Неча йилдирки, касбим тақазоси билан кимсан фалончи Килиманжаро чўққисини забт этибди, кимсан фистончи унга ўз давлати байроғини тикибди, деган хабарларга кўзим тушмай қолмасди.
Тўғрисини айта қолай, ҳали у, ҳали бу деган шууунча хабарнинг ичидан айнан шу мазмундагиси доимо алоҳида диққатимни тортиб келгани ҳам рост гап.
Аммо бу яқин-ўртада илк ўзбекистонлик Килиманжарони забт этибди, деган хабарни кутганмидингиз, дейдиган бўлсангиз, кўпчилик қатори мен ҳам йўқ, деб жавоб берган бўлардим.
Рукнимизнинг бу галги меҳмони эса, куни-кеча ана шундай шарафга нойил бўлиб, номи тарихда қолган ўзбекистонлик 31 ёшли Ҳилола Шукуровадир.
Африканинг Танзаниясида, денгиз сатҳидан 5.895 метр баландликда жойлашган Килиманжаро дунёнинг энг баланд тоғларидан бири саналади.
Эверест, Эльбрус тоғлари каби жаҳонда уни забт эта олмай, армонда юрганларнинг сони озмунча бўлмаган Килиманжаро Африканинг томи, деб ҳам аталади.
Ҳилола яқинда ана шу қўл етмас тоғнинг энг юксак Ухуру чўққисини забт этиб, унга Ўзбекистон байроғини тикишнинг уддасидан чиқишга муваффақ бўлди.
"Чўққининг тепасида туриб, Ўзбекистон байроғи билан суратга тушишнинг қанчалар ёқимли бўлганини айтинг. Буни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Кўзингиздан тирқириб ёш отилади, шундай чўққини забт этганингизни ҳали тузук-қуруқ англаб ҳам етмагансиз, чарчоқнинг зўридан зўрға оёқда турибсиз, аммо ўз мақсадингизга етганингиздан қувончингизнинг чеки йўқ ва Килиманжарони забт этишда ўзбекистонликларнинг ҳам бошқалардан қолишмаслигидан ғурур туясиз..." дейди Ҳилола.
Ухуру чўққиси тепасида унга чиқишга муваффақ бўлганларни табрикловчи сўзлар ва чўққининг узунлиги ҳақида маълумот битилган кўҳна тахта битик бор. Анъанага мувофиқ, Килиманжарони забт этишга муваффақ бўлган бахтли инсонлар ана шу ёғоч битик остида суратга тушишади, деркан, Ҳилола ушбу суратини сизу бизга тақдим этади:
Ҳилола Шукурова 1979 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Асл касби иқтисодчи.
Москванинг Г.В.Плеханов номидаги Иқтисодиёт Академиясини тугатган. Копенгаген Бизнес Мактаби ва Оврўпо Бизнес Мактаблари Уюшмаси(CEMS)нинг магистранти.
Муайян муддат микрокредит муаммолари билан шуғулланган.
Бунинг ортидан бир неча йил давомида Даниянинг фармацевтика саноатига асосланган консалтинг ширкатида фаолият олиб борган.
Ҳозир ҳам Данияда, халқаро фармацевтика ширкатида ўз карьерасини давом эттирмоқда.
Китоб ўқиш, саёҳат қилиш ва спорт (чопиш, сузиш, сквош, йога, таэквон-до...) жони-дили эканини айтади.
"Инсонлар аксарият ҳолларда ўз давлатлари "бойликлари"нинг қадрига етишмайди. Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадим шаҳарлари қанчалар ноёб ва тарихий экани бобида Афина, Рим ёки Мисрдан заррача қолишмайди. Худди шунинг учун ҳам, мен ҳар йили Ўзбекистоннинг турли бурчакларига саёҳат қилишни одат қилганман. Ҳар сафарим ортидан ўз юртингда туриб, қанча кўп нарсани ўрганишинг мумкинлигини англаб етаман," дейди Ҳилола.
Ўзиям нақ Килиманжарони забт этган биринчи ўзбекистонлик Ҳилола Шукуровага саволларингизни bbcuzbek.com га йўлланг.
Бизнинг электрон манзилимиз :
uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ё-да саҳифанинг ўнг томонидаги
махсус форма орқали саволларингизни юборишингиз мумкин.
Биз сизнинг саволларингизни кутиб қоламиз!
Ҳилола билан суҳбатимизни шанба куни "Дараклар" дастуримизда тинглаб, веб саҳифамиз орқали таниша оласиз.
Саволларингиз учун аввалдан ўз миннатдорчилигимизни изҳор этиб қоламиз.