг бандаларидаги ҳаққи инсонларнинг уларни яратган Робларига шерик қўшмасдан ибодат қилишларидир. Шунинг учун Ҳақга асосланмаган жамиятларда умуман инсон ҳуқуқидан гапириш маъносиз ишдир. На Аллоҳ таолонинг на да инсонларнинг ҳуқуқларига риоя қилинмайдиган жамиятларда инсон ҳуқуқлари учун курашиш ҳам маъносиз бир ишдир. Чунки бирор нарса мавжуд бўлмаган жойда у нарсани қўлга киритиб бўлмаслиги ўз-ўзидан маълумдир) гомосексуал эркак ва лесбиан аёлларнинг ўз "ҳақ-ҳуқуқлари” учун "курашлари”ни айтиш мумкиндир. Бундай "курашлар”нинг маъносини тушунтириш учун уларни манифийларнинг ўзаро зиддияти, деб атасак бўларди. Аммо бундай дейиш ҳам беъманилик (абсурд) ҳисобланади. Чунки на манфий зарралар орасида нада мусбат зарралар орасида ўзаро зиддият бўлмайди. Агар бирор жойда ёки ҳодисада манфийлар орасида ёки мусбатлар орасида ўзаро зиддият бор дейиладиган бўлса, бу ё манфийнинг қаршисида мусбатнинг ёки мусбатнинг қаршисида манфийнинг пайдо бўлганлигига ишоратдир. Бунинг аксини иддао қилиш эса ақлсизликдан бошқа нарса эмасдир…

"Ерда ўсадиган нарсалардан, уларнинг (инсонларнинг) ўзларидан ва улар билмайдиган нарсалардан жуфтлар яратган Зот (Аллоҳ) покдир” (Ёсин сураси 36)

"Ла илаҳа иллаллоҳ”нинг маъноси

Бу Исломнинг биринчи ва асосий шартининг маъносидир. Калимаи шаҳодатни айтиб, мусулмон бўлган киши "Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш билан ушбу ҳақиқатни ўз қалбида ва жамиятда эълон қилган бўлади. "Менинг Аллоҳ таолодан бошқа Илоҳим, яъни ибодат ва итоатга лойиқ маъбудим” йўқдир. Бу эълон Аллоҳ таолодан бошқа Илоҳлар (бутлар, санамлар) ясаб олган инсонларга қарши бир майдон ўқиш ва уларни ларзага соладиган бир ҳайқириқдир. Чунки Аллоҳ таолодан бошқа Илоҳларга бандалик қиладиганлар ўзларининг ҳаёт низомларини ширк эътиқоди устига қурган бўладилар. Бу ҳақиқат бутун пайғамбарлар тарихида ўртага чиққандир. Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари инсонларни "Аллоҳ таоло сизнинг ягона Илоҳингиздир, сизлар ўзларингиз ясаб олган сунъий илоҳлардан” (бутлар, санамлар) воз кечинг, фақат ва фақатгина Аллоҳ таолога бандалик (ибодат ва итоат) қилинг, дея даъват қилганлар. Шу ўринда Илоҳ ўзи нима ва нима учун Аллоҳ таолони ягона Илоҳ, дея имон келтирганлар ва турли сунъий Илоҳларга (бут-санамларга) бандалик қилишни истаганлар (мушриклар) орасида муросасиз келишмовчилик мавжуддир, деган савол ўртага чиқади. Аслини олганда диннинг маъноси ҳам мана шу саволнинг жавобида ўз аксини топгандир. Чунки инсонлар табиати (фитрати) Аллоҳ таолонинг мавжудлигини инкор қилмайди. Инсонлар у ёки бу шаклда башариятнинг иродасидан устун бўлган бир қувватнинг ва яратувчининг борлигига ишонадилар. Ислом мана шу илоҳий қувватни ва яратувчини Аллоҳ таоло, деб билади. Инсонлар табиати (фитрати) бу қувватни ва яратувчини эътироф қилар экан, демак уларнинг ўз фитратини, яъни инсонийлигини сақлаб қолишларининг шарти ҳам мана шу ҳақиқий Илоҳга бандалик қилишларидадир. Акс ҳолда инсон ўзининг фитратига зид ҳолатга тушади ва бу билан унинг инсонийлигига путур етади. Инсоннинг фитрати (инсонийлиги) эса бошқа инсонларни севиш, ўзаро ёрдамлашиш, адолатли ва самимий бўлиш ва шунга ўхшаш бошқа мусбат инсоний жиҳатларда намоён бўлади. Демак, севгисизлик (тошюрак бўлиш), худбинлик, зулм ва ёлғон ва шунга ўхшаш салбий хусусиятлар инсоннинг ўз фитратидан узоқлашганини билдиради. Шунинг учун Аллоҳ таолони ягона илоҳ, деб билиши инсоннинг фитрийлигини (инсонийлигини) қўрийдиган ягона омил ҳисобланади. Бу ҳақиқат Қуръони Каримда шу шаклда марҳамат қилингандир:

