Uznews.net – Бугун Қозоғистон ҳибсхонасида қолаётган 29 нафар
ўзбек қочқинлари ҳимояси учун пикет ўтказишга уриниш, унинг
ташкилотчилари ва иштирокчилари орасидаги сиёсий заифлик ва тарқоқликни
намойиш қилди.
Шу йилнинг июнидан буён Олмаота ҳибсхонасида қолаётган 29 нафар
исломий қочқинлар ҳимоясига Стокгольмда ўтказилган бугунги пикет
иштирокчилари, ўзларининг Қозоғистондаги биродарлари тақдиридан кўра ўз
анонимликлари ғамини кўпроқ ейишаётгандай туюлишди.
Видеокамера кўтарган "Uznews.net” мухбири Қудрат Бобожоновни
кўришлари билан, унинг иштирокчилари пикетни тўхтатиб ўз шиорларини
машина юкхонасига жойлаб кетишга чоғланишди.
Журналистнинг озгина кутиш ва қувғиндаги имом Обид Қори Назаров
тарафдори бўлган пикетчилардан интервью олишга бўлган илтимосини улар,
"кичкина одамлар” эканликларини айтиб, рад этишди.
Улар шунингдек, видеокамера учун эмас радиога интервью беришни афзал билишларини айтишди.
«Улар менга пикет бўлиб ўтгани, унда 20 нафар шахс қатнашгани, барча
журналистларга интервьюлар бериб бўлинганини айтишди, – дейди
Бобожонов. – Бунинг ҳаммаси ғалати.»
Июн ойида Олмаота ички ишлар идораси томонидани ҳибсга олинган ва
Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши хавфи бўлган, Обид Қори Назаров тарафдори бўлган
Ўзбекистондаги 29 нафар шахс ҳимоясига пикетлар 30 ноябрдан 2 декабргача
ЕҲҲТга аъзо бир қатор давлатларда,
жумладан – Стокгольм, Вашингтон, Лондон, Копенгаген, Прага ва Киевда ўтказилиши мўлжалланганди.
Икки кун олдин Интернетда Олмаота тергов ҳибсхоналарида қолаётган 29
нафар ўзбек қочқин мусулмонларидан 14 тасининг, ватанларига экстрадиция
қилиниш ҳавфи туғилаётгани ҳақидаги мурожаати тарқалганди.
Улар ЕҲҲТнинг Остонада ўтаётган саммити иштирокчиларига мурожаат
қилиб вазиятга аралашишни ва Ўзбекистонга қайтарилишнинг олдини олишга
ёрдам сўрашганди.
«Биз учун ватанга қайтиш ҳозирги шароитда аниқ ўлимни англатади.
Мислсиз қийноқлар остида уларни уйдирилган ҳар қандай айбларга иқрор
бўлишга мажбур қилишади. Бундан бошқа ҳеч нарсада айби йўқ инсонлар ҳам
жабр тортишади, чунки уларни қийноқ остида бошқаларга қарши айбларни
ҳам тўнкашга мажбурлашади», – дея ёзишганди ўзбек қочқинлари ўз
мурожаатларида.
Uznews.net