"Қирғиз ҳукумати исломчилар таҳдидини бўрттираётир"
Қирғизистон Президенти Роза
Ўтинбоева яқинда Ўшга қилган сафари чоғида мамлакат ҳуқуқ-тартибот
органлари ўзбошимчалигидан қочиб четга чиққан 200 киши қурол-яроғ билан
қайтиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.
Президент Ўтинбоева сўзларига кўра, 200дан ортиқ
Қирғизистоннинг ёш фуқароси бу ўзбошимчаликлардан безиб Афғонистондаги
жангариларнинг жамлоқларига йўл олганлар.
Қирғизистон раҳбари айтишича, мамлакат хавфсизлик кучларида бу борада маълумот бор.
"Шундай хавотир борки, улар келаётган ёзда
тожик-қирғиз чегарасидан ўтиб, қўлларида қурол-яроғ билан қайтишлари
мумкин", - деб айтган Қирғизистон жанубига сафари мобайнида қатор
фаоллар билан учрашган Президент Роза Ўтинбоева.
Аммо, Қирғизистон жанубидаги Қорасув тумани
имом-хатиби Рашод қори Камоловга кўра, қирғиз ҳукумати экстремизм ва
Исломий радикализм таҳдидини бўрттириб кўрсатишга уринмоқда.
"Мен билишимча, Қирғизистондан кетган бирон одам қурол билан, террорчи бўлиб қайтиб келмаяпти," - дейди имом.
Унга кўра, бу бўрттирилган таҳдид асосида мамлакат жанубида диний айблар билан қамалаётганлар сони кўпаймоқда.
Рашод қори бу ҳибсларнинг марказий ва маҳаллий
расмийларнинг диний террорчиликка қарши кураш йўлида Ғарб давлатларидан
кўпроқ молиявий ёрдам олиш йўлида амалга ошираётган чораси деб билади.