"Бас, сиз юзингизни ханифлик (Аллоҳни ягона Илоҳ, деб эътиқод қилиш) динига қаратинг (шундай эътиқод эгаси бўлинг). Бу Аллоҳнинг фитрати бўлиб, У Зот инсонларни мана шу табиийликда яратгандир. Аллоҳнинг яратишида ўзгариш бўлмайди. Аммо инсонларнинг кўпи буни билмайдилар” (Рум сураси 30)

Бу айтилганларнинг хулосаси шундан иборатдир: Аллоҳ таоло инсонларни яратгандир ва бу Яратувчи Зот уларнинг ягона Илоҳидир. Демак инсонлар Аллоҳ таолони ягона Илоҳ, дея бандалик (ибодат ва итоат) қилишлари билан ўзларининг фитратларини (инсонийлик табиатларини) сақлаб қоладилар. Акс ҳолда инсонлар ўз фитратига зид ҳолатга тушадилар ва бунинг натижасида ғайриинсоний ҳаёт тарзи ўртага чиқади…

Илоҳ муқаддаслик, қаттиқ севги ва қўрқиш, дуо, таваккул, ибодат ва сўзсиз итоатда ўзини кўрсатади. Мўминлар Аллоҳ таолога мана шундай эътиқодий боғлар билан боғлангани каби, мушриклар ҳам ўзлари ибодат қиладиган бут-санамларига худди шундай эътиқодий боғлар билан боғланадилар.

"Инсонлар орасида шундай кимсалар борки, улар Аллоҳдан бошқаларни (бут-санамларни) Унга тенг тутадилар ва уларни Аллоҳни севгандек севадилар. Имон эгалари эса Аллоҳни қаттиқроқ севадилар. Зулм қилганлар (ширк келтирганлар) Аллоҳнинг азобини кўрган чоғларида барча куч-қувватнинг Аллоҳга оид эканлигини ва Аллоҳнинг азобининг шиддатли эканлигини бир билсалар эди” (Бақара сураси 165)

Илоҳнинг сифатларини ўрганиш орқали "Ла илаҳа иллаллоҳ” даъватининг мазмуни ҳам ўз-ўзидан ўртага чиқади. Маълумки араб тилида "Ла” (узатилиб айтилганда) калимаси инкорни билдиради. "Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш эса аввало"Аллоҳдан бошқа илоҳларни инкор қилиш” маъносини билдиради. Исломнинг асосий қоидаси ҳам мана шу шаклда ўртага чиқади: аввал сохта илоҳларни (бут-санамларни) инкор қилиш, сўнгра ҳақиқий ва ягона илоҳ Аллоҳга имонни қабул қилиш. Исломда имоннинг асоси мана бу инкор-қабул зиддиятидир. Юқорида бундай зиддиятнинг мисолини мусбат ва манфийнинг ўзаро зиддияти сифатида таъриф қилган эдик:

"Ким тоғутни (сохта илоҳ-қонун қўядиганни) инкор қилиб, Аллоҳга имон келтирса, у асло узилмайдиган (эътиқодий) ипга боғланган бўлади” (Бақара сураси 256)
Бу ва бунга ўхшаш бошқа ояти карималарда Аллоҳ таолога имон келтиришнинг шарти тоғутни (сохта илоҳларни) инкор қилиш эканлиги очиқ шаклда билдирилгандир.
Демак, Ислом динининг асоси бўлган "”Ла илаҳа иллаллоҳ” эътиқодига эргашган киши ўзи яшаб турган жамиятда Аллоҳ таолодан бошқа бутун муқаддас ҳисобланадиган нарса ва кучларни, олий даражада севиладиган ва қўрқиладиган нарса ва инсонларни, дуо, таваккул, ибодат ва сўзсиз итоат қилинадиган куч манбаларини (ҳокимият шаклларини) инкор қилган ҳисобланади. Натижада бундай соф эътиқод эгаси бўлган мўминлар ва сохта илоҳларга эътиқод қиладиган мушриклар орасида муросасиз зиддият ва кураш бошланади. Энг муҳими мўминлар ва мушриклар орасидаги бу курашнинг нафақат эътиқодий бўлиши, балки ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг бутун соҳаларини ўз ичига олишидадир. Яъни, "Ла илаҳа иллаллоҳ” эътиқоди инсон қалбидаги муқаддаслик туйғуларини, унинг севги ва қўрқусини тафтиш қилгани каби, инсон дуо ва таваккул, ибодат қиладиган илоҳий манбани ва ниҳоят инсон сўзсиз итоат қиладиган сиёсий иродани ҳам ларзага солади. Қисқача айтганда "Ла илаҳа иллаллоҳ” Исломнинг асоси сифатида ундан бошқа бутун динларга, ғояларга, фалсафаларга асосланган барча жоҳилият жамиятларини таг-томири билан рад қилади. Мусулмонлар жоҳилият жамиятларини мана шундай таг-томири билан рад қилиб, бутун борлиғи билан фақатгина Аллоҳ таолога имон келтирган ва Унинг қонун-ҳукмларига таслим бўлган кишилардир.

