Ўш ҳуқуқ-тартибот органлари ўзбек аёллари ўғирланаётганини 'кўраётгани йўқ'
Ирода Зулунова оғир аҳволда шифохонада сақланмоқда
Қирғизистон жанубида сўнгги бир ой мобайнида камида тўрт ёш ўзбек аёли ўғирлаб кетилиб, жинсий зўрланган.
Ўшдан олинаётган хабарларга кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари бундай аёлларнинг яқинларига босим ўтказмоқдалар.
Қариндошларининг айтишича, 16 ёшли уч ойлик
келин Ирода Зулунова Ўшдаги ҳовлиси яқинида 9 декабр куни номаълум
шахслар томонидан ўғирлаб кетилган.
Ҳозирда Аравондаги шифохонада даволанаётган
Ирода икки эркак ва бир аёл томонидан номаълум жойда ушлаб турилгани ва
дўппосланганини айтган.
Шифокорлар унинг заҳарланганини айтишган ва
номусига тажовуз қилинган ёки қилинмаганини аниқлаш учун тиббий
экспертиза ўтказишни буюрганлар.
Ўшдан олинаётган хабарларга кўра, ҳуқуқ-тартибот
органлари Ирода Зулунованинг олиб қочиб кетилгани борасида яқинлари
мурожаат қилган аризани қайтиб олишни талаб қилмоқдалар, акс ҳолда
Ироданинг эрини қамаш билан таҳдид қилганлар.
Би-би-си аёлларнинг ўғирлаб кетилаётгани
ҳодисалари юзасидан Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси раҳбари Памирбек
Асанов билан суҳбатлашди.
Памирбек Асанов: Охирги 16 ёшли
келинчакнинг ўғирланиши ҳақида шуни айтмоқчиманки, бугун шахсан мен ва
Қирғизистон президентининг маслаҳатчиси Виктор Черноморец билан бу аёл
ётган Аравондаги касалхонага бордик. Шифокорлар билан суҳбатлашдик.
Аёлни касалхонага олиб келишган вақти гувоҳлар ўнгида текширув
ўтказишган. ШИфокорлар унга нисбатан жисмоний зўравонлик қўлланганини
рад этмоқдалар. Жинсий зўрланганини ҳам рад этмоқдалар.
Би-би-си: Жинсий зўравонлик ҳолати бўлмаганлигини қандай қилиб исботлашаяпти? Тўлиқ тиббий экспертиза ўтказилганми?
Памирбек Асанов: Шифокорлар
консилиуми ўтказилган, улар орасида гинеколог шифокор ҳам бўлган. Биз
ҳозирда тўлиқ тиббий экспетиза ўтказишни ҳам белгиладик, лекин
шифокорлар тўлиқ кўриб чиқишган. Дастлабки ташхисга мувофиқ, унинг
бўйнида тирналган жароҳат ва мия чаноғининг ёпиқ жароҳати бор. Унинг
кўрсатмаларига кўра, кўчага бир нарсани излаб чиққан вақти оқ "Мерседес"
машинаси келиб тўхтаган, ундан бир аёл чиқиб келиб бир нарса сўраган,
кейин юзига бир нарса сочган. Шундан кейин ҳушини йўқотиб, ўзини бир
қоронғу хонада сақланаётган ҳолда топган. Уни ўғирлаб кетган аёл ва
эркаклар ўзаро тожик тилида гаплашишган экан. Унга зўрлаб қандайдир
дорилар ичиришган, ичмасанг Қозоғистонга сотиб юборамиз, дея пўписа
қилишган. Бир неча кундан кейин эса онаси яшайдиган Аравон қишлоғига
олиб келиб ташлаб кетишган.
Би-би-си: Бу амалларни кимлар қилган, нима учун қилишган, сизда бирон версия борми?
Памирбек Асанов: Бир неча
версияларни ишлаб чиқмоқдамиз. Масалан унинг сўзларига таяниб, бировга
сотиш учун қилинган бўлиши мумкин. Оилавий бирон можаро туфайли
эмасмикан, деган версияни ҳам кўриб чиқмоқдамиз. Яна бир қатор бошқа
версиялар бор.
Би-би-си: Лекин бундай ҳодиса Ўш шаҳрида
биринчи маротаба содир бўлаётгани йўқ. Бошқа ҳодисалар юзасидан
текширув бирон натижалар бердими?
Памирбек Асанов: Ҳамма ҳолатлар
бўйича текширув олиб борилган, бир аёл машина юкхонасига солиб ўғирлаб
кетишди, деб ариза ёзганди. Кейин аниқланишича, у ўзига таниш бир йигит
билан ўзи кетиб қолган экан. Кейин уйга қайтиш вақти келганда мени
ўғирлаб кетишди, деб даъво қилган. Бошқа бир ҳолатда эса аёлнинг ўзи
қизини олиб онасиникига кетиб қолган, уйдагилари ўғирлаб кетилди, деб
милицияга боришган. Унинг эри ўзи кейин келиб ўғирлаш бўлмаган, деб
ариза ёзиб берди.
Би-би-си: Бу ҳолатлар ҳатто мамлакат
президентини хавотирга солиб, ўз вакилини юборибди. Сизнинг
текширувларингиз эса оилавий тортишувлар, деган хулосаларни бермоқда. Бу
шубҳа уйғотади, шундай эмасми?
Памирбек Асанов: Сиз бизни
тўғри тушунинг, мана куни кеча маҳаллий ўзбек жамоаси вакиллари билан Ўш
шаҳри мэри учрашув ўтказди, ўшанда ўзбек жамоаси вакиллари ўзлари чиқиб
ходисалар қандай бўлганлигини айтиб, нотўғри маълумотлар
тарқатилаётганини айтишди. Уларга қўнғироқ қилиб, буларни ҳаммасини
ўзларидан эшитишингиз мумкин
|