Россияда нашр этилувчи "РБК daily" нашрига кўра, Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги мамлакатдаги уяли телефон ширкатларидан "шубҳали" кўрилган sms ёзишмалар ҳақида агентликни хабардор қилишни сўраган.
"РБК daily" хабар қилишича, ҳукуматнинг бу ҳақдаги расмий кўрсатмасини уяли телефон ширкатлари 14 март куни олганлар.
Рўзноманинг билдиришича, агентлик интернет хизмати кўрсатувчи операторларга ҳам ижтимоий тармоқларни давомли кузатиб боришни топширган.
Шунингдек, Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги республикадаги операторларни ҳукуматнинг биринчи талаби билан уяли алоқа хизматини ўчиришни талаб қилгани ҳақида ёзган "РБК daily".
Ушбу қадам Яқин Шарқ мамлакатларида ҳукуматга қарши норозилик намойишларини ташкил этишда Facebook, Twitter ижтимоий тармоқлари, мобил телефонлардан номалар йўллашдан фаол фойдаланилгани ортидан қўйилмоқда.
Рўзнома мухбири, мақола муаллифи Елизавета Сергинанинг Би-би-сига айтишича, ушбу хабарни Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигидаги манба тасдиқлаган.
"Мен бу ҳақда хабар етказган манбани ошкор эта олмайман. Хабар, албатта, расман тасдиқлангани йўқ. Лекин Ўзбекистондаги уяли алоқа операторларидаги манбамиз, шунингдек, Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигидаги манбалар бу хабарни тасдиқлашди. Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган уяли алоқа операторлари бу ҳақда расман хабар беришга тайёр эмаслар. Чунки Россия операторлари Марказий Осиё республикаларида мураккаб шароитда бизнес юритишларини яхши билишади. Яқинда МТС ширкатининг Туркманистонда фаолияти тўхтатилгани бунга яққол далил деб айтиш мумкин", деб айтди Елизавета Сергина.
МТС ширкатининг Ўзбекистондаги махсус вакили Би-би-си билан суҳбатда, республикада sms хабарлар устидан назорат кучайтирилаётгани ҳақидаги хабарни тасдиқ ҳам, инкор ҳам этмади.
Тошкентлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суҳроб Исмоиловнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати sms хабарларни назорат остига олмоқда, деган хабар бежиз эмас.
"Яқин Шарқ мамлакатларидаги ҳодисаларни Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ёритмади. Ундан кейин Тошкентдаги тадбирлардан бирида веб-саҳифалар мазмунини давлат томонидан назорат қилиш зарурлиги масаласи кенг муҳокама этилди", дейди Суҳроб Исмоилов.
Аввалроқ республикадаги FM радиостанциялар ходимларига қайси хорижий мамлакатлар элчихоналари билан алоқада бўлганлари ҳақида хабардор этиш буйруғи берилгани хабар қилинган.
Ўзбекистондаги мобил алоқа хизматини кўрсатадиган ширкатларнинг у ёки бу хизмат турини тўхтатиб қўйишлари шу пайтгача ҳам учраган.
Мамлакатда ҳокимият талаби билан ҳар йили 1 август - абитуриентларнинг тест синовини топширадиган куни барча операторлар бир неча соат мобайнида sms хабар хизматини тўхтатиб қўядилар.