Ўрхон Жамол: "Москва Ўшга айланмоқда”
Ярим йил аввал мен ва менинг ҳамкасбларим Қирғизистонда ишладик. Биз
гувоҳи бўлган ўша воқеаларни оммавий ахборот воситалари "Ўш қирғини” деб
атаган бўлсалар, расмийлар "миллатлараро тўқнашув” дея юмшатишга
уриндилар. Аслида эса оммавий ва жуда шавқатсиз қирғин амалга оширилди:
қирғизлар маҳаллий ўзбекларни қатлиом қилдилар. Бунинг акси, яъни
ўзбеклар қирғизларни сўймаган деб бўлмайди, албатта, аммо кўламлар
солиштирадиган даражада эмасди. Ҳар ҳолда, шу йилнинг ёзида Ўшга икки
хизмат сафарим давомида шу таассуротга эга бўлганман. Мен ўзбек ҳам
қирғиз ҳам эмасман, шунинг учун қандайдир объективликка даъво қила
оламан.
Турган гап, у ерда биз ўзимизни сиёсий жиҳатдан тўғри тутган бўлсак
ҳам, ўзаро суҳбатларимизда "Анаву ҳайвонларни қилган ишини қаранг. Аммо
биз нима ҳам қила олардик, бу осиёликлар билан” деган оҳанг сезилиб
турарди. Аммо, ярим йил ўтиб-ўтмай "европалик одамнинг” ҳаволанишга ҳақи
қолмади, Москвада ўрислар кавказликларни қира бошладилар.
Бу ерда менинг объективликка даъво қилишимга ўрин қолмади, негаки мен
кавказликман. Шунинг учун мен бу ерда ким ҳақ ва ким ноҳақлигини
аниқлашга уриниб ўтирмайман, бироқ оддийгина бир неча ҳолатларни
солиштириб кўраман.
Қирғизлар ўзбекларни анчадан бери ёмон кўриб келадилар ва ҳозирги "Ўш
қирғини” биринчиси эмас – бундан 20 йил аввал ҳам бу ерда қон тўкилган,
аммо ўша пайтдаги можаронинг кўлами ҳозиргига қараганда кичикроқ
бўлган. Москвада ҳам бунақа бошоломонликлар биринчи марта бўлаётгани
йўқ. Шаҳарда илгари ҳам бегоналар савдо қилаётган бозорларни
портлатишган, онда-сонда кўча ва метроларда ўзга миллат вакилларини
сўйиб туришган. Бу сафарги бошоломонликларнинг кўлами бошқача бўлди,
холос. Умуман олганда, Москва ҳам Ўшга ўхшаб қолди.
Қирғизлар мамлакатдаги озчилик саналмиш ўзбекларни нега ёмон
кўрадилар? Ўзбеклар Қирғизистоннинг тўла ҳуқуқли фуқаролари бўлишга
даъво қилаётганлари учун. Бундан ташқари, улар ўзбек тили қандайдир
мақомга эга бўлишини, парламентдаги ўзбек депутатларининг сони
мамлакатда яшаётган ўзбеклар миқдорини акс эттиришини ҳамда давлат
идораларига қирғизларни қанчалик қучоқ олиб ишга қабул қилсалар уларни
ҳам ҳудди шундай қабул қилишларини хоҳлаяптилар. Қирғизлар буни жўнгина,
ёт унсурлар экспансияси деб тушунадилар. Ахир мамлакат Қирғизистон деб
аталади, шунинг учун ҳам ўзбеклар иззатини билиб ўтирсинлар.
Қирғизистоннинг жанубида ўзбеклар алмисоқдан бери яшаб келаётганлари эса
умуман ҳисобга олинмаяпти.
Ўрислар кавказликларни нега ёмон кўрадилар? Тил, депутатлар, ишдаги
камситишларнинг бунга алоқаси йўқ, бироқ чуқурроқ кавланадиган бўлса,
муаммо ўша-ўша экспансияга бориб тақалади. Москвалик ўрисларга мисол
учун, кавказликлар Москва марказидаги майдонда бемалол ўзларининг лазги
рақсига (лезгинка) тушишлари ёқмайди.
"Ўш қирғини” содир бўлиши учун қирғизлар ўзбекларни ёмон кўриши етарли баҳона бўла оладими?
Йўқ! Қирғин айни ҳокимият масаласи ҳал этилаётган пайтда, собиқ
президент Қурманбек Бакиевга тарафдор Қирғизистон жануби ҳокимият Роза
Ўтунбаева бошлиқ шимолликларга ўтиб кетишидан рози бўлмай турганида
амалга оширилди. Бакиевчиларни ҳокимиятдан супуриб чиқараётган пайтда,
ўтунбаевачиларнинг мамлакатни бошқара олишига салоҳияти йўқлигини
исботловчи "миллатлараро тўқнашувлар” бошланди.
Россияда ҳам сайловлар ўтказиладиган йил яқинлашиб келаётгани сари
кузатувчилар Медведев-Путин тандемидаги тобора ўсиб бораётган бўлинувини
муҳокама қилиш билан машғул. Асосий воқеалар содир бўлган Москвада
путинпараст мэр Лужковнинг лавозимини медведевпараст Собянин эгаллади.
Қирғизистондаги кучишлатар тузилмалари қирғиннинг содир этилишшига
нафақат йўл қўйиб берди, балки босқинчиларга қурол, зирҳли техника
тарқатиб уларга кўмак берди. Боз устига, уларнинг ўзлари ҳам босқинчилар
билан бир сафда бўлдилар. Нега шундай бўлди? Қирғиз милицияси ҳам
қирғиз босқинчиларига ўхшаган миллатчи бўлгани учунми? Бунинг ўзи эмас.
