![](http://wscdn.bbc.co.uk/worldservice/assets/images/2011/02/04/110204145911_tajik_sayfullozoda_226x170_bbc_nocredit.jpg)
Ҳ.Сайфуллозода тонгда номаълум шахслар томонидан калтакланган
Душанба куни эрталаб
Тожикистон Ислом Уйғониш партияси сиёсий кенгаш аъзоси Ҳикматулло
Сайфуллозода номаълум кишилар томонидан калтаклаб кетилган.
Шифохонага ёткизилган сиёсатчига " бош мия чайқалиши ва ӯртача оғирликдаги жароҳат" олганлиги ташхиси қӯйилган.
Жабрдийда сафдошлари калтакланиши Сайфуллозоданинг сиёсий фаолити билан боғлиқ деб айтишмоқда.
Тиббиёт ходимлари калтакланиш оқибатида 61 ёшли
Ҳикматулло Сайфуллозоданинг мияси чайқалгани ва юзи, бошида очиқ
жароҳатлар борлигини қайд этишган.
Жабрдийда ҳозирда ҳушига келган. Унинг ҳузурида
бӯлганлар Сайфуллозода жанобларининг юзи ва боши ӯраб ташланганлиги,
лекин шунга қарамай моматалоқ излари, шишлар кӯриниб турганлигини
айтишади.
Тожикистон Ислом Уйғониш партияси кенгаши ходими
Зарофо Раҳмони жаноб Сайфуллозода уйи яқинида тонг соат 7 ярим 8
оралиғида ишга йӯл олган пайтда калтаклаб кетилганлигини айтди.
"Бир кепкали эркак келиб чеккароққа чиқарган ва
яна уч киши келиб қӯшилиб уриб-калтаклашган. Буни юқори қаватлардаги
қӯшнилар кӯриб қолишган ва «тез ёрдам» чақиришган", дейди қӯшнилар
кӯрсатмалари асосида Зарафо Раҳмони.
Сайфуллозода жаноблари ҳамкорларининг
айтишларича, ҳозирда жабрдийдарнинг руҳиятини анча тетик, аммо нима
бӯлганини эслолмаяпти экан.
Ҳукумат босимлари ортмоқда
![](http://www.bbc.co.uk/worldservice/assets/images/2010/04/02/100402091133_islamicpartyemblem226.jpg)
Ислом Уйғониш партияси Марказий Осиёда ягона расмий диний партиядир
Мухолифатдаги Тожикистон Ислом Уйғониш партияси
вакиллари Ҳикматулло Сайфуллозоданинг калтакланиб кетилишини унинг
сиёсий ва журналистик фаолияти билан боғлашади. Жаноб Сайфуллозода
партиянинг «Нажот» деб аталган анчайин оммабоп газетасининг бош
муҳаррири.
Зарафо Раҳмонига кӯра, "Сӯнгги сонларда чоп
этилган икки мақола муҳаррирнинг калтакланишига сабаб бўлган эса ажаб
эмас. Бу мақолаларда мамлакатдаги ва дунёдаги сиёсий жараёнлар таҳлил
қилинганди", деди Зарафо Раҳмони.
Ҳикматтуло Сайфуллозода 4 феврал кунида
Би-би-сига берган интервьюсида ҳам дунёнинг қатор мамлакатларида
бӯлаётган воқеалардан Тожикистон ҳукумати сабоқ олиши кераклиги ҳақида
гапирганди.
"Бизнинг Тожикистонимизда ҳам манфаатдор
доиралар нафақат жамият зарарига, балки давлат раҳбарияти зарарига ҳам
йӯл тутишмасин", деганди жума куни биз билан суҳбатда жаноб
Сайфуллозода.
Ҳикматулло Сайфуллозода сўнгги йиллар давомида
мамлакатда диний важлар билан қамоққа олинаётганлар сони ортаётганидан
хавотирларини яширмас, ҳукуматнинг дин ва диндорларга нисбатан сиёсатини
қаттиқ қоралар эди.
Тожикистонда ўтган йил давомида Миср
мадрасаларида таълим олаётган талабаларнинг қайтарилиши, фаолияти
рўйхатга олинмаган уламолардан таълим олишнинг тақиқланиши,
масжидларнинг ёпилиши, ӯсмирларнинг масжидларга боришига чеклов
киритилиши, соқолли кишиларга тазйиқлар ҳамда айни рўйхатдаги сӯнгги
воқеа - умумтаълим мактабларидан "Ислом маърифати” фанининг олиб
ташланишини дин пешволари Исломга нисбатан босим деб урғулашади.
Кузатувчиларга кўра, қашшоқлик, порахўрлик ва
ҳукумат хавфсизлик тизимларининг зўравонлиги остида қолаётган минглаб ёш
тожикистонликлар учун танлов имкониятлари деярли қолмаяпти.
Ислом Уйғониш партиясига кўра, жамиятдаги айни
шу иллатлар ҳам аксарият ёшларни ҳукуматга нисбатан ишончини
сўндирмоқда, радикал гуруҳларнинг сафини кенгайтирмоқда.