Канада: Торонтода «Ўзбекистон» ресторани очилди
March 6th, 2011
Ватанда
юрган чоғларимизда Шимолий Америка шаҳарлари ичида «Чайна таун» (Хитой
шаҳри) ёки «Кичик Италия» каби туманлар мавжудлигини айрим «Ҳолливуд»
фильмларида кўрардим. Мазкур халқ вакиллари бошқа давлатларда
яшаётган бўлишига қарамай, ўз ватанларининг кичик бўлагини барпо қилиб,
она тили, маданияти ва урф-одатларини сақлаб қолгани мақтовга сазовор
ҳолдир. Бир пайтлар келиб, ўзимиз ҳам мухожир бўлиб, ана шу
қадриятларимизга муҳтож бўлишимизни хаёлимга ҳам келтирмагандим.
Сўнгги йилларда Канадага, хусусан, Торонтога кўчиб келаётган
ўзбекистонликлар сони сезиларли даражада ошди. Энди Торонто шаҳри ҳам
ўзининг «Кичик Ўзбекистон»ига эга бўлди. Қандай қилиб дейсизми? 5 март
куни Онтарио провинциясининг пойтахти ҳамда мамлакатнинг энг йирик шаҳри
бўлмиш Торонтода «Ўзбекистон» ресторани ўз фаолиятини бошлади.
Ресторан
очилиши муносабати билан ташриф буюрган саксон нафар меҳмон зални
лиммо-лим тўлдирди. Уларни эшик олдида Исмат Хушев кутиб олди. Унинг
оиласи ресторан ишини юритмоқда.
Деворларга осилган миллий чопонлар ва том остига шахмат катаклари
кўринишида жойлаштирилган адрас матоси ресторанга ўзгача кўрк
бағишлаган. Канадаликлар ўзбек миллийлиги уфуриб турган кошонада
паловхонтўра, шўрва, сомса, кабоб ва бошқа мазали таомларимизни мазза
қилиб истеъмол қилишади. Ўзбекона тарзда безатилган ресторан меҳмонлари
тандирда ёпилган иссиқ нонлар ва сомсаларнинг мазасини юқори баҳолашди.
Рестораннинг
бир кўшасига қурилган сўридаги адрас кўрпачалар устида, гўёки,
чойхонада ўтирган ҳис қилади киши ўзини. «Бу ерда ўзбек зиёлилари,
шоирлар ва ёзувчилар учрашиши учун барча шароитлар муҳайё қилинган», –
дейди биз билан суҳбатда И. Хушев. «Бундан ташқари, ресторанимизда
оилавий тантаналар, тўй-маракалар, ўзбек миллий байрамлари ва
турли-туман маданий тадбирлар ўтказиш мумкин. Яқин кунларда Наврўз
байрамига атаб, аёлларимиз сумалак пиширишади».
«Ўзбекистон»
ресторани Торонтонинг шимолида, собиқ иттифоқ республикаларидан келган
ҳамда рус тилини биладиган мухожирлар яшашни маъқул кўрадиган туманда
жойлашган. Ресторан манзили қуйидагичадир: 2150 Steeles Avenue West,
Unit 4, телефонлар: (1) 905-760-2107, (1) 647-968-0555, (1)
647-968-0555.
Бахтиёр Шоҳназаров,
Торонто, Канада.
www.bahtiyarshakh.com
|