Таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли, Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бири Елена Урлаева bbcuzbek.comўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб беради.
Ҳуқуқбонга саволларингизни саҳифамиз остидаги махсус форма орқали ёки uzbek@bbc.co.uk электрон манзилимизга йўлланг.
Шу йил 15 ноябрда Швеция пойтахти Стокголмда Елена Урлаева Пер Ангер халқаро мукофотига лойиқ деб топилди.
Мукофот таъсисчилари сўзларига кўра, Урлаева ушбу мукофотга инсон ҳуқуқларини "холисона ва жасурлик билан", "ўз ҳаёти ва соғлигини хавф остига қўйиб", ҳимоя қилгани учун лойиқ деб топилган.
Пер Ангер мукофоти ҳар йили дунёнинг турли
мамлакатларидан бўлган энг жасур фаолларга инсонийлик ва демократияга
қўшган ҳиссалари учун берилади.
Елена Урлаева истиқомат қиладиган Тошкентдаги кичик квартирага ҳар куни ёрдам ва маслаҳат сўраб ўзбекистонликлар келишади.
Улардан баъзилари Елена Урлаевадан давлат идораларига шикоят ёзишда ёрдам беришни, баъзилар эса ҳуқуқий маслаҳат беришни сўрашади.
Оддий одамларнинг айтишларича, ҳуқуқбон уларга "адолатсизликка қарши курашда амалий ёрдам кўрсатади".
53-ёшли Елена Урлаева 1998 йилдан буён Ўзбекистондаги фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан фаол шуғулланиб келади.
"Ўзбекистондаги ноҳақликларга қарши қилган чиқишларим учун милиция ходимлари томонидан шунчалар кўп дўппосланганманки, неча марталигини айтишга ҳам қийналаман," дейди Елена Урлаева.
Ҳуқуқбон 2000-йилда беш йилга озодликдан маҳрум этилган, кейинчалик жазо чораси мажбурий даволашга ўзгартирилган.
Елена Урлаеванинг ўзи руҳий жиҳатдан соппа-соғ эса-да, жами 11 ой давомида уч марта мажбуран даволашганини айтади.
"Менга давомли ҳужумлар ва таъқиблар менинг ҳуқуқ ҳимоячиси эканим билан боғлиқ," дейди у.
Би-би-си меҳмони саволларингизга ҳам интернет ва ҳам радио орқали жавоб беради.
Суҳбатнинг радио версиясини шанба кунги "Дараклар" дастурида тинглай оласиз.
Саволларини радио учун ўз овозлари билан беришни истаган тингловчиларимиздан ўзларининг телефон рақамларини ҳам ёзиб юборишни сўраймиз.