Ислом жоҳилият тузумининг бир фирқаси (партияси) эмасдир

Юқорида айтилганлардан Ислом динининг еру осмонлар ва улар орасидаги барча жонзотларнинг, шу жумладан инсонларнинг ҳам табиий (фитрий) ҳаёт низоми эканлигини ўргандик. Балиқ ўз фитратини денгизда қўригани каби, инсон ҳам ўз табиийлигини (фитратини) Исломда қўрий олади. Ислом низомидан узоқлашиш билан инсон фитрати бузила бошлайди. Масалан, Исломдан узоқлашиш билан инсон ақли, худди сувдан қуруқликга отилган балиқ каби "чириб” бошлайди. Ақлнинг бундай "чириши” натижасида масалан, инсон маст қилувчи ичимликларнинг ўз ҳаётига ва жамиятга зарарли эканлигини тушуна олмайди. Яна ўз фитратидан узоқлашган инсонда меҳр, муҳаббат, раҳм-шафқат каби қалбий сифатлар қолмайди ва бу шаклда бағритош инсонлар ўртага чиқадилар.

"Шундан кейин қалбларингиз қаттиқлашди ва тошдан ҳам қаттиқ бўлди. Ҳолбуки баъзи тошлардан анҳорлар отилиб чиқади, баъзилари ёрилиб, ундан сув чиқади, баъзи тошлар эса Аллоҳ қўрқусидан пастга қулайди. Ва Аллоҳ сиз қилаётган амалларни билгувчидир” (Бақара сураси 74)

Аллоҳ таоло инсонларни яратган ва уларга беқиёс даражада раҳм шафқат кўрсатгандир. Масалан, она раҳмида шакл ола бошлаган чақалоқ Аллоҳ таолонинг марҳамати билан уч парда билан ташқи таъсирдан қўрилгандир.
"Аллоҳ сизни бир нафсдан (Одам алайҳиссаломдан) яратди, сўнгра ундан жуфтини яратди ва сизларга чорва ҳайвонларидан саккиз жуфт туширди (яратди). У сизни оналарингиз қорнида уч зулмат (парда) ичида, бир яратишдан (шаклдан) бошқа яратишга (шаклга) ўтказиш билан аста-секин яратди. Мана шу Аллоҳ Роббингиздир. Барча мулк (ҳокимият) Уникидир. Ундан ўзга ибодатга сазовор Илоҳ йўқдир. Бас, (Аллоҳни қўйиб), қаёққа бурилиб кетаяпсизлар?” (Зумар сураси 6)
Ҳудди шундай илоҳий қўриш ижтимоий ҳаётда ҳам мавжуд бўлиб, бу ижтимоий "парда”га ислом низоми дейилади. Инсонлар бу илоҳий "парда” ҳудудида муаммосиз ҳаёт кечирадилар. Инсонларнинг муаммолари мана шу илоҳий "пардадан” (низомдан) ташқарига чиқишлари ёки бу низом ҳудудига ташқи унсурларни (ғоя ва қоидаларни) олиб киришга уринишлари билан бошланади. Шунинг учун Ислом низоми ўз ҳукмларидан бошқа қонун-қоидаларни ўзига сингдира олмайди. Яъни, Исломни танлаган киши (мўмин) Исломдан аввал амал қилган бутун ақидавий ва ижтимоий-сиёсий қонун-қоидаларни тарк қилиши керак бўлади.Демак, бир жамиятда Исломнинг ва мусулмонларнинг пайдо бўлиши, бу жамиятнинг бир-биридан фарқли ва бир-бирини инкор қиладиган икки фирқага айрилганини билдиради. Исломни танлаган кишининг жоҳилият тузумларидан ақидавий ва ижтимоий жиҳатдан ҳижрат қилишининг (айрилишининг) зарурияти Қуръони Каримнинг ушбу оятларида марҳамат қилингандир:

"Ва Роббингнинг исмини зикр эт ва Унга ибодат билан машғул бўл. У машриқу мағрибнинг Роббидир. Ундан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқдир ва Уни вакил тут. (Мушрикларнинг) сенга айтадиган (ҳақорат ва туҳматларига) сабр қил ва уларни энг чиройли шаклда тарк эт” (Музаммил сураси 8-10)

Бу шаклда "чиройли тарк” қилиш натижасида жамиятда бир-биридан тамоман фарқли бўлган икки фирқа-Ҳақ ва ботил фирқалари ўртага чиқади.

"Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни (яҳудийларни) дўст тутганларни (мунофиқларни) кўрмадингизми? Улар (мунофиқлар) сизлардан ҳам улардан (яҳудийлардан) ҳам эмаслар. Улар билиб туриб, ёлғондан қасам ичадилар…Шайтон (ҳийласи) уларни эгаллаб олган ва уларга Аллоҳни зикр қилишни унутдирган. Улар шайтоннинг фирқасидир. Огоҳ бўлингизким, шайтоннинг фирқаси мағлуб бўладиган (фирқа)дир” (Мужодала сураси 14, 19)

"Аллоҳ Мен ва расулларим ғалаба қилурмиз, дея ҳукм қилган. Албатта, Аллоҳ қувватли ва ғолибдир. Аллоҳ ва охират кунига имон келтирган қавмнинг (мўминларнинг) Аллоҳ ва Расулининг душманлари билан дўст бўлишини кўрмайсиз. Ҳатто у душманлар ўз оталари, болалари, ака-укалари ва қариндош-уруғлари бўлса ҳам. Аллоҳ бу мўминларнинг қалбларида имонни собит қилган ва уларни Ўз ҳузуридан бир руҳ билан қўллаб қувватлагандир. Ва уларни остларидан сув оқиб турадиган жаннатларга киритади. Унда абадий қоладилар. Аллоҳ улардан рози бўлган ва улар ҳам Аллоҳдан рози бўлганлар. Ана ўшалар Аллоҳнинг фирқасидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг фирқаси ғолиб келгувчидир” (Мужодала сураси 21-22)

Бу ояти карималарда марҳамат қилингани каби инсонлар асосан икки фирқага айриладилар: Ҳақ фирқаси ва ботил фирқаси…
Шунинг учун Ислом жоҳилият фирқаларидан бир фирқа ҳисобланмайди. Чунки Ислом жоҳилиятнинг бирор ҳукмини ўз "пардаси” ичига сиғдира олмайди. Акс ҳолда Ислом ўзининг моҳиятини йўқотади. Демак, Ислом коммунизм, фашизм, либерализм, демократия каби жоҳилият тузумларининг бир парчаси ҳисобланмаслиги керак. Мусулмонлар ҳам бу жоҳилият тузумларда ўз фирқаларини тузиб, бу жоҳилият тузумларининг қонунларига кўра сиёсий курашда қатнаша олмайдилар. Макка мушриклари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаламга Ислом давъатидан воз кечиш эвазига Маккада қирол бўлишни, шаҳарнинг бутун бойликларининг унинг ихтиёрига берилишини ва шаҳарнинг ўнг гўзал аёлларига уйланишни таклиф қилган эдилар. Аммо Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассалам мушрикларнинг бу таклифига "Ўнг қўлимга қуёшни, чап қўлимга ойни берсангизлар ҳам мен Ислом даъватидан воз кечмайман”, дея жавоб бергандилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаламнинг мушрикларга берган бу жавобларидан шу нарса маълум бўладики, Ислом ва мусулмонларнинг аввалги вазифаси жоҳилият тузумларида сиёсий ҳокимиятни қўлга киритиш эмас, аксинча жоҳилият тузумини таг-томири (бутлари, идеологияси, ижтимиоий-сиёсий қонунлари) билан рад қилиб, унинг ўрнига Исломнинг қонун ва қоидаларини устун қилишга ҳаракат қилишдан иборатдир.

Ислом даъвати: ақидавий (идеологик) ва ижтимоий-сиёсий курашдир

Демак Ислом аввало инсонларни "Ла илаҳа иллаллоҳ”да ўз ифодасини топган ҳаёт тарзига (динга) даъват билан қилиш бошланади. Бу бутун пайғамбарлар амалга оширган муқаддас вазифадир. "Ла илаҳа иллаллоҳ”нинг эълони мушриклар учун бутларидан ва ширкларидан воз кечишни билдиради. Нуҳ алайҳиссалом мушрикларни "Ла илаҳа иллаллоҳ”га давъат қилганда улар шундай жавоб берган эдилар:
"Ва улар (мушриклар) асло илоҳларингизни тарк қилманглар ва Ваддни ҳам, Суъвани ҳам, Яғусни ҳам, Яаъуқни ҳам тарк қилманглар, дедилар” (Нуҳ сураси 23)
Вадд, Суъва, Яғусни, Яаъуқ Нуҳ алайҳиссалом замонида мушриклар ибодат қиладиган бутларнинг исмлари эди…

