Пресс-релиз №10, 25.02.2010 йил
MИРШАБЛАР ИНТИҚОМИ: "ЭЗГУЛИК” РАҲБАРИЯТИНИ ТУҲМАТ ВА ҲАҚОРАТДА АЙБЛАШМОҚЧИ!
Тошкент шаҳар ИИББ томонидан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик” жамияти маъмуриятига нисбатан туҳмат ва ҳақорат эпизодлари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Фуқаро Рене Метмурадованинг аризасига кўра очилган мазкур иш Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139, 140-моддалари билан малакаланиб, мазкур жиноят иши Тошкент шаҳар ИИББ ТБ терговчиси Жамшид Турсунов томонидан олиб борилмоқда. Жиноят иши асоси марҳума санъаткор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилнура Қодиржонованинг фожиали ўлими ва бу хусусда жамият томонидан тарқатилган бир қанча баёнот ва релизлар бўлиб, гўё унда санъаткор шаъни камситилган, унинг ўлими борасида куракда турмайдиган маълумотлар тарқатилган.
Ҳозирча айбланувчиларнинг ўзига расман маълум қилинмаган, аммо зимдан олиб борилаётган мазкур ишида жамият томонидан марҳуманинг жасади тасвирланган фотосурат, ўлим юзасидан очилган жиноят иши материаллари ҳамда оммавий ахборот воситаларида тарқатилган ўлим сабабларидан фарқли версиялар туҳмат ва ҳақорат сифатида баҳоланмоқда. Ҳозирга қадар жиноят иши юзасидан санъаткорнинг онаси Октябрхон Юсупова гувоҳ тариқасида сўроқ қилинди. Шунингдек, жабрланувчининг манфаатларини ифода этадиган бир қанча гувоҳларнинг кўрсатмалари олинган.
Шу йилнинг 17 февралида мамлакатда энг йирик тиражда чиқариладиган "Даракчи” газетасининг 7-сонида "Дилнура Қодиржонованинг айта олмаган гаплари” номли буюртма мақола чоп этилиб, унда бир қанча санъаткорлар номидан махсус баёнотлар уюштирилган. Хусусан, газета мухбири Садоқат Алламбергановага интервью берган Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова марҳуманинг Тошкентга кўчиб келганида ўпка хасталигидан азоб чеккани ва Самарқанддаги "Шарқ тароналари”да зўриқиб қўшиқ айтгани учун унинг дарди оғирлашганини таъкидлайди. Халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов ҳамда журналист Муҳаббат Ҳамроеваларнинг хотираларида унинг ўлимига шу хасталик сабаб бўлган бўлиши мумкинлигига шаъма қилинади.
"Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова мазкур мақола жамоатчиликни чалғитиш мақсадида чоп этилгани ва бу шубҳасиз хонанданинг ўлими тафсилотларини яширишга қаратилган ҳаракат эканини таъкидлади. Бундан ташқари жамият миршаблар томонидан қўлланилаётган ноинсоний систематик қийноқлар, қонунбузарлик ҳолатларини яқинда эълон қилинган ўзининг инсон ҳуқуқлари вазиятига доир йиллик ҳисоботида фош этган ва энди бунинг бадалини тўлаш вақти етган кўринади. Бунга қадар ҳам фуқаролик судлари қарорига кўра, жамият жаримага тортилган, унинг оргтехникалари мусодара қилинганди. Ўтган йилнинг декабрида Дилнура Қодиржонанинг ўлими юзасидан чиқарилган релизга раддия эълон қилинганди.
Президент Ислом Каримов ўтган йилнинг 12 ноябридаги Парламентнинг қўшма мажлисида "Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” ҳақидаги маърузасида айнан коррупция ва уюшган жиноятчилик, қонунбузарликларни кескин қоралаган, уни бартараф қилиш чоралари юзасидан ўзининг қарашларини ифода этган эди. Фуқаролик жамиятини шакллантиришда ноҳукумат ташкилотларининг ўрнига алоҳида тўхталиб, демократик ислоҳотларнинг муҳим омили бўлган бундай ташкилотлар фаолиятига тўсқинлик сиёсатга қарши қаратилган ҳаракатлар эканини таъкидлаганди. Афсуски, Тошкент шаҳар ИИББ томонидан "Эзгулик”ка қарши олиб борилаётган ҳаракатлар Президент орзу қилаётган ислоҳотларнинг ҳали бери амалга ошмаслигини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик” жамияти Президентнинг мазкур концепция ҳақидаги маърузасини жон қулоғи билан тинглаган Парламентни марҳума, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилнура Қодиржонованинг ўлими ҳамда бу ҳодиса юзасидан қўзғатилган жиноят ишини махсус комиссия ташкл этиб тафтиш қилишга чақиради. Зеро, Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хонанданинг юраги тўхтаб қолгани, жиноят иши материаллари унинг ўз жонига қасд қилгани, фуқарлик жамияти вакили бўлган "Эзгулик” эса унинг ўлдирилгани ҳақида иддаоларни олға сураётган экан, бундай текширувга эҳтиёж бор.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик” жамияти
-- Vasila Inoyatova Human Rights Society of Uzbekistan "Ezgulik” Tashkent-11, Navoi st. 7/418 phone: (+998 97) 131-48-72 mobile (+998 71) 241-85-88 office skype: vasilauz www.ezgulik.org
|