Қирғизистон қамоқхоналарида ўтган ҳафта маҳбуслар эълон қилган оммавий очлик давом этмоқда.
Бу ҳақда ҳукумат қошидаги Жазоларни ижро этиш бўйича давлат хизмати раиси биринчи ўринбосари Калибек Кочкиналиев билдирган.
Унинг айтишича, қамоқ жойларида бошқа фавқулодда ҳолатлар ва ички тартиб бузишлар кузатилмаган.
Очлик эълон қилингандан буён бир неча маҳбус
вафот этгани хабар қилинади. Расмийлар икки маҳбуснинг ўлимини уларнинг
оғир сил касаллигига чалинганлари билан боғлашган. Аммо, очлик амали
билан боғлиқ ўлим ҳоллари ҳали тасдиқланмаган.
Маҳбуслар ва уларнинг қариндош-уруғлари мазкур
норозиликларни "қамоқхоналардаги чидаб бўлмайдиган шарт-шароитлар" боис
эканини айтишади.
Ҳукумат мулозимлари эса, давлат
қамоқхоналаридаги оммавий тадбирни "жиноий доиралар уларга қарши
мамлакат муваффақиятли кураш юритишига қаршилик кўрсатиш" сифатида
тасвирлаган.
Қирғизистон Жазоларни ижро этиш бўйича давлат
хизмати матбуот котиби Эркин Конулкуловнинг билдиришича, мамлакатдаги ўн
олти қамоқхонадан фақат учтасида уюштирилган равишда очлик эълон
қилинган. Ва очлик қилаётган маҳбуслар асосан қамоқхоналардаги ҳаммомлар
таъмирланмагани, тозалик қоидаларига риоя қилинмаслиги каби
муаммолардан шикоят қилишмоқда.
Ўлим ҳоллари
Хабарларга кўра, ўтган ҳафта охирида Қирғизистон
қамоқхоналарида оммавий очлик эълон қилинганидан бери 4 маҳбус вафот
этган. Аммо, ўлим ҳоллари ҳақидаги рақамлар ҳали тасдиқлангани йўқ.
Сешанба куни эрталаб Бишкекдаги 1-рақамли тергов
қамоқхонаси ва 27-рақамли қайта тарбиялаш колониясида аввал сил
хасталигига чалингани айтилган икки маҳбус ҳаётдан кўз юмган.
Ўшдаги инсон ҳуқуқлари фаоли Равшан Гапиров
ўтган шанба куни шаҳар ички ишлар бўлими қамоқхонасида ҳам очлик эълон
қилган маҳбуслардан бири оламдан ўтганини айтади:
- Бу оммавий очлик жума куни эълон қилинган
бўлса, мазкур ҳодиса шанба куни рўй берган. Шаҳар милицияси қошидаги
қамоқ жойида маҳбуслар йўқлама хоналаридан ташқарига чиқишган. Ўшанда
улардан бирини алоҳида ажратиб қолган. Кейин маҳбуслар қамоқхонага
қайтиб борган пайтда ҳалиги кишининг жасади ерда ётган бўлган. Жасадда
очиқ кўринган биронта нишон, ғурралар йўқ экан. Исми Равшан,
Жалол-Ободдан келган қирғиз йигити бўлган, уни оиласи олиб кетибди...,-
дейди Равшан Гапиров.
Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари фаолига аввал марҳум билан бирга қамоқхонада сақланган одамлар телефон орқали хабар беришган.
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги, Ўш шаҳри ички
ишлар бўлими ва Жазоларни ижро этиш идораси тиббиёт хизматининг бир
қатор мулозимларига мазкур хабарларга ойдинлик киритишни сўраб қилган
мурожаатларимиз самарасиз қолди. Ҳеч ким бу ҳақда аниқ маълумот бермади.
Маҳбуслар ўлими, хусусан, Ўш қамоқхонасидаги ўлим ҳолини ҳам бирон ким
тасдиқламади ва ё инкор қилмади.
Баъзи ходимлар эса, раҳбарият идорада йўқлиги ва махсус рухсатсиз битта ҳам сўз айта олмаслигини билдиришди.
Жазоларни ижро этиш идораси матбуот хизмати
бошлиғи Эркин Конулкулов оммавий ахборот воситаларига кейинроқ батафсил
маълумот берилини айтди.