Бир инсон Исломни қабул қилиб, ўзи ибодат қиладиган бутларини тарк қилиши билан аввало унинг қалбида уни бутига боғлаган севги, қўрқув, бутни эъзозлаш каби эътиқодий боғлар узилади. Натижада бу инсон ўзининг фитратига (табиатига) қайтади ва Аллоҳ таолога соф бир илоҳий муҳаббат ва эътиқод билан боғланади. Бу шаклда мусулмон киши жоҳилиятнинг бутун ижтимоий-сиёсий қонунларини ҳам ўз-ўзидан тарк қилади. Демак, "Ла илаҳа иллаллоҳ” даъвати ақидавий даъват бўлгани каби ижтимоий сиёсий даъват ҳамдир. Бу давъатнинг маъносини билмайдиганларнинг мусулмонларни сиёсий кўрликда ва ҳаракатсизликда айблашлари аслида уларнинг ўзларининг жоҳил инсонлар эканлигига далил бўлади. Чунки Ислом даъватига эргашган киши бутларга ибодатни тарк қилгани каби, имонининг тараққиёт қилиши билан жоҳилиятнинг ижтимоий-сиёсий қонунларини ҳам тарк қила боради. Бу масалада баҳсталаб бўлган мавзу Исломнинг жоҳилият қонунларига кўра тараққий қила олиши ёки олмаслиги масаласидир. Яъни, Ислом тарафдорлари жоҳилият тузумларидан бирида (коммунизм, фашизм, диктатура, ғарб демократияси ва ҳк) бу тузумларнинг қонунларига кўра сиёсий курашда иштирок этса бўлмайдими, деган масаладир? Бу саволнинг жавобига ўтишдан олдин, "Ла илаҳа иллаллоҳ” даъватининг бу тузумларга таъсирини ўрганишимиз керак бўлади. Коммунизмнинг бутлари унинг асосчилари бўлган Маркс, Энгельс, Ленин каби даҳрий "даҳолар” ва уларнинг ғоялари эди. Мусулмон киши Аллоҳ таолони ягона илоҳ деб билгани учун бу сохта илоҳларнинг ғояларини ҳам уларнинг бут-ҳайкалларига ибодат қилишни ҳам ошкора рад этади. Бу билан мусулмонлар ўзларининг даҳрий коммунистлардан эмасликларини эълон қилган бўладилар. Энди ўзининг коммунистлардан эмаслигини эълон қилган мусулмонлар қандай қилиб коммунистларнинг қонунларига кўра ўз мақсадларига эришишлари мумкин? Худди шу хулосани, мусулмонларнинг фашист ва диктаторлик режимларидаги мужодалалари учун ҳам айтиш мумкиндир. Мусулмонлар бу режимларнинг ғояларини ҳам, ижтимоий-сиёсий қонунларини ҳам рад қиладилар. Бир кишининг ўзи рад қилиб турган қонун-қоидаларга амал қилишини тушуниш ва ҳатто бунинг тўғри эканлигини айтиш мантиқсизликдан бошқа нарса эмасдир. Бу мисолларнинг хулосаси шундан иборатдир: "Ла илаҳа иллаллоҳ” даъвати мусулмонлар учун ақидавий мужодала бўлгани каби, ижтимоий-сиёсий мужодала ҳамдир. Бу даъватнинг жамиятда тараққий қилиши ва унга эргашганлар сонининг ортиб бориши билан жоҳилият тузумларининг асослари ҳам ўз-ўзидан моҳиятини йўқотади…
Ислом ва юқорида мисол сифатида келтирилган тузумлар орасидаги фарқни тушуниш Ислом ва ғарб дунёсида ўрин олган демократик режимларнинг орасидаги фарқни тушунишдан осонроқдир. Чунки коммунизм, фашизм, диктаторлик режимларининг Илоҳлари-бутларини бу режимларга кўнгил берган ва бу орқали қалб кўзлари кўр бўлганлардан бошқалар, дарров таниб оладилар. Аммо ғарб дунёсида ўрин олган демократик режимларнинг Илоҳлари-бутлари оддий кўз билан кўринмайдиган яширин бутлардир. Демократия халқнинг ҳокимиятидир. Яъни демократик режимда халқнинг иродаси олий иродадир ва шунинг учун ҳам бут-тоғутдир. Аммо демократларнинг ўзлари эътироф қилгани каби халқнинг бевосита ва давомли ўлароқ (ҳар куни) ўз иродасини ўртага қўйишининг имкони бўлмайди. Шунинг учун ҳам фақат демократиянинг билвосита (тамсилий) шаклигина ҳаётга тадбиқ қилиниши мумкин. Яъни, халқ ўз иродасини вақти вақти билан ўтказиладиган сайловлардагина ўртага қўя олади. Бу биринчидан, демократиянинг утопия (амалга ошириб бўлмайдиган) бир назариядан иборат эканлигининг исботидир. Иккинчидан, тамсилий демократияда халқнинг ҳокимияти уни тамсил қиладиган вакилларнинг (партияларнинг) иродасига омонат сифатида берилади. Бу эса имонга асосланмаган жамиятда кундалик турмушдан бош кўтара олмайдиган халқнинг ўз иродасини сиёсий қароқчиларнинг ихтиёрига беришини билдиради. Бу сиёсий қароқчиларнинг Илоҳлари-бутлари эса уларнинг ҳавойи нафслари (моддий ва сиёсий манфаатлари)дан иборатдир.
Демак, демократиянинг Илоҳлари-бутлари олий ҳокимият эгаси бўлишга даъвагор бўлган халқнинг иродаси ва халқни тамсил қилишни иддоа қиладиган сиёсий қароқчиларнинг ва уларни қўллаб қувватлайдиганларнинг ҳавойи нафсларидир…

