Покистон шимоли-ғарбида учувчисиз бошқариладиган учоқдан уюштирилган ракета ҳужумларида камида 12 киши ўлдирилган.
Уларнинг орасида ўзбек жангарилари ҳам борлиги хабар қилинган.
Илк ракета ҳужуми шанба куни тонгда Шимолий Вазиристоннинг Датта Хел шаҳрига уюштирилган.
Шоҳидларнинг Би-би-сига айтишларича, Толибон жангарилари фойдаланган ҳовлига учта ракета келиб тушган.
Маҳаллий мулозимларга кўра, ҳовли буткул вайрон бўлган.
Ҳужум ортидан жангарилар жасадлар ва яраланганларни олиб кетишган.
Орадан бир неча соат ўтиб, учувчисиз учоқ яна ўша ҳовлини иккита ракета билан нишонга олган.
Қавм аҳолисининг айтишича, ҳужум маҳали жангарилар сатҳни текшираётган бўлишган.
Мулозимларга кўра, ўлдирилган жангарилар маҳаллий қўмондонлардан Ҳафиз Гул Баҳодурнинг гуруҳидан бўлишган.
Ҳафиз Гул Баҳодур Толибоннинг нуфузли қўмондонларидан бири.
У минтақада фаолият олиб бораётган «Ал-Қоида» жангариларига бошпана бериб келган.
Маҳаллий аҳолига кўра, Датта Хел шаҳрида араб ва ўзбек ал-қоидачи
жангарилари томонидан юритилувчи катта сондаги жамлоқлар жойлашган.
Ўзбек жангарилари Покистондан паноҳ топган Ўзбекистон Исломий
ҳаракатининг жангариларими, деган саволга пешоварлик журналист
Раҳимуллоҳ Юсуфзай, аниқ эмас, дея жавоб қайтаради.
«Биз Покистон хавфсизлик, жосуслик хизматларидан икки хил ахборот
олдик. Бир хабарда айтилишича, бир ҳовлига тўрт ракета отилган. Ўшанда
олти киши ҳалок бўлган ва уларнинг ҳаммалари афғонистонлик ўзбеклар
бўлганлар. Жосуслик хизматларининг иккинчи бир хабарида ўлганларнинг
ҳаммаси Афғон Толибонининг Афғон тармоғи аъзолари, дейилади. Хуллас,
биз ҳалигача бир-бирига зид бўлган хабарларни олаяпмиз», дейди
покистонлик журналист.
Датта Хел Афғонистон чегарасига яқин Шимолий Вазиристоннинг етиб бориш узоқ бўлган тоғли ҳудуди ҳисобланади.
Покистон қўшинларининг у ерда бир истеҳкоми бор, ҳамда чегарада айрим чегара нуқталари барпо этилган.
Бу жойларда Покистон ҳукумати, Покистон армияси билан тинчлик
битимини имзолаган ва ҳозир жанг қилмаётган жангарилар ҳам истиқомат
қиладилар.
Шимолий Вазиристоннинг бу жойларида Афғон Толибони жангарилари ҳам бор, деб кўрилади.
Мироншоҳ шаҳри, Датта Хел атрофларида айрим араб ва ўзбек
жангариларининг борлиги айтилади, аммо улар катта ҳудудларга сочилиб
кетганлар.
Охирги 29 кун мобайнида Покистон ҳудудига учувчисиз бошқариладиган учоқлардан 25 марта ҳужум уюштирилган.
Оқибатда тинч фуқаролар, жангарилардан 150 киши ҳалок бўлган.
Датта Хелдаги охирги ҳужум НАТО билан Покистон ўртасида НАТОнинг
Афғонистон ҳудудидан чегара ошиб ўтиб ҳужум уюштириши ва бунинг
оқибатида уч Покистон ҳарбийси ҳалок бўлгани юзасидан келишмовчилик
пайдо бўлган пайтга тўғри келган.
Бунга жавобан Покистон ўзининг ҳудудидан Афғонистонга олиб ўтиладиган НАТО таъминотини тўхтатиб қўйган.
Афғонистондаги Толибон жангариларининг изига тушган НАТО тикучари
Покистон ҳудудига ўтиб ўт очиши оқибатида Покистон армияси ҳарбийлари
ўлдирилган.
Рўй берган ҳодиса туфайли НАТО таассуф изҳор этган, аммо бу Покистонда кўпчиликни ғазаблантирган.
Покистон тўла кечирим сўрашни ҳамда ўзининг ҳудудида НАТО ҳужумларини тўхтатишни талаб қилган.