Бирлашган Миллатларнинг
Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги идораси шу йил июнида Қирғизистон
жанубидаги этник зўравонликлар чоғида бошпанасиз қолганлар учун
вақтинчалик уй-жой қуриб бериш дастурини якунлагани ҳақида ҳисоб берган.
Халқаро ташкилот эълон қилган баёнотда
айтилишича, Ўш ва Жалол-Обод шаҳарларида жаъми 13.400 та жабрдийда учун
вақтинчалик турар-жой қуриб битказилган. Бу зўравонликлар чоғида ёниб
битган уйларнинг 80 фоизи демакдир.
Қолган 20 фоиз уйлар қурилишини Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ўз зиммасига олган.
Бирлашган Миллатларнинг ҳисоб-китобларига кўра,
зўравонликлар чоғида 2.000 та уй зарар кўрган, уларнинг 1690 таси буткул
ёниб кетган.
Биз Ўш ва Жалол-Ободдаги вақтинчалик
уйлар қурилиши ҳақида ҳозирда Истанбулда бўлган БМТ Қочкинлар бўйича
Олий комиссарлигининг Бишкекдаги ваколатхонаси раҳбари Фредерик
Шройдердан сўрадик:
Жавоб: Ўш ва Жалол-Ободда жаъми
1.670 та уй қуриб битказилди. Шундан 1.301 таси БМТ Қочкинлар
идорасининг ҳамкорлари томонидан қурилган. Булар вақтинчалик фавқулодда
ҳолат учун бошпана, аммо доимий катта уйлардир. Уларнинг аксарияти икки
хонали, аммо катта оилалар учун уч хонали уйлар ҳам қурилган. Ҳозирда
қурилиш ишлари ниҳоясига етказилган. Биз қурилиш материалларининг
ҳаммасини маҳаллий таъминотчилардан олдик. Бу борада баъзи муаммолар ҳам
бўлди, аммо ваъда қилганимиздек, уйларни қиш совуғи бошланмасидан
вақтида қуриб битказдик.
Би-би-си: Сизнингча, бу уйлар қишда жон сақлаш учун етарлими?
Жавоб: Мутлақо. Бу уйлар иссиқ, қалин девор орасига қурилган иситгичлар ёрдамида иситилади. Улар қишда жон сақлаш учун жуда ҳам яхши.
Би-би-си: Сиз вақтинчалик уйлар деяпсиз, кейинчалик бу уйларга нима бўлади, бузиб ташланадими?
Жавоб: Йўқ. Бирлашган
Миллатларнинг Қочқинлар идораси қабул қилган бошпана стратегияси икки
хил уй қурилишини назарда тутган эди. Биринчиси вақтинчалик ва иккинчиси
доимий. Расмийлар кўпроқ доимий уйлар қурилишини афзал кўришди. Улар,
таъбир жоиз бўлса, қайта қуриш учун бир тамал бўлиб хизмат қилади. Бу
уйлар жуда мустаҳкам қурилган ва узоқ муддат турадиган уйлардир. Баҳорга
чиқиб, катта миқёсдаги қайта қуриш ишлари бошланган пайт оилалар бу
уйларнинг ёнидан қўшимча уйлар солиб, кенгайтириш имконига эга
бўладилар.
Би-би-си: Аммо қирғиз расмийлари бу
уйлар вақтинчалик ва келажакда уларни бузиб ташлаб, ўрнида кўп қаватли
уйларни қурамиз, деб айтишаяпти. Бу, хусусан, ўзбек аҳолисини жиддий
хавотирга солиб қўйган. Сизнинг бу режалардан хабарингиз борми?
Жавоб: Бу нотўғри. Уларнинг
уйларига кўпқаватли турар-жой бинолари қурилмайди. Кўпқаватли уйлар
бошқа жойларда қурилади ва уларнинг қурилиши аллақачон бошланган. Бу
уйларни бузиб ташлаб, ўрнига кўпқаватли уйларни қуриш ҳақида қатъий бир
режа йўқ.
Би-би-си: Аммо бу уйларнинг режасини ким қилган? Сизлар қурилиш режасини шаҳар ҳокимияти билан мувофиқлаштирганмисиз?
Жавоб: Албатта. Биз буни
маҳаллий расмийлар, шаҳар ҳокимияти билан биргаликда амалга оширдик.
Ҳокимият бизга уйларнинг ўрнини тозалаш, қолдиқ ва чиқиндиларни олиб
чиқишга яқиндан ёрдам берди. Улар, ҳатто, бизга мактуб йўллаб, бу
уйларни қуришда ёрдам берганимиз учун расмий миннатдорчилик ҳам
билдиришди.
Би-би-си: Лекин одамлар Ўшнинг миллатчи
ҳокими Мирзакметов тасдиқлаган шаҳарни қайта қуриш режаси ҳақида
гапиришяпти ва азалдан яшаб келган маҳаллалари, уй-жойларидан
чиқарилишдан жиддий хавотирдалар...
Жавоб: Бу ҳақда жуда кўп
гап-сўзлар бор. Аммо Ўшни қайта қуриш режаси деган аниқ бир режа ишлаб
чиқилган эмас. Бу борада ишлар бор, аммо ҳали аниқ режа йўқ. Бу каби
режа, агар ишлаб чиқиладиган бўлса, у парламент тасдиғидан ўтиши керак
бўлади. Ундан кейин агар шаҳар одамларнинг хусусий кўчмас мулклари
ҳисобига қайтадан қуриладиган бўлса, ўз-ўзидан аҳолига товон тўлаш
масаласи келиб чиқади. Қирғизистон қонунчилиги бу борада жуда яхши.
Буларнинг ҳаммаси миш-миш, холос. Ҳозирда Ўшда битта йўл қурилиши режаси
мавжуд. Бу йўл қурилиши учун ер эгаларига товон пули таклиф этилган.
Аммо бу шаҳарга хос бир қурилиш режаси ва бу борада ҳамма ерда бўлгани
каби Қирғизистонда ҳам маҳаллий ва халқаро қонунлар ишлайди. Бу йўл
қурилиши биз қуриб берган 1.670 та уйга таҳдид эмас.
Би-би-си: Ўш ва Жалол-Ободда аксарият
ўзбекларнинг уйлари ёқиб юборилган. Сизлар биронта қирғиз оиласига ҳам
уй қуриб бердингизми?
Жавоб: Мутлақо. Баъзи вайрон
бўлган маҳаллаларда турли миллат вакиллари яшашган. Биз уй қуриб берган
оилалар орасида қирғизлар ҳам, месхет турклари ва бошқа кўпгина миллат
вакиллари ҳам бор. Ҳа, аксарият ёнган уйлар ўзбекларга тегишли бўлганини
тахмин қиламан. Аммо биз миллатига қараб ёрдам бермаймиз, бизнинг
ишимиз миллатидан қатъиназар инсонпарварлик ёрдами кўрсатишдан иборат.
Июн ойидаги миллий низолар чоғида юз
минглаб одамлар уйларини ташлаб чиқишган ва кейинроқ хароб бўлган
ҳовли-жойларига қайтган эдилар.
Уларнинг кўпчилиги шу пайтгача, яъни бир неча ой мобайнида халқаро ташкилотлар қуриб берган палаткаларда яшашган.
Ҳозирда БМТ Қочкинлар идораси
вақтинчалик уйларни қуриш режаси бажарилгани ҳақида айтаётган экан, биз
ҳақиқатда вазият қандай эканини билиш учун ўшлик инсон ҳуқуқлари фаоли
Равшан Гапиров билан боғландик.