"(Эй Муҳаммад) Сиз ҳавойи нафсини ўзига Илоҳ қилиб олганларни кўрмадингизми? Энди уларга сиз вакил бўласизми?” (Фурқон сураси 43)

"Айтинг: ҳавойи нафсини ўзига Илоҳ қилиб олган ва (бу туфайли) билгани ҳолда Аллоҳ уни залолатга солган, қулоғига ҳамда қалбига муҳр урган ва кўзига парда тортган кишини яна Аллоҳдан бошқа ким ҳидоят қила олади? Эсламайсизларми?” (Жосия сураси 23)

Баъзилар демократия халқ ўз ҳокимиятини ва иродасини ўртага қўядиган тузумдир, дейишлари мумкин. Шундай экан, мусулмонлар ҳам демократик тузумларда ўз фирқаларини тузиб, демократик қонунлар (сайловлар) йўли билан ўз ғоялари учун курашса бўлмайдими, дейишлари мумкин. Бундай дейдиганларга жавобимиз шудир: дунёда мусулмонларга келинглар, сизлар ҳам бизнинг сайловларимизда қатнашинглар, агар сайловларда сизлар ғолиб келсангизлар, жамият Исломий бўлади, Қуръон ва Суннатнинг ҳукмлари жорий қилина бошлайди, дейдиган тузум инсоният тарихида ҳеч мавжуд бўлганми? Бугун бундай эркин жамият дунёнинг қайси бурчагида бор? Қаерда мусулмонларга ўз жамиятларини қуриш учун тўла тўкис эркинликлар берилган? Мусулмонларнинг Жазоирда, Мароккада, Покистонда, Туркияда, Индонезияда, Мисирда, Фаластинда ва бошқа мамлакатлардаги демократик тажрибаларининг натижалари ҳаммага маълум:
Мусулмонлар бу тажрибаларда алданган ва хўрланган тараф бўлдилар, баъзи жойларда улар қатлиом қилинди, бу ҳам етмагандай уларга террорчи тамғаси босилди…
Хуллас, демократиянинг мусулмонларга таклифи юқорида мисол келтирилган тузумларнинг таклифдан фарқли эмасдир: сиз бизга мослашинг, бизнинг сиёсий ўйинларимизда иштирок этинг, аммо бизнинг тузумимиз ўрнига ўзингизнинг тузумингизни олиб келишни хаёлингизга ҳам келтирманг. Акс ҳолда биз сизларни радикал ва террорист, дея эълон қиламиз…
Ислом мужодаласининг хусусиятларидан бири жоҳилият инсонларининг Ислом даъватига нисбатан ўжарликлари ва жуда озчиликнинг Аллоҳ таолонинг Ҳақ йўлига эргашишларидир. Нуҳ алайҳиссалом 950 йил инсонларни Ҳақ динга даъват қилган ва унинг давъатини фақатгина 80 га яқин киши қабул қилганди. Ривоятларда айтилишича баъзи пайғамбарларнинг даъватига ҳеч ким эргашмаган ва улар охират куни умматсиз ҳолда хашр майдонига чиқадилар. Баъзи ҳолларда эса жоҳилият диктаторлари имон йўлидан юришни истаган кишиларни аёвсиз қирғин қилганлар. (Мисол сифатида Буруж сурасининг тафсирига қаранг). Бундай ваҳшийликлардан Аллоҳ таолонинг баъзи пайғамбарлари ҳам қутула олмаган ва золимлар уларни ҳам қатл қилишган. Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаламнинг даъватларининг бошларида Ёсир оиласига қилинган зулм ҳам Ислом тарихида машҳурдир. Золим мушриклар Исломни қабул қилган Ёсир ва унинг аёли Сумаяни шаҳид қилишади ва уларнинг ўғли Амморга даҳшатли исканжа ўтказадилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалам ҳам бу даҳшатли манзара қаршисида чорасиз қолган ва Ёсир оиласига жаннатни муждалаш билан кифояланган эдилар.
Демак, Исломнинг мужодала йўли баъзилар ўйлагандек силлиқ ва машаққатсиз бўлмайди. Бундан хабари бўлмаган баъзи биродарларимиз яра устига туз сепмоқдалар ва мусулмонларни мужодаладан қочишда айблаб, уларнинг устидан кулмоқдалар. Чунки улар кураш деганда ўзларининг демократик ўйинларини тушунадилар. Улардан бири ўзининг намоз ўқишини аммо рўза тутмаслигини, соқол қўймаслигини фахр билан ҳаммага эълон қилиб, мусулмонларга таъна тошини отмоқда. Тўғри биз мусулмонларнинг ҳақиқатан ҳам имон ва динимиз учун кураш масаласида камчиликларимиз бор. Аммо бу баъзиларга бизнинг устимиздан кулиш, рўза каби фарз, соқол қўйиш каби суннат амалларни рад қилиш ҳаққини бермайди. Шуни унутмаслик керакки зулм инсонга кўз очтирмайдиган бўлса, Исломга кирган кишининг аввалги вазифаси жамиятни