Ўзбекистоннинг 'Борса-келмас'идан қайтган маҳбус ҳикояси
"Жаслиқ" нафақат
Ўзбекистон, балки бутун собиқ Шўролар Иттифоқида донғи чиққан
қамоқхоналардан биридир. Ушбу қамоқхона ўзбек ҳукуматининг ўзгача
фикрлиликка қарши тайзиқлари ўзининг энг қиёмига етган 90-йилларнинг
сўнггида, сиёсий ва диний маҳбуслар учун қурилган. "Жаслиқ" қамоқхонаси
барпо этилган олис Устюрт платоси Ўзбекистоннинг шимоли-шарқида
жойлашган. Минтақа иқлимининг кескинлигидан, ҳатто, "Борса-Келмас," деб
ҳам ном олган. Бу ерда ҳаво ҳарорати қиш ойларида -40, ёз ойларида эса
+45 гача етиши мумкин. Аммо қирчиллама совуқ ва жазирама иссиқ у ердаги
маҳбуслар дуч келаётган биргина қийинчиликлар эмас. Инсон ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш ташкилотлари ва собиқ маҳбуслар яна "Жаслиқ" қамоқхонасида
қийноқлар ҳам кенг қўлланишини даъво этишади. Қамоқхонадан чиқишга
муваффақ бўлган инсонларнинг ҳикояларидан ташқари, "Жаслиқ"даги вазият
борасида мустақил маълумотлар ниҳоятда кам. Ҳатто, Бирлашган
Миллатларнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи Тео ван Бовен ҳам
"Жаслиқ"даги шароитларни бевосита ўрганишга имконли бўлмаган. Собиқ
маҳбус Нодир(у ва оиласининг хавфсизлигини ўйлаб, исми ўзгартирилган)
бир йилдан ортиқ умрини "Жаслиқ" қамоқхонасида ўтказган. У Би-би-си
билан суҳбатида "Жаслиқ"даги ҳаётини мана бундай тасвирлайди:
"Мени ёз ойларининг бошларида "Жаслиқ”ққа ўтказишган.
Бошида борган пайтимизда уст-бошимизни ойлаб алмаштиришмаган.
Битта уст-бошда 5-6 ойлаб юрганмиз. Туз
бўлиб кетган, оқариб кетган кийимларимизда юрардик. Кийимларимизни ювиш
имконияти умуман бўлмаган.
Иссиқ эмасми, калтаклар зарбидан
кийимларимизга силқиб чиққан қон шу туришича қотиб қоларди. Қон бўлиб,
қотиб кетган кийимларимизни бир-бирига ишқалаб, уқалаб, қонини қоқиб
тушириб, яна шу туришича юраверардик.
Шунақа ҳолатлар кўпайиб кетганидан,
кейинчалик кийимларимизни ювиб олишга рухсат беришган, ўшанда ҳам фақат
ичкаридаги қуруқ сувнинг ўзида чайиб олганмиз, холос.
Кийимларимиз яна кундалик калтакларнинг
зарбидан йиртилиб кетарди. Жуда йиртилиб кетган маҳбусларникини
алмаштириб берарди, бўлмаса, ўша йиртиқ кийимда юраверардингиз.
Оёғингизнинг размерига қарамай, битта оёқ кийим берарди. Каттами, кичикми, босиб, янчиб, охиригача ўшанда юрганмиз.
Кийимларингиз шундай ҳидланиб, ҳаммаёқни
ҳиди босиб кетарди. Ўзи сизни уриб, шунақа қийнаб, ҳид бостириб ётган
бўлса ҳам, келиб, яна "Намунча сассиқсан!” деб, устингиздан куларди
ҳам.
Қиш пайтлари қалин фуфайкалар берарди,
бизнинг хонамиз зах бўлганидан, кечалари ҳам ечмасдан, ўша фуфайкаларда
ётардик. Ҳатто, фуфайкаларимиз ҳам захлаб, нам тортиб кетарди.
Қиш пайтлари калтакларнинг зарбидан
одамларнинг оёқлари, товонлари кўкариб, йиринглаб кетарди. Чунки қишда
яраларингиз қийинроқ битади-да.
Жароҳатингизга қўшилиб, баданларингиз ҳам йиринглаб кетарди. Бир-биримизнинг яраларимиздаги йирингларимизни тозалаб ўтирардик.
Ташқарига чиқиб, дўхтирга мурожаат қилишнинг
иложи йўқ. Дўхтирга мурожаат қилсангиз, айнан жароҳатингизга бир
нарсани босиб ёки дубинка билан уриб, қийнайди.
Мисол учун, ёшлари 50 дан ошган бир кишининг орқалари йиринглаб кетди.
Айнан умуртқа поғонанинг устига тушган
арматуранинг изи йиринглаган. Шундоқ умуртқанинг устида турибди.
Узунлиги тахминан 10 см, эни бир 2 смча бўлган жароҳат. Шундоқ катта жой
буткул йирингга тўлиб турибди, мадда бойлаб.
Йирингни чиқармасангиз, яра катталашиб
кетяпти. Чиқарса, қаттиқ оғриқ. Бақир-чақир. Чиқсам, барибир яна уради,
деб, у одамнинг дўхтирга чиқишга юраги ҳам бетламайди.
Биз ўзимиз ўша ярани ҳар хил латталар билан
тозалаб, тозалаб, ишонасизми, устига сигаретнинг кулини, ташқарида
қаттиқ шамол бўлганда, қумни олиб келиб, деразага урган пайтда ойнанинг
атрофидаги тешиклардан кирган майда тупроқни олиб сепардик ўша одамнинг
ярасини қуритсин деб.
Нарса тошиб, ўзимизнинг ҳам баданларимиз йиринглаб кетарди. Ҳеч қандай дори бермасди.
Солярка берарди, соляркани устимиздан қуйиб, соляркада чўмилардик, аммо солярка ҳам фойда бермасди. Қишми-ёзми фарқи йўқ эди.
Маҳбусларга чекиш учун берилган мохорканинг кулини тўплаб қўйиб, ярамизни қуритсин деб, ана ўшани устимиздан сепардик...
Хуллас, у кишини кейин олиб чиқиб кетишди, қайтиб кўрмадик. Вафот этдиларми, бошқа, билмадик"
|