Ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг молиявий жиҳатдан ҳам уларнинг аҳволи оғир эканлиги айтилади
Олма ота шаҳридаги ўзбекистонлик бошпана изловчилар рўйхатга олиш борасида муаммоларга дуч келишмоқда.
Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан келган ва
ватанида диний қарашлари туфайли таъқибга учраганини даъво қилувчи ушбу
муҳожирлар ҳужжатларидаги муаммолар боис тез-тез ҳибсга олинмоқда.
25 январ куни Қўлдошев Суннатилло ва Қўлдошев
Суҳробни оила аъзолари билан бирга Турксиб тумани полиция идорасига олиб
кетишган. Ака- укаларнинг 20 кунлик ва 1 ёшлик фарзандлари бўлган.
Би-би-сига маълум бўлишича, улар Қозоғистонда
рўйхатдан ўтмаган, шунинг учун, миграция полицияси уларни маҳкама орқали
Ўзбекистонга бериб юборишни мақсад қилган. Аммо, маҳкама қочқинлар
ишини кўриб чиқишдан бош тортган. Уларнинг бошпана изловчи эканлигини
сабаб қилган. Айни вақтда, Суннатилло ва Суҳроб Қўлдошевлар полиция
идорасида ушланиб турилибди. Полиция ходимлари эса, уларнинг турмуш
ўртоқлари паспортларини олиб қўйган.
- Хўжайиним билан телефон орқали гаплашдим,
кечаси билан совуқ хонада қолиб кетишибди. Қоринлари оч экан. Шу боис,
ейиш учун у бу нарса олиб бормоқчиман, - дейди Дилдора Амирқулова.
Қозоғистон халқаро инсон ҳуқуқлари бюросидан
Светлана Хежниченконинг айтишича, Қўлдошевга ўхшаган кишиларни БМТнинг
қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги ўз ҳимоясига олмаган. Улар
Қозоғистонга бошпана излаб, "Қочқинлар тўғрисида"ги қонун кучга кириб,
БМТ ташкилоти қочқинлар билан шуғулланмай қўйганидан сўнг келишган.
Шунинг учун, уларни Қозоғистонда ҳимоя қиладиган бирорта ташкилот йўқ.
2010 йил июн ойида бўлган рейд чоғида 45 эркак
ҳибсга олинган эди. Сўнг уларнинг 15 таси қўйиб юборилган. Очиқда
юрганлар паспортни рўйхатга қўйиш борасида муаммоларга дуч
келишаётганини айтишади. Шулардан бири исми ўзгартирилган Муҳаммаднинг
айтишича, кунларини полиция олиб кетиб қолмаслиги учун қўрқув билан
ўтказишади.
- Мен Денисга (Қозоғистон халқаро инсон
ҳуқуқлари бюроси юристи) борганимда миграция полицияси мени рўйхатга
олмаслиги тўғрисидаги хатини кўрсатди. Сабабини изоҳлаб беришмади. Фақат
кутинглар ишларингни маҳкамага оширамиз, дейишди, - дейди Муҳаммад.
Қозоғистон халқаро инсон ҳуқуқлари бюросидан
Светлана Хежниченконинг айтишича, нима учун бошпана изловчиларни
рўйхатга олмаётганини сўраб, Олма ота миграция полициясига бир ойча
бурун хат ёзишган, аммо ҳалигача жавоби келмаган.
Олма ота миграция қўмитасидан Гулзада
Нурмакиннинг Би-би-сига айтишича, бошпана изловчилариннг рўйхатга
олинмаётганига уларнинг ўзлари айбдор.
"Чунки, улар бизга ўзлари яшамайдиган манзилни
айтишади. Бир марта Қозоғистон халқаро инсон ҳуқуқлари бюроси манзилини
турар жойим деб кўрсатибди. Биз олдин уларнинг ушуб оғзаки гапига
ишониб рўйхатга қўйиб берардик. Аммо бизни ҳам прокуратура текшириши
мумкин. Ахир бу тўғри эмас-ку", - дейди Гулзада Нурмакин.
Очиқда қолган бошпана изловчиларнинг аксариятига
Миграция полицияси қочқинлик мақоми беришдан бош тортган. Уларнинг иши
ҳануз маҳкамага оширилмаган. Рўйхатга олиш муаммо бўлгани боис, улар
Қозоғистонда ишлаш ҳуқуқига эга эмаслар. Молиявий жиҳатдан ҳам уларнинг
аҳволи оғир эканлиги айтилади.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/central_asia/2011/01/110121_cy_kazakh_uzbek_refugees.shtml