"Алжазира” телевидениеси: "Қирғизистон ўзбеклари адолатсизлик гирдобида”
March 19th, 2011
Бахтиёр Шоҳназаров
2010 йил июн ойида Қирғизистон жанубида ўзбекларга қарши қатлиом
уюштирилганига тўққиз ойдан ошди. Аммо, қонли воқеалардан кейин ҳам
минтақадаги ўзбек аҳолисининг ҳуқуқлари очиқ-ойдин пой-мол қилиб
келинмоқда. Куни-кеча хабар телеканали "Алжазира” орқали Ўшдан
тайёрланганиб, намойиш қилинган репортаж ҳам буни тасдиқлайди.
Репортаж муаллифи, мухбир Робин Форестаер-Уолкер (Robin
Forestier-Walker) қирғиз автомобил полицияси (АП) ходимлари билан бирга
жиноятчиликка қарши ўтказилаётган "Шторм” амалиёти рейдларига қатнашади.
Амалиёт давомида, йўлда кетаётган автомобиллар тўхтатилиб, ҳайдовчи ва
автомобиллар текширилади. Мухбир,
амалиётдан кўзланган мақсад олижаноб бўлишига қарамай, асосан ўзбеклар
АП ходимларининг нишонига айлангани, АП ходимлари уларга нисбатан ўз
вазифаларини суистеъмол қилиши одатий ҳол бўлиб қолганини айтади. Лекин,
мухбирга интервью берган Ўш шаҳар АП ходими Турдимамат Мамаевга кўра,
"улар учун ҳайдовчининг аҳамияти йўқ, чунки келаётган автомобил
ҳайдовчиси ўзбек ё қирғиз эканлигини билиб бўлмайди”.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари берган рақамлар эса Мамаевнинг
иддаоларини инкор қилади. Агар жами 93 киши АП ходимлари устидан шикоят
қилган бўлса, улардан атиги биттасигина қирғиз эканлиги, аслида нималар
бўлаётганини яққол кўрсатиб турибди (!). Форестаер-Уолкер айтишича, АП
ходимларининг бебошлиги, ўзбекларни асоссиз қўлга олиб, аёвсиз
дўппослаши ва озод қилиниши учун йирик миқдорларда пора олиши ҳолатлари
жуда кўп. Р. Форестаер-Уолкер АП бедодликларини бошидан кечирган икки
нафар ўзбек билан суҳбатлашади. Ҳар икки интервьюда ҳам, интервью
берувчиларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, уларнинг юзи
қорайтириб кўрсатилади.
Биринчи ёш ўзбек механик АП ходимлари томонидан тўхтатилганида, ёнида
кичкина пичоқ бўлгани учунгина қўлга олинади. "Ичкари”да уни аёвсиз
дўппослаб, оёғини синдиришади. Механикни озод қилиш учун оила-аъзолари
саккиз минг доллар пора беришади.
Иккинчи ўзбек эса акаси билан автомобилда кетаётганида тўхтатилиб,
кейинчалик қаттиқ калтакланган. Уни озодликка чиқариш учун яқинлари икки
ярим минг доллар пора беришга мажбур бўлишган. Фикримча, бундай фактлар
қирғизлар ўзбекларнинг пешона тери эвазига топган пулларини худди
қароқчилардек тортиб олиш эвазига бойиб бораётганини исботлайди.
Форестаер-Уолкер қирғиз ҳукумати Оврўпа Иттифоқи тинчликни сақлаш
полициясини мамлакатга киритмагани, кейинчалик эса жуда кам миқдордаги
халқаро полициячиларни киритгани, улар ҳам участкалардан ташқарига
чиқмай ўтирганини таъкидлаб, интервью беришдан бош тортишганини айтди.
Қирғизистон президенти Рўза Ўтинбоева яқиндагина, 8 март халқаро
хотин-қизлар байрамида, АҚШ давлат департаментининг нуфузли "Жасур аёл”
мукофотини шахсан давлат котиби Хиллари Клинтон хонимнинг қўлидан қабул
қилиб олди. Ўзбек инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева бунга
норозилик сифатида, ўзбек халқи қони тўкилиши олдини ололмаган давлат
раҳбари билан битта рўйхатда туролмаслигини билдириб, 2009 йили олган
худди шундай мукофотидан воз кечганлигини эълон қилди. "Алжазира”
телевидениесида Ўшдан тайёрланган репортаж қирғиз давлати раҳбари
ҳалигача ўзбек аҳолининг ҳуқуқлари сурункали равишда бузилиши
ҳолатларининг олдини ололмаётганини яна бир бор исботлайди.
"Алжазира”да намойиш қилинган "Uzbeks in Kyrgyzstan cry foul” номли
репортажни қуйидаги линкдан инглиз тилида томоша қилишингиз мумкин:
http://english.aljazeera.net/video
www.yangidunyo.com
|