Қатор диний асосдаги айбловлар билан олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган ўзбекистонлик таниқли журналист Хайрулла Ҳамидовнинг яқинлари энди мустақилликнинг йигирма йиллик муносабати билан эълон этилиши кутилаётган авфдан умид қилмоқдалар.
Шу кунлар турмуш ўртоғи билан кўришишга муяссар бўлган журналистнинг турмуш ўртоғи Дилноза Ҳамидовага кўра, маҳбус ижодкорнинг кайфияти яхши, тушкунликка тушгани йўқ.
" Улар билан ўтирганлардан ҳеч ким амнистияга тушмабди, Худо ҳоҳласа, сентябрда эълон этиладиганига тушиб қоламан деб умид қилмоқдалар. Бизнинг ҳам умидимиз шундан...” дейди Дилноза Ҳамидова.
Дилноза Ҳамидовага кўра, Хайрулло қамоқхонанинг клубида ўз ижодини давом эттирмоқда экан.
Яқинлари Хайрулла билан ҳар уч ойда икки суткалик, бир ярим ойда икки соатлик учрашувга изн берилганини айтишмоқда.
Янгийўлдаги ёпиқ маҳкама ўтган йил май охирларида ёшу қари орасида диний – маърифий дастурлари, шеърлари билан мисли кўрилмаган равишда танилган Хайрулла Ҳамидовни ноқонуний диний гуруҳга аъзолик ҳамда жамоат тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбдор деб топган эди.
Маҳкама жараёнида у ўзига қўйилган айбларни рад этган.
У айблов томони ашёвий далил сифатида тақдим этган ва "жамоат хавфсизлигига таҳдид" экани даъво қилинган аудио ва видео материаллар радио ва телевидениедаги муаллифлик дастурларида эфирга узатилганини айтган.
Хайрулла Ҳамидов ўтган йил 22 январда ҳисбга олинганди.
Халқаро ташкилотлар 35 ёшли Хайрулла Ҳамидовни ҳибсдан озод этиш талаби билан Ўзбекистон ҳукуматига очиқ мурожаатлар билан чиқишган.
Унинг шеър, эссе ва маърузалари ёзилган аудио ҳамда видео ёзувлар интернет, шунингдек, минтақанинг бошқа давлатларида ҳам кенг тарқалган.
Мухлисларига кўра, Хайрулло Ҳамидов ўз чиқишларида диний мавзулар билан бирга, долзарб ижтимоий муаммоларни кўтариши билан ҳам эътибор қозонган.
Хайрулло Ҳамидов асос солган "Одамлар орасида" рўзномаси қисқа вақт ичида Ўзбекистонда энг кўп сотиладиган нашрга айланган, аммо олти ойдан сўнг турли важлар билан ёпиб қўйилган.
Охирги вақтларда Ўзбекистон маҳкамалари "жиҳодчи" ва "ваҳҳобийлик" да айбланган ўнлаб инсонларни узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этган.
SMS рақамимиз: +447786201124