![Санобар Шерматова](http://wscdn.bbc.co.uk/worldservice/assets/images/2010/09/29/100929123248_sanobar-shermatova_226x170_nocredit.jpg)
Санобар Шерматова Россиядаги энг таниқли ўзбек журналистларидан бири эди
Москвадан келаётган хабарларга кўра, таниқли журналист, Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Санобар Шерматова 59 ёшида оламдан ўтган.
Яқинларига кўра, Санобар Шерматова душанбага ўтар кечаси тўсатдан ҳушидан кетиб, ўзига келмаган.
Унинг кенжа ўғли Тоҳир ҳозирда онаси жанозасига тараддуд кўраётганларини айтган.
Тоҳир Би-би-си билан суҳбатда Россия ва Ўзбекистонда хотин-қизлар байрами бошлангани сабабли Санобар Шерматовани тупроққа қўйиш муддати аниқ эмаслигини айтди.
Санобар Шерматова Марказий Осиёга оид сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий масалаларда Би-би-си билан доимий ҳамкорлик қилиб келган.
Вафот этишидан бир неча кун олдин журналист ўтган йил ёзида Қирғизистонда юз берган миллий низоларга оид китоб ёзаётганини маълум қилганди.
Санобар Шерматова Қашқадарёда таваллуд топган.
Москва Университетида журналистикадан таҳсил олган.
Журналист деярли 20 йил давомида Россияда фаолият олиб борди.
Сўнгги йиллари Россияда "Московские новости" ҳафталиги ва "Большая политика" журналида сиёсий шарҳловчилик қилди.
Аммо журналистик изланиш ва таҳлилларида, асосан, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Доғистон ҳамда Чеченистон масалаларига эътибор қаратди.
Охирги пайтлардаги мақолаларида Марказий Осиё геосиёсати ва нефть-газга бой минтақанинг Россия, Хитой ҳамда Ғарб қизиқишлари кесишувида қандай аҳамият касб этаётганига урғу берганди.
Шу қаторда, айнан табиий заҳиралари боис Марказий Осиё атрофида юзага келаётган янгича геосиёсий вазият ва ўзгаришлар ҳам журналист эътиборидаги мавзуларидан эди.
Би-би-си Санобар Шерматова яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.