Би-би-си меҳмони - аёллар ва меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи "Сана Сезим" ташкилоти раҳбари Хадича Абишева.
Чимкентда 2001 йилдан бери фаолият юритиб келаётган "Сана Сезим" ташкилоти инсон савдоси, жумладан ўзбекистонлик аёлларнинг Қозоғистонда фоҳишабозликка мажбурланиши, ҳамда ўзбекистонлик муҳожирларнинг қулликка тушиб қолиш ҳолларини фош қилган.
Ташкилот раҳбари Хадича Абишева ҳуқуқлари поймол этилган инсонлар билан юзма-юз учрашиб, уларга товон ва жиноятчиларнинг жазога тортилиши йўлида маслаҳатлар беради.
Хадича Абишева 1995 йилда Чимкент Педагогика Университетини тамомлаган. Сўнгра бир неча йил мактабда рус тили ва адабиётидан таълим берган.
Можароларни ечиш, тинчлик ва бағрикенглик бўйича курсларда иштирок этгач, у инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ишлашга бел боғлаган.
Абишева хонимга кўра, Ўзбекистондан Қозоғистонга иш излаб келувчи кўп муҳожирлар ўз ҳуқуқларидан бехабарлар.
Ташкилотга ўз иш берувчисидан маошини ундира олмаган муҳожирлар кўп мурожаат этишади.
Яқинда мурожаат этган Ўзбекистон фуқароси иш берувчи билан ойига 50 минг танга маошга келишганини билдирган. Бироқ иш берувчи камроқ солиқ тўлаш ниятида маош миқдорини шартномага 15 минг танга дея белгилаган. Натижада ишчи ўз меҳнати учун шартномада белгиланган 15 минг тангани олган холос.
Ташкилотга сохта ваъдалар билан Қозоғистонга олиб келинган ва фоҳишабозликка мажбурланган ўзбекистонлик аёлларнинг оилалари ҳам кўп мурожаат этишади.
Хадича Абишева муваффақиятли якун топган ҳол сифатида яқинда озод қилинган икки опа-сингилни мисол келтиради.
Қизларни Қозоғистонга қаҳвахонада официантка бўлиб ишлаш ваъдаси билан қўшни аёл олиб келган. Бироқ Қозоғистонга ўтиш биланоқ, уларнинг ҳужжатлари тортиб олинган, улар ўзга кишиларга сотилиб, жинсий хизматлар кўрсатишга мажбурланганлар.
Уларга нисбатан зўравонлик ва руҳий босим қўлланилган.
"Сана Сезим" ташкилоти бу ҳақида хабар топгач, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат этиб, қизларнинг озод этилишига эришган.
Бунга ўхшаш ҳоллар Қозоғистонда тобора кўпайиб бораётгани айтилади.
Хадича Абишевага саволларингизни матн остидаги махсус форма орқали жўнатинг ёки uzbek@bbc.co.uk электрон манзилимизга йўлланг.
Суҳбатнинг матнини веб саҳифамизда келгуси жума куни ўқий оласиз. Суҳбатнинг радио версиясини шанба кунги "Дараклар" дастуримизда тингланг.