ўзгартириш эмас, ўзининг имонини қутқаришдан иборат бўлади. Ҳозирги кунда ғарб дунёсига ҳижрат қилган мўмин-мусулмон бироларларимиз ҳам ўз имонларини қўриш билан бирга баҳоли қудрат ўзлари яшаётган жамиятларда Аллоҳ таолонинг динини тараққий қилдириш учун ҳаракат қилишмоқда. Чунки маълум бўлгани каби исломий мужодала бир қавмга оид инсонлар орасида ёки маълум бир давлатнинг ҳудудидагина олиб борилмайди. Имонли кишиларнинг мисоли фойдали ва лаззатли мева берадиган дарахтнинг уруғига ўхшайди. Аллоҳ таолонинг иродаси бу имон уруғининг қаерда ўсишини истаса, ўша ердан имон дарахти ўз мевасини беради…
Энди ўзларини ҳам мусулмон ҳам демократ ҳисоблаб, ҳақиқий мусулмонларга тош отаётган, уларнинг тутган рўзаси ва шакли шамойили устидан кулаётган биродарларимизга келадиган бўлсак, уларга сизга салом бўлсин, дейишдан бошқа чорамиз йўқдир:
"Раҳмоннинг бандалари ер юзида тавозеъ билан юрадиган ва жоҳиллар уларга (ҳақорат балан) хитоб қилганда, уларга "салом” дейдиганлардир” (Фурқон сураси 63)
Бу демократлар орасида мусулмонларга ёрдам бериш учун халқора ташкилотларга мурожаат қилиб, улардан умид кутиб турганларга келадиган бўлсак, иншаллоҳ уларнинг нияти амалга ошар. Саҳиҳ ҳадисда айтилгани каби агар Аллоҳ таоло истаса динини фожир (золим ва ёмон ахлоқли) киши билан ҳам кучайтиради. Шубҳасиз Аллоҳ таоло бунга қодирдир. Аммо бу имон учун курашда истисно ҳоллари бўлиб, Аллоҳ таолонинг иродаси Ҳақ йўлда собит туришни тақоза қилади. Шу билан бирга ғарб давлатларидаги жоҳилият тузумларида ўзининг имоний шахсиятини қўриш ўрнига бу тузумнинг ваҳший одатларига мослашишга ва бу билан кифояланмай бу замонавий жоҳилият тузумларини мақтаётганларга келадиган бўлсак, биз уларни ҳам аввало Исломнинг соф ва содда ҳаёт тарзига қайтишга давъат қиламиз. Чунки Исломнинг саодатли ҳаёт низомига қайтмай ғарб жоҳилиятига умрини бағишлайдиганлар бу дунё саодатидан маҳрум бўлганлари каби охиратда ҳам хусронда қоладилар. Улар ўз умрларини йўққа чиқарганлари каби ғарб дунёсида туғилиб ўсадиган фарзандларининг ҳам бу дунё ва охират саодатидан бенасиб бўлишларига сабаб бўлишлари мумкин. Чунки сўнгги ярим асрда миллионлаб мусулмонлар турли сабаблар билан ғарб давлатларига кўчиб кетишга мажбур бўлдилар. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки уларнинг жуда озчилиги имонларида собит турадиган ва динларига вафо аҳлидирлар. Ота-оналари аҳли дин бўлишларига қарамасдан ғарбда туғилган мусулмонларнинг фарзандларининг шахсият муаммоси борлиги бугун кун каби ошкордир. Улар аввало ўз она тилларини эплаб гапира олмайдилар, ота-оналари ўқийдиган китобларни ўқий олмайдилар, миллий урф одатларни яхши ўзлаштира олмайдилар. Энди динида сабот кўрсатадиган мусулмонларнинг фарзандлари шу ҳолда бўлгандан кейин Исломни унутиб, ғарбнинг замонавий жоҳилият тузумига ошно бўлганларнинг фарзандлари ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Бундай оилаларнинг фарзандлари ота-оналари тириклигидаёқ шайтонсифат шахсият эгаси бўладилар. Улар ўз тилларини унутишади, мусулмонликдан, ҳалол-ҳаромдан умуман хабари бўлмайди. (булар орасида ҳам истисно сифатида жуда катта қийинчликлар билан Ҳақ йўлни топганлар ҳам бўлиши мумкин албатта). Бу шаклда миллий ва диний қадриятларини йўқотганларнинг оқибати вой бўлишини айтиб ўтирмасак ҳам бўлади. Улар балки бу дунё ҳаётида у ёки бу даражада моддий муваффақиятларни қўлга киритишлари мумкин. Аммо агар Аллоҳ ҳидоят насиб қилмай, бу дунёдан куфр билан ўтиб кетадиган бўлсалар, охиратда ўзларини ғарбнинг жоҳилият батқоғига ботирган ота-оналарининг ёқаларидан олишлари шубҳасиздир. Бундай аҳли жаҳаннамларнинг қиёматдаги аҳволи қуйидаги оятларда ифодаланган манзарага ўхшаб қолиши мумкин. (Аллоҳ таоло қўрисин):