Қирғизстон жанубида ИИВ бир неча йил давомида Бакиевнинг одамлари
томонидан бошқарилган, улар учун Ўтунбаева ҳокимиятининг ҳар қандай йўл
билан заифлаштириш ўз позицияларини сақлаб қолиш учун йўл очиб берарди.
Москвада нима ишлар бўлди ўзи? Манежная майдонидаги қирғиндан уч кун
аввал Спартак ишқибозлари Ленинград шоссеси бўйлаб "Россия руслар учун”
дея қичқириб ўтдилар. Шу пайтда Москва милицияси нима қилди? Уларга йўл
қўйиб берди! Рухсат берилмаган намойишни тўзитиб- тарқатишга ОМОНда
етарлича асос бор эди. Бордию, Лениград шоссеси бўйлаб қандайдир
мухолифатчилар саф тортиб юришга жазм қилганларида, ҳудди шунақа бўларди
ҳам. Эртаси куни Москва шаҳар ИИБ матбуот хизматининг раҳбари Виктор
Бирюков "Спартак ишқибозлари ОМОН билан апоқ-чапоқ бўлиб кетган” дея
билдирганди.
Шу йўл билан бир неча минг кишига "Рухсат!” дегандай ишора қилдилар.
Келгуси уч кун давомида футбол ишқивозлари ва миллатчилар
Интернетдаги форумлар ва ижтимоий тармоқларда Кремль девори ёнида
тўпланишга келишиб олдилар. Интернетни титкилаб чиқилса, шанба куни
Манежная майдонида бир неча минг киши тўпланишини англаса бўларди. Нега?
Қанақа кайфият билан? Ленинград проспекти бўйлаб "Россия руслар учун”
дея қичқириб юрганларидан тушунарли эмасми? Бир неча йил олдин Питерда
аксилглобалистлар услубида тўполон уюштиришни ният қилган сўл
экстремистик ҳаракатларининг фаоллари Петербург саммити арафасида эҳтиёт
чора сифатида ёппасига ҳибсга олинган эди. Ўшанда саммит силлиққина
ўтди. Кўринишидан бу сафар эҳтиёт чора кўришни лозим топмадилар чоғи.
Натижада Москада қирғин бўлиб ўтди. Милиция ходимларининг аралашуви
онда-сонда, қимирлашга ҳам мажоли қолмай ётиб қолганларни ўз ҳолига
қолдирсанглар бўлмайдими деган илтимослари билан чекланди.
ИИВ ва бошқа кучишлатар тузилмаларида миллатчилик норасмий мафкура
бўлиб қолаётгани ҳеч ким учун сир эмас, аммо бўлиб ўтган ишларнинг
сабаби фақат шунда бўлмаса керак? Йўқ, бизда ҳам ҳамма нарса
Қирғизистондаги сингари, ёки чокидан сўтилиб ёрилаётган тандем либерал
ва зобитдан ташкил топганини ким ҳам билмайди.
Қирғинга йўл қўйиб бериш билан уни уюштириш ўртасида фарқ бор.
Қирғизистон жанубида расмийлар содир бўлаётган ножўя ишларга йўл қўйиб
бериш билан чекланиб қолгани йўқ. Қўлга олинган ўзбеклардан бири Ўш
шаҳар мэри Мелис Мирзақматовнинг топшириғига мувофиқ провокатор сифатида
иш олиб боргани ҳақида кўрсатма берди. Москвадаги Манежная майдонида
эса кремлпараст "Россия молодая” (Навқирон Россия) ҳаракатининг фаоли
Валерий Заборовский қўлга олинди.
Охир-оқибат, ким айбдор?
Қирғизистонда ҳозиргача қирғин иштирокчиларини тутаяптилар ва
судлаяптилар. Қирғиз милиционерлари тутаяптилар, қирғиз судьялари
судлаяптилар, шунинг учун судланувчиларнинг қора курсисига фақат
ўзбеклар ўтираётганига ҳайрон қолишнинг ҳожати йўқ.
Москвадачи?
Биздаги тартибсизликларнинг бошланишига футбол ишқибозлари ва
доғистонликлар ўртасидаги муштлашув баҳона бўлди. Ўшанда ишқибозлардан
бири ўлдирилди. Қотилни ҳибсга олдилар, муштлашувнинг бошқа
иштирокчиларини эса кўринишидан, пора эвазига қўйиб юбордилар. Бу ҳол
туртки бўлиб қолди. Йўл-йўлакай шуни ҳам қайд этишни лозим деб топдим:
изоҳланиши қийинроқ бўлган инсонпарварлик хусусиятларини намоён этган
терговчилар оламоннинг калтаги остида қолгани йўқ.
Тўпалонлар ўтиб бўлганидан кейин расмийлар "йўл қўйилган хатоларни
тузатишга” қарор қилдилар: энди қўйиб юборилган доғистонликларни излаб
юришибди. Қирғинни уюштирган шоввозларчи? Улардан 60 киши қўлга
олинганди, бироқ ҳаммасини қўйиб юборишди. Демак, Қирғизистонда фақат
ўзбеклар айбдор бўлиб қолганидек, Москвада ҳаммасига фақат кавказликлар
айбдор эканда?
Муаллиф ҳақида: Ўрхон
Жамол – журналист, ҳарбий мухбир, сиёсий шарҳловчи, Кавказ ва Марказий
Осиё бўйича эксперт. Москвада туғилган ва шу ерда яшайди. Мақола
"Фарғона” учун махсус ёзилган.
|