Марказий Осиëдаги беқарорлашув Медведевни Каримовга сим қоқишга ундади Кремл матбуот хизматининг Озодликка билдиришича¸ 30 сенябр кунги телефон суҳбати Медведев сўровига мувофиқ бўлиб ўтган. 01.10.2010 Замира Шукур Кремл
матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра¸ 30 сентябр куни Россия
президенти Дмитрий Медведев ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримов билан
орқали телефон орқали боғланиб¸ икки томонлама ҳамкорлик¸ шунингдек
Марказий Осиëдаги вазиятни муҳокама қилган. Кремл
матбуот хизмати вакилининг Озодликка билдиришича¸ 30 сенябр куни
Дмитрий Медведев ташаббуси билан бўлиб ўтган телефон суҳбатида иккала
президент ўзаро алоқаларнинг жорий масалалари¸ шунингдек Марказий
Осиëдаги вазиятни муҳокама қилган.
Кремл интернет сайтидан жой
олган бу хабар тафсилотларини билиш мақсадида боғланганимиз Россия
президенти матбуот хизмати маъсулларидан бири Алексей Павлов¸ пайшанба
кунги суҳбатда иккала президентнинг минтақадаги айнан қайси муаммоларни
муҳокама қилганларини очиқлашни истамади.
- Марказий Осиëда бугун
энг долзарб бўлиб турган муаммонинг айнан нималиги кундек равшан ва
буни сиз журналистлар яхши биласизлар¸ дея саволга очиқ жавоб беришдан
ўзини олиб қочди Кремл матбуот химзати вакили.
Журналист ва
кузатувчилар фаразича¸ Марказий Осиëдаги нисбий барқарорликнинг кун
сайин путурдан кетаëтгани¸ ўзаро муносабатлардаги совуқликка қарамай¸
Медведев ва Каримовни вазият юзасидан фикр алмашишга мажбурлаган.
-
Бугун ҳам Кремл¸ ҳам Тошкентни бирдек хавотирга солаëтган асосий муаммо
бу Марказий Осиëда кейинги ойлар ичи кучайиб кетган беқарорлашув
жараëнидир.
Бу эса¸ биринчи галда Қирғизистонда апрел ойидаги
давлат тўнтаришидан сўнг юзага чиққан ўта қалтис вазиятдир. 10 октябрга
белгиланган парламент сайловларининг вазиятни барқарорлаштиришга хизмат
қилмаслиги ҳозирданоқ кўриниб турибди.
Айни пайтда¸ Тожикистон
шарқидаги қуролли ҳаракатларга оид хабарлар¸ бу ерда ҳам иқтидордаги
ҳукуматни ағдариш уринишларининг куч йиғиб бораëтганидан дарак бермоқда.
Агар бу жараëнлар назоратга олинмаса¸ оқибатда ҳам Россия¸ ҳам
Ўзбекистон манфаатларига жиддий таҳдид туғилмай қолмайди¸ дейди
Лондондаги Халқаро муносабатлар бўйича Қироллик институти таҳлилчиси¸
профессор Юрий Фëдоров.
Гарчи ҳам Тожикистон¸ ҳам Қирғизистондаги
беқарорликнинг бутун минтақа¸ хусусан Ўзбекистонга ëйилиш эҳтимоли
Кремл¸ айниқса Оқсаройни ташвишга солаëтган бўлса-да¸ Россия ва
Ўзбекистон манфаатларидаги тавофут¸ вазиятни барқарорлаштириш учун
иккала давлатнинг биргаликда ҳаракат қилишини қийинлаштиради¸ деб давом
этади профессор Фëдоров.
- Минтақада Россия роли¸ хусусан Россия
ҳарбий ҳозирлигининг кучаюви Каримовни кўпдан чўчитмоқда ва бундай
хавотир асоссиз эмас. Шундай бўлса-да¸ мен ҳозирги қалтис вазият
Каримовни Россиянинг минтақадаги роли¸ хусусан Ўзбекистоннинг Коллектив
хавфсизлик шартномаси ташкилотига нисбатан муносабатига таҳрир киритиши
мумкин¸ деб ўйлайман. Назаримда¸ Қирғизистон ва Тожикистондаги
беқарорликнинг ўз ҳудудига кўчиши олдини олиш учун¸ Ўзбекистон КХШТ даги
позициясини ўзгартириши ва Москва томон яқинлашиши мумкин¸ дейди
профессор Фëдоров.
Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ
котиби¸ истеъфодаги генерал Мирослав Ниëзов фикрича¸ на Россия ва на
Ўзбекистонда Қирғизистондаги вазиятни барқарорлаштириш имкони деярли
йўқ.
- Россия ва Ўзбекистон раҳбарларининг Қирғизистондаги
вазиятни муҳокама қилгани¸ бу уларнинг Қирғизистондаги сиëсий
беқарорликнинг бутун минтақа хавфсизлигига таъсир кўрсатажагини
англаëтганлари ифодасидир. Бу жуда долзарб муаммо. Аммо улар
Қирғизистондаги вазиятни барқарорлаштириш учун нима қила олади¸ деган
саволга жавоб бериш қийин.
Бугун Қирғизистон дунëдаги тиланчи
давлатга айланди ва қашшоқлик домида қолаëтган бу мамлакатга бериладиган
ҳар қандай иқтисодий ëрдам ¸ агар ҳукумат томонидан тўғри сарфланса¸
ижтимоий кескинликни юмшатишга хизмат қилиши мумкин. Аммо бериладиган
ëрдам пулларининг ўз кабинетидан ташқарига кучи етмай қолган ҳозирги
қирғиз амалдорлари томонидан ўғирланмаслигини ҳеч ким кафолатлай
олмаслиги боис¸ ҳатто бундай ëрдам ҳам самарасиз бўлиши мумкин¸ дейди
Мирослав Ниëзов.
Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши собиқ котиби
фиркича¸ агар Россия ва Ўзбекистон минтақадаги умум барқарорликни сақлаб
қола олса ва Тожикистондаги нотинчлик Қирғизистондаги сиëсий
бошбошдоқлик билан қўшилиб кетишига йўл бермаса¸ шунинг ўзиëқ Марказий
Осиëни катта таҳдидлардан омон сақлаши мумкин.
Акс ҳолда¸ Озодлик
суҳбатлашган иккала таҳлилчи фикрича¸ Қирғизистондаги ички сиëсий
курашнинг кескинлашуви оқибатида қирғиз давлатчилиги қулаши¸
Тожикистоннинг эса¸ Афғонистондан қочаëтган исломий жанггарилар учун
янги қўналғага айланиши натижасида нафақат Душанбе¸ балки Тошкент
режимига ҳам қуролли таҳдид кучайиши мумкин.
|