Эримни топишга ёрдам беринг! Лариса
Турсунованинг айтишича, унинг эри 2005 йили Россиядан қайтаётган пайтда
Қозоғистоннинг Чимкент вилояти полициячилари томонидан ушлаб
кетилганидан буён бедарак. 27.01.2011 Барно Анвар Озодликка
қўнғироқ қилган қашқадарёлик Лариса Турсунова 5 йилдан буён дараги
чиқмаётган турмуш ўртоғи Ҳалим Турсуновни топишдан ҳали умид узмаганини,
бу борада ўзбекистонлик ва қозоғистонлик тингловчилар кўмагига муҳтож
эканини айтади. "Турмуш ўртоғим бедарак кетди"
Озодликнинг
"Эркин микрофон”ига Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги Бешкент туманидан
боғланган Лариса Турсунова 5 йилдан буён бедарак кетган турмуш
ўртоғининг топилишида кўмак сўраб, бизнинг тингловчиларимиз ва
Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаатини
эшиттиришимизни сўради.
Турсунованинг сўзларига кўра, унинг
турмуш ўртоғи Ҳалим Турсунов 2005 йилда Россиядан ишдан қайтаётган
пайтида Қозоғистоннинг Чимкент вилояти милицияси томонидан ушлаб
қолинган ва шу бўйи бедарак.
- Мен Турсунова Лариса. Адресим
Қашқадарë вилоят, Қарши шаҳар, Бешкент тумани, Баҳористон кўчаси 3-уйда
яшайман. Турмуш ўртоғим 2005 йил Россияга ишлагани кетган эдилар. 2005
йил декабр ойида қайтаëтиб шериклари: "Эрингни Қозоғистоннинг Чимкент
шаҳрида милиция ходимлари олиб қолди”, деди. Бир ҳафтадан кейин бу ерда
одам жўнатдик. Бир танишимизни жўнатдик. У бориб, бир ҳафтанинг ичида
паспортини топиб келди. Бўлди. Фақат паспорти қўлимизда.
Озодлик: Кимдан топибди паспортини?
-
Бир Фарҳод деган одамнинг қўлидан топиб келдим, деди. Консулга кирдим,
учрашдим. Қозоғистондан "Бу одам йўқ” деб, уч марта хат келди.
Озодлик: Ўзбекистон милицияси нима деди сизга?
-
Мурожаат қилдим. "Имкониятимиз йўқ, қидира олмаймиз, Қозоғистон бизлар
учун чет эл” дейишди. Мана Озодлик радиоси орқали мен мурожаат
қилаяпман, илтимос қилаяпман, кўрганлар бўлса, қидиришга, топишга ëрдам
беришларингизни илтимос қиламан. Кўринишлари калтароқ, буғдойранг, ўзи
қозоқ башара. Кўзлари қисиқроқ. Чимкентда йўқолган шу одам. Беш йилдан
бери йўқ. Менга жуда қийин. Икки болам ногирон, тўшакда қолган. Битта
ўзим ишлайман. "Чиқмаган жондан умид" дегандай умид қилган эдим, дейди
қашқадарëлик Лариса Турсунова.
"Таъзиямни етказиб қўйинг"
Москва
шаҳридаги Домодедово аэропортида 24 январ куни содир бўлган портлаш
қурбонлари орасида бир ўзбекистонлик фуқаро - Мамбетов Ўрикбай Раметович
борлиги ҳақида берилган хабарлар ортидан Озодликка Жанубий
Қозоғистондан боғланган Шоҳруҳ исмли тингловчи қурбон бўлган ўзбекнинг
оиласига ҳамдардлигини етказиб қўйишимизни сўради.
- Аэропортда
портлашда вафот этганлар орасида Ўзбекистон фуқароси бор экан. Ҳалок
бўлган инсоннинг оиласига ўзимнинг ҳамдардлигимни билдирмоқчи эдим. У
инсоннинг жойлари жаннатдан бўлсин. Оилаларига сабр тилаймиз. У
инсонларнинг охирати обод бўлсин, дея ўз таъзиясини билдирди Жанубий
Қозоғистондан боғланган Шоҳруҳ исмли тингловчи.
|