Журналистлар Ўзбекистон телевидениесида иқтисодий жиноятлар ва цензурага чек қўйилишини талаб этишганди
Яқинда Ўзбекистон
телевидениесида иқтисодий жиноятлар ва цензурага чек қўйилишини талаб
қилиб пикет уюштирган "Ёшлар" каналининг икки журналисти Малоҳат
Эшонқулова ва Саодат Омонова ишдан ҳайдалган.
Уларнинг Би-би-си билан суҳбатларида
айтишларича, бугун Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг кенгайтирилган
ҳайъати мажлисида бу каби қарорга келинган.
Журналистлар ноқонуний пикет уюштириш,
Ўзбекистон телевидениеси раҳбариятига туҳмат қилиш ва ва ўзлари
ишлаётган ташкилот номига доғ туширишда айбланишган.
6 декабр кунги пикет қисқа муддат мобайнида
ўтказилган бўлса ҳам журналистлар ушбу чиқишни ўзларининг
муваффақиятлари сифатида кўришганди.
Икковлон август ойи охирларида Ўзбекистон Миллий
телерадиокомпаниясидаги цензура ва маҳаллийчилик ҳолатларини кескин
танқид қилиб чиқишганди.
Улар Тошкентдаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари
жамияти идорасида хорижий журналист ва дипломатлар учун матбуот
анжумани ўтказиб, телевидение раҳбарияти орасида давлат маблағларини
ноқонуний равишда ўзлаштириш ҳоллари кенг тарқалганини даъво ҳам
қилишганди.
Журналистлар мазкур ҳолатлар кўлами сўнгги пайтларда тобора кенгайиб бораётганини айтишганди.
Мазкур танқидлар ортидан Саодат Амонова у ва
ўзининг ҳамкасбига нисбатан "тазйиқ, таъқиб ва таҳдидлар" кучайганини
ҳам билдирганди.
Журналистлар телевидениедаги қонунбузарликлар
юзасидан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов номига йўллаган очиқ
номалари ҳозирга қадар жавобсиз қолаётганини айтиб келишаётганди.
Икковлон энди президент Ислом Каримов билан
учрашувни талаб этиб, Президентлик саройи қаршисида очлик эълон
қилишларини ҳам айтишмоқда.
Би-би-си билан суҳбатда улар сўнгги хабар тафсилотларини мана бундай изоҳлашди.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2010/12/101209_cy_uzbek_journalists.shtml