Обид қори: Қозоғистон диктатор режимлар босими остида 28.12.2010 27
декабр куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри Олмали туман суди ўзбек
қочқинлари Тоиржон Абдусаматов, Файзуллохон Акбаров, Аброр Қосимов ва
Шуҳрат Ботировнинг маҳаллий миграция департаменти қарори юзасидан шикоят
аризасини рад этди. Қозоғистоннинг
Олмаота шаҳри ҳисбхоналарида қолаётган ўзбек қочқинларидан тўр
нафарининг маҳаллий миграция департаменти қарори юзасидан шикоят аризаси
қондирилмади.
Олмали туман суди тўрт қочқинни экстремистик
оқимларга алоқадорлик ва хусусан, Ўзбекистон ҳукумати томонидан
"ваҳҳобийлик” оқимининг мамлакатдаги асосчиси, дея қораланган уламо Обид
қори Назаровга издошликда айблаган.
Бу ҳақда Олмаотадан олинган
хабарларга кўра, Ўзбекистон фуқароларига нисбатан Қозоғистон маҳкамасида
Обид қори Назаровнинг номи экстремист, дея қораланиб, илк бор тилга
олинмоқда.
Ўз даврида эса Ўзбекистон ҳукумати томонидан таъқибга
учраган уламо айнан Қозоғистондан вақтинчалик бошпана топган ва шу ердан
Европага йўл олган эди.
Озодлик мухбири Олмотадаги маҳкама
жараёнида тилга олинган айбловлар ва Қозоғистонда қолаётган ўзбек
қочқинлари тақдири хусусидаги мулоҳазаларини сўраб, Обид қори Назаровга
юзланди.
Қуйида шу суҳбатни тинглашингиз мумкин.
Эслатиш
жоиз, Олмали туман суди томонидан 4 ўзбек қочқини даъво аризаси
қондирилмаслиги ортидан Олмаота миграция департаменти қарори юзасидан
даъво аризалари рад этилган қочқинлар сони 22 кишига етди. Эслатиб
ўтамиз, 6 декабрдан бошлаб Олмаотанинг Олмали туман судида Қозоғистондан
вақтинча бошпана топган ўзбек қочқинларининг Олмаота шаҳар миграция
департаменти қарори юзасидан шикоят аризалари кўрила бошлаган.
Мазкур
идора Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган ўзбек қочқинларининг
Қозоғистон ҳудудидан вақтинча бошпана бериш бўйича илтимосини рад
қилган. Агар бу қарор ўз кучида қоладиган бўлса, ҳозирда Олмаота
ҳибсхоналарида сақланаётган ўзбек қочқинлари Ўзбекистонга қайтариб
юборилиши мумкин.
Олмаотадаги икки ҳибсхонада сақланаётган 29
ўзбек қочқини шу йилнинг 9-11 июн кунлари ўтказилган "Мигрант” рейди
чоғида қўлга олинган. Ўтган ярим йил мобайнида Қозоғистонда ушланган
ўзбек қочқинларидан тўртта нафари (уларнинг бири қирғизистонлик, яна
бири тожикистонлик) Ўзбекистонга бериб юборилган.
Ҳибсда
сақланаётганлар Ўзбекистонда таъқиқланган диний-экстремистик оқимларга
мансублик ва конституциявий тузумни ағдаришга уринганлик ҳамда қасддан
қотиллик қилганликда гумон қилинмоқда. Аммо ўзбекистонлик бошпана
изловчиларнинг ўзлари ҳеч қандай диний оқимга мансуб эмасликларини ва
ўзларининг гуноҳсизлигини айтиб келишади.
Эндиликда Олмали туман
судида ҳибсхонада қолаётган яна 7 нафар қочқинининг даъво аризаси кўриб
чиқилиши керак. Бироқ 22 қочқиннинг даъвоси рад этилганига гувоҳ бўлган
уларнинг яқинлари қолган даъвогарларнинг ҳам аризалари қондирилишига
ишонмаяптилар ҳамда кейинги инстанция суди адолатига умид боғлаб
турибдилар.
|