Саиджаҳон Равоний: ҲАЖВИЁТ
***
1. Қора Мушук
2. Чаён
3. Калампир-туз
***
ҚОРА МУШУК
(қайта ишланган)
Қора мушук ўтди йўлимдан,
Олдимдаги тўхтади одам.
Аста, мени кузатиб зимдан,
Сигарета тутатди шу дам.
Бу киши сал менга танишдек,
Қайдадир у кичик амалдор.
Балки, ўша, ёки умас... лек
Иримда ҳам гўёки жон бор.
Қора мушук йўлдан ўтса гар
Омадсизлик келтирар эмиш.
Билмам, бу гап тўғри нақадар,
Қилмагандим илгари ташвиш.
Билмасдим ҳам мушук ўтганин,
Бахтсизликка ким, қачон йўйган.
Адашмасам, суйиб, гарданин,
Пайғамбарлар силашиб қўйган.
Шу чоғ эса бўлдим-ки иқрор,
Қора мушук келтирар офат.
Лек ўйламанг, эмас жонивор
Бу ердаги тавқи касофат...
Тўҳтасамми, дедим, ўзим ҳам,
Пинҳон боқдим ёнбошга хиёл,
Аравача етаклаб шу дам
Келар эди кўхлик бир аёл.
Бўлмасам-да жуда қаҳрамон,
Эркаклигим ҳар ҳолда аниқ.
Баъзида лек бадфеълман ёмон,
Мийғимда сўкиндим: "Қанжиқ!”
Ўтдим машъум чизиқдан илдам,
Жувон ўтди сўнг. Илло сурбет,
Қора мушук хотиржам шу дам,
Қараб турди, чекиб сигарет...
Ҳодисага бу бўлди анча,
Алла-қачон унутган эдим.
Яшаябман қўлдан кеганча,
Бугун ногоҳ, ё, товба, дедим:
Хуллас, кутар барчани кафан,
Дўстим, мудом оқкўнгил яша!
Камаз босиб лек тасодифан,
Қора мушук "пишибди” ўша!
***
ЧАЁН*
(қайта илданган)
Газандасан сен бир гаждумли, чаён,
Ҳеч кимнинг рўшносин кўролмагайсан.
Барчани чақурсан ҳаён беҳаён,
Маслагинг шу – чақмай туролмагайсан.
Панадан захарли луқмалар отиб,
Қарини чақарсан, ёшни чақарсан.
Табиатинг шундай – туғулаётиб
Ўз онанг қорнини ёриб чиқарсан.
Яшайсан кесак ва тошлар остида,
Кутмаганда ҳеч ким, бўлурсан пайдо.
Ҳамма сени эзиб ташлаш қастида,
Зар-безак шаклинг ҳам этмайди шайдо.
Мен эса борингдан шодман, э чаён,
Мен учун ўзингсан энг керак омил:
Чақишингдан менга йўқ асло зиён,
Аксинча, ижодим бўлур такомил!
***
ҚАПЛАМПИР-ТУЗ
(туркумдан)
***
Ёздим ночор Девонга арза –
Бир амалдор қийнаб ташлади.
Арзамни бул қайтарди мирза,
Шул амалдор кўра бошлади!
***
Пракирўрни адвакат сўтда,
Эллик марта қилиб қўйди "мот”.
Лек пракирўр ютди-я, шўтда,
Билмаса ҳам қандай юрар "от”?
***
Порахўрлик бизда йўқ нарса,
Пора олур Хелмут Қўлялар.
Қамаладур ким пора олса,
Олинади бизда дўлялар!
***
Путин, деб бир аталибди тоғ,
Ардоқлабди шум эл қардошин.
Даркор энди безашга қўймоқ,
Кенсарихон чўққига бошин!
***
Дебон: "Отам тулпор эди, хўв”,
Баъзи эшак мағрур ва гажир.
Унга қилмас эътироз биров,
Кўришар-ки қаршида хачир!
***
Ит бечора юради панд еб,
Гапиролмас, дардлари ихво:
Ит хурур, деб, ит тегибди, деб,
Нуқул унга қилишар иғво!
***
"Том ва Жерри” туркумин кўриб,
Мушук билан олишма, сичқон!
Итни кўрсанг, пишак, юғуриб,
Боло томга чиқиб ол чаққон!
***
АНДИЖОН
19 03 2011
- - -
*... ЧАЁН – Malkolm X Turkistoniy деган шаҳсга аталган
|