Қирғизистонлик ўзбек қочқинлари дунё жамоатчилигига мурожаат йўллади
АҚШ
Давлат департаменти бу йил тантанали равишда топширилиши кутилаётган
"Жасоратли аёл” Халқаро мукофотини, Қирғизистон президенти Роза
Ўтинбоевага топширишни лозим топган. АҚШ расмийлари фикрича, Роза
Ўтинбоева Қирғизистон равнақи учун узоқ йиллардан бери тер тўкиб,
жасорат кўрсатиб келаётган аёл. Дапертамент томонидан таъсис этилган
мукофот ҳам айнан жамият тараққиёти учун узоқ йиллардан бери курашиб
келаётган, ҳуқуқ ва адолат йўлида жасорат кўрсатган, халқ хизматида
юрган аёлларга топширилади. АҚШ Давлат Департаменти фикрича, Роза
Ўтинбоева айнан ана шундай аёллардан. Шу боис "Жасоратли аёл” Халқаро
мукофоти 8 март куни айнан Роза Ўтинбоевага тақдим этилади.
Мазкур
воқеа, маълум бўлишича, шу кунларда турли мамлакатларда бошпана излаб
юрган юзлаб қирғизистонлик ўзбекларни ҳам ҳайратга солган. Уларнинг
фикрича, бу "Қирғизстондаги
қирғинни "қирғизларнинг тўла ғалабаси” билан тугагани ва ўзбек
миллатига қарши геноциднинг ҳалигача муваффақиятли давом этаётгани
учун берилган муносиб мукофотдир”.
АҚШ Давлат департаментининг бу аҳдидан ҳайратга тушган қочқинлар дунё
жамоатчилигига мурожаат йўллаб, бу аҳдга таъсир қилиб ундан воз кечишга
ундашликка чақирди. Қуйида Жараён нашрига тақдим қилинган МУРОЖААТ
тўлалигича тақдим қилинмоқда.
ҲАЛҚАРО ЖАҲОН ҲАМЖАМИЯТИГА
М У Р О Ж А А Т
Қирғизстон
жанубидаги қирғин жабрдийдаларининг инсон зоти тоқат қилиши қийин
бўлган алам изтироблари устидан мазаҳ қилган ҳолда, бўлиб ўтган мудҳиш
жиноятларнинг онаси бўлган Роза Ўтинбоеванинг "Жасоратли аёл” мукофоти
билан тақдирланиши демократия тарғиботчиси бўлган Америка Қўшма Штатлари
учун энг шармандали ишдир.
АҚШ ни биз бу қадар иккиюзламачи деб ўйламаган эдик.
АҚШ адашиб Совет Иттифоқи қоқилган қозиққа қоқилиб энди чиқа олмай
Афғонистондаги геосиёсий манфаатлари учун энг муҳим принципларидан воз
кечмоқда.
Бу
шармандаликнинг ЕХҲТ раисининг Қирғизистондаги аҳволни ўз кўзи билан
кўриб, жабрдийда ўзбекларга муносабат жуда ёмон ҳолда қолаётганини эълон
қилган вақтига тўғри келгани ҳам АҚШни бу шармандали қароридан
қайтармагани жуда ачинарли.
Балки
бу, Қирғизстондаги қирғинни "қирғизларнинг тўла ғалабаси” билан
тугагани ва ўзбек миллатига қарши геноциднинг ҳалигача муваффақиятли
давом этаётгани учун берилган муносиб мукофотдир.
Ёки бу, бўлиб
ўтган миллатлараро низонинг ким тарафидан уюштирилганини билолмай боши
қотаётган жаҳон жамоатчилигига сурбетларча қилинаётган эътирофми? Нима
бўлганда ҳам Биз, онги ўтган аср даражасида қотиб қолган, бутун жаҳон
жирканиб бош тортаётган миллатчиликни миллий ифтихор деб тушуниб,
вахшийлик қилишдан лаззат олаётган халқнинг тўдабошисини АҚШ давлат
департаменти тарафидан мукофот билан тақдирланишига қарши чиқишга барча
соғлом ақлли, виждонли инсонларни давъат этамиз.
Биз,
Қирғизстон жанубидаги геноциднинг касофатидан туғилиб ўсган
жойларимизни ташлаб дунё бўйлаб сарсон саргардон юрган ўн минглаб ўзбек
қочоқлари, жаҳон жамоатчилигини бор имкониятлар билан Америка Қўшма
Штатларини бу шармандали қароридан воз кечишликка ундашга чақирамиз.
Таҳририятдан: Ўзи
ва Қирғизистонда қолаётган яқинлари хавфсизлигидан хавотирда қолаётган
мурожаат муаллифлари, улар ҳақдаги маълумотларни ошкор қилмасликни
сўради. Келтирилган мурожаат юзасидан қочқинлар билан боғланиш истагини
билдирганлар Жараён нашри таҳририяти ёки "Ўтюраклар” Клуби инсон
ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамияти раҳбари Мўътабар Тожибоевага
боғланишлари мақсадга мувофиқ. Таҳририят ва нашримиз асосчиси мулоқот
ўрнатишда кўмаклашишга тайёр.
Шу
билан бирга таҳририят, Қирғизистон президентига берилиши кутилаётган
мукофот юзасидан билдирилаётган фикрлар масаласида мутлақо холис қолиш
позициясида мустаҳкам туришини эслатиб ўтади.
|