Мўътабар Тожибоева АҚШ Давлат департаменти мукофотидан воз кечганини маълум қилди
Dushanba, 07 - Mart 2011
7 март душанба куни Жараён (www.Jarayon.com) нашри асосчиси, Франция Республикасида расман рўйхатдан ўтган "Ўтюраклар” Клуби халқаро Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раҳбари, халқаро мукофотлар совриндори Мўътабар Тожибоева махсус баёнот билан чиқди. Унда, АҚШ Давлат департаменти бу йилги "Жасоратли аёл” Халқаро мукофотини Қирғизистон президенти Роза Ўтинбоевага топшириш қарорига юзасидан ўз норозилигини билдириб, 2009 йили тантанали равишда қабул қилиб олгани айни мукофтдан воз кечганини маълум қилди.
"Мен Роза Ўтинбоева билан бир сафда мукофотдош бўлишни ХАЛҚИМ, МИЛЛАТИМ учун хақорат деб биламан. Қўли қонга ботган, ўтмишдаги ижобий ишларига қора бўёқ сурган бу аёл билан бир сафда бўлишдан ор қиламан ва шу боис менга 2009 йилда топширилган АҚШ Давлат Департаментининг «Жасоратли аёл» мукофотидан воз кечишим ҳақида дилда алам, кўзда ёш билан маълум қиламан”, дейилади Мўътабар Тожибоева томонидан эълон қилинган махсус баёнотда.
Аввал хабар қилинганидай, АҚШ Давлат департаменти бу йилги "Жасоратли аёл” Халқаро мукофотини, Қирғизистон президенти Роза Ўтинбоевага топширишни лозим топган. АҚШ расмийлари фикрича, Роза Ўтинбоева Қирғизистон равнақи учун узоқ йиллардан бери тер тўкиб, жасорат кўрсатиб келаётган аёл. Дапертамент томонидан таъсис этилган мукофот ҳам айнан жамият тараққиёти учун узоқ йиллардан бери курашиб келаётган, ҳуқуқ ва адолат йўлида жасорат кўрсатган, халқ хизматида юрган аёлларга топширилади. АҚШ Давлат Департаменти фикрича, Роза Ўтинбоева айнан ана шундай аёллардан. Мукофотни топшириш маросими, Давлат департаментининг Dean Acheson Auditorium залида бўлиб ўтади. Тадбирда Давлат департаменти котиби Хиллари Клинтондан ташқари АҚШ президентининг рафиқаси Мишель Обма хоним ҳам иштирок этади.
Қуйида "Ўтюраклар” Клуби Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамияти раҳбари, "Мартин Энналс” халқаро мукофоти ҳамда Франция Республикасининг "Озодлик, Тенглик, Биродарлик” мукофоти совриндори Мўътабар Тожибоеванинг махсус баёнотини келтирамиз.
Jarayon.com
БАЁНОТ
7 март 2011 йил
Мен 2009 йилда Хиллари Клинтон ва Мишель Обама хонимлардан АҚШ Давлат Департаментининг «Жасоратли аёл» мукофотини олганимда, менга қўшилиб миллатдошларимнинг ҳам боши кўкка етганди. Ўшанда бу мукофот геополитик манфаатлардан инсон ҳуқуқи устун эканлигининг исботи сифатида қалбларда умид уйғотганди. Мукофотнинг топширилишига дунёнинг турли бурчакларидаги миллатдошларим диктатура устидан қилинган ғалаба деб қувонган бўлсалар, Ислом Каримов ва унинг югурдаклари талвасага тушганди. Чунки бу мукофот жаҳон диктаторлари орасида етакчилардан бўлган Каримов ҳукумати учун кучли зарба эди.
Бугун эса мана шу нуфузли мукофотга минглаб ўзбекларни хонавайрон қилган июнь қирғини пайтида вақтинчалик ҳукуматни бошқарган Қирғизистон президенти Роза Ўтинбоевага берилиши ханузгача Қирғизистонда давом этаётган миллатчилик қурбонлари бўлаётган ўзбек халқига нисбатан ҳақоратдек янгради. АҚШ Давлат департаменти Роза Ўтинбоевани мукофотлаш ҳақидаги хабарни тарқатишидан бир кун олдин 3 март куни ЕХҲТ раиси, Литва Ташқи ишлар вазири Аудронюс Ажубалис Ўш ва Бишкекка қилган сафаридан сўнг Қирғизистонда миллатлараро муносабатларнинг янада мураккаблашиб кетиши хавфи борлигидан хавотир билдирди, "Мени, айниқса, дискриминация, қувғин ва тазйиқ қилиш, инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилиши ташвишлантиряпти”, деди.
Ўзбек миллатига мансуб чақалоқлар, аёллар ва кекса инсонларни ўзбеклиги учун шафқатсизларча снайперлардан отиб ўлдирилиши, сўйилиши, тириклайин ёқиб юборилиши, ёш-ёш қизчаларнинг кўзи қонга тўлган оломон томонидан жинсий зўрланишининг олдини олмаган, хомиладаги чақалок ўзбек зурриёди бўлгани сабаблигина суғуриб олиниб, копток қилиб тепилганидан ларзага тушмаган аёлни қандай қилиб жасоратли дейиш мумкин? Таърифлашга тил ожиз бундай ваҳшийликларни бошидан ўтказиб, бугунгача ўзига кела олмаётган Қирғизистоннинг ўзбек миллатига мансуб фуқаролари холидан ҳеч бўлмаса бир марта хабар олмаган, қўл остидаги зўравонлар олдида "ўзбек маҳалласи” номини тилга олишдан қўрққан бу аёл қайси жасорати учун бундай нуфузли мукофотга лойиқ топилди?
Бугун Қирғизистонда МИЛЛАТДОШларимни аёвсиз қирғин қилинишига томошабин бўлган, хонавайрон бўлган халқимга жўнатилган ёрдамларни ўзлаштирилишига кўз юмган, "этник тозалаш”га барҳам бермаган, ЎЗБЕГИМни қийнаётган зўравонларни бугунги кунгача тўхтата олмаган Қирғизистон раҳбарига "Жасоратли аёл” мукофотининг тақдим қилиши, халқимнинг АҚШга, чинакам адолат ва ҳақиқатга бўлган ишончини, умидини ўлдирди. Мен Роза Ўтинбоева билан бир сафда мукофотдош бўлишни ХАЛҚИМ, МИЛЛАТИМ учун хақорат деб биламан. Қўли қонга ботган, ўтмишдаги ижобий ишларига қора бўёқ сурган бу аёл билан бир сафда бўлишдан ор қиламан ва шу боис менга 2009 йилда топширилган АҚШ Давлат Департаментининг «Жасоратли аёл» мукофотидан воз кечишим ҳақида дилда алам, кўзда ёш билан маълум қиламан.
"Ўтюраклар” Клуби Инсон ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари,
"Мартин Энналс” номидаги Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари
Олий мукофоти ва Франция Республикасининг
"Озодлик¸Тенглик¸Биродарлик” мукофоти совриндори
Мўътабар Тожибоева.
|