"Албатта, Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва уларга дўзахни тайёрлаб қўйди. Улар унда абадий қолурлар ва улар учун на бир дўст на да бир ёрдамчи топилмайди. Юзлари олов ичида айлантирилаётган кунда улар:”Вой шўримиз қурсин! Кошки Аллоҳга итоат қилсак эдик, Расулига итоат қилсак эдик”, дерлар. Ва: Эй Роббимиз! Албатта биз бошлиқларимизга ва раҳбарларимизга итоат қилдик. Бас, улар бизни йўлдан оздирдилар, дерлар . Эй Роббимиз ( бизни йўлдан оздирганликлари учун) уларни икки марта кўп азобла ва уларни икки марта кўп лаънатла”, дерлар” (Аҳзоб сураси 64-68)

Исломий мужодаладан баҳс юритар экан, бутун замонларда мусулмонлар орасида учраб турадиган тақия ва мукраҳ ҳолатидан қисқа маълумот бериб ўтиш фойдадан холи эмасдир. Тақия зулмга дучор бўлганда мусулмонларнинг ўз шахсиятларини вақтинчалик ва қисман яширишларидир. Масалан, тўсатдан ғайридинларнинг орасига тушиб қолган ва уларнинг зулмига бардош бераолмаган мусулмоннинг тақия қилишларига (ғайридинларга ўта мулойим муносабатда бўлиб улар билан дўстона муомалада бўлишга) динимиз рухсат беради:

"Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар. Сизлардан ким бундай қиладиган бўлса, бас, унга Аллоҳдан ҳеч нарса (ёрдам ва марҳамат) йўқдир. Магар улардан сақланиш учун. (Уларнинг зулмидан сақланиш учун уларга дўстона муносабат қилишингизда сизга зарар йўқдир) Аллоҳ сизларни ўз азобидан огоҳлантиради (Оли имрон сураси 28)

Мукраҳ ҳам тақия ҳолатига ўхшаш бўлиб, ғайридинларнинг зулми остида ҳаёти таҳликада қолган мусулмон кишининг динидан зоҳиран (сўздагина) воз кечганлигини айтишини ва бу орқали ҳаётини сақлаб қолишини билдиради. (Наҳл сурасининг 106 ояти ва унинг тафсирига қаранг)

Фақат шуни унутмаслик керакки, тақия қилиш ва мукраҳ ҳолатида бўлиш исломий мужодалада қоида эмас, истисно ҳолларидир ва бу ҳоллар фақатгина шахсларга ўз ҳаётларини сақлаб қолиш учун берилади. Аммо замонамизда ўзларини исломий фирқа дея атаётган баъзи гуруҳларнинг замонавий жоҳилият тузумларининг барча қонун-қоилаларини қабул қилишлари, ўзларини биз ҳам дунёвийлик (секуляр жамият) тарафдори, деб аташлари ва ҳатто замонавий бутларга таъзим эҳтиромда бўлишлари асло тақия ва мукрах ҳолати билан изоҳланмаслиги керак.
http://yangidunyo.com/?p=14977#more-14977

Категория: ИСЛОМ ВА МУСУЛМОНЛАР | Просмотров: 1675 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2024
ҚИДИРИШ

Бесплатный хостинг uCoz