![](http://wscdn.bbc.co.uk/worldservice/assets/images/2011/03/28/110328110856_kazakh_hijab_466x262_none_nocredit.jpg)
Президент Назарбоев паранжи ёки ҳижобни талаба ёки ўқувчи ёшлар кийганларга қарши эканини айтганди
Қозоғистон мусулмонлар диний
бошқармаси дизайнерлар орасида қозоқ маданияти ва Ислом асосларига тўғри
келувчи кийимлар яратиш борасида танлов эълон қилмоқчи.
Диний бошқарма яқинда мамлакат Президенти
Назарбоев томонидан ҳижоб ва паранжига қарши айтилган гапларга шу тарзда
муносабат билдирмоқда.
Шу билан бирга диний бошқарма Президентнинг
гаплари қонуний асосга эга эмаслигини, фақатгина конституциявий қонун
ҳижобни тақиқлаши мумкинлигини билдирди.
Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг
паранжи ва ҳижобга қарши айтган гаплари жамоатчилик орасида кенг
муҳокамага сабаб бўлди. Мусулмонларнинг мамлакатдаги энг йирик ташкилоти
саналадиган Мусулмонлар диний бошқармаси ҳам ушбу масала юзасидан ўз
муносабатини билдирди.
Диний бошқарма аппаратининг раҳбари Қайрат
Жўлдибайули муфтият веб саҳифасида "Ўқув юртларида ҳижоб кийишни қонунан
тақиқлаш керакми?" сарлавҳаси остида мақола ёзган.
Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармаси
расмийси: "Қизларни куч билан бу каби кийинишлардан чеклашнинг ўрнига,
муқобил йўлларни топиш керак. Бизнинг анъаналаримизда рўмол йўқ.
Аждодларимизнинг муқаддас Қуръон кўрсатмаларига қарши чиқмаганини
назарда тутиш лозим. Аксинча улар (аждодларимиз, таҳ. Би-би-си)
маданияти, анъаналари ва диний асосларга мос келувчи кийимлар
яратишган", - дейди.
Фикрини шу тарзда ривожлантирган Қайрат
Жўлдибайули Ислом бўйича аёллар юзи ва қўллардан бошқа қисмни тўсиб
турувчи ҳар қандай кийимни кийиш мумкинлиги айтади.
Жўлдибайули жанобларининг айтишича, Қозоғистон
мусулмонлар диний бошқармаси дизайнерлар орасида қозоқ маданияти ҳамда
Ислом асосларига тўғри келувчи кийимлар яратиш борасида танлов эълон
қилишни мўлжаллаётганини айтди.
Дизайнерлар томонидан яратиладиган кийимлар
қозоқ маданиятига тўғри келиши билан бирга Исломда тақиқланмаган
кийимлар бўлиши керак. Яъни, авратни ёпиб турувчи кийимлар маъқул
кўрилади.
Диний бошқарма расмийсига кўра, Президент
Назарбоев ҳижоб тўғрисида ўз фикрини билдираркан, у Конституция бўйича
тақиқланганини айтмаган.
"Ҳижобни Қозоғистон Республикаси қонунларидан бошқа қандай тарзда тақиқлаш мумкин?" - дейди Қайрат Жўлдибайули.
Бундан сал олдинроқ, Туркистон шаҳрига сафар
қилган Президент Назарбоев жамоатчилик вакиллари билан учрашган ва
паранжи ва ҳижобга қарши эканлигини айтган эди.
"Мен паранжига мутлоқ қаршиман. Айниқса, паранжи
ёки ҳижобни талаба ёки ўқувчи ёшлар кийганларга қаршиман. Бизнинг
тарихимизда ҳеч қачон бунақаси бўлмаган, бунақа анъана ҳам бўлмаган.
Ҳақиқий динни ажрата олиш керак", - деб айтган Назарбоев.
Қозоғистон ўқув юртларида қизларнинг ҳижоб ўраш масаласи бир неча йилдан бери долзарб бўлиб келмоқда.
Илм ва таълим вазирлиги ички тартиб қоидаларга
асосланиб ҳижоб ўрашни тақиқлаган. Аммо, Адлия вазирлиги ҳижоб ўраш
Қозоғистон қонунларига қарши эмаслигини бир неча маротаба урғулаган эди.
Шу пайтгача ҳижоб борасида ўқиш жойларида
муаммоларга дуч келаётган муслималар қонун бундай кийинишни тақиқламаган
деган асос билан муаммони бартараф этиб келишаётганини айтади.
Исмини ошкор қилишни истамаган коллеж талабаси
ҳам ўқув юртида тақиқларни қонунга асосланиб ҳал қилганини айтаркан,
ҳижобни ечмаслигини билдирди.
"Ҳақиқий мусулмон Аллоҳнинг айтганини қилади.
Айримларга ўхшаб Президент ҳижоб ёқмаяпти деди, демак ҳамма ечиши керак
деб фикрламайди. Ҳамманинг ўз фикри бор. Боз устига, Ислом
мамлакатимизда кенг ёйилмоқда. Гарчи, бизнинг Президентимиз ва бошқалар
қарши бўлишса ҳам, биз, Иншааллаҳ, ҳижобимизни ечмаймиз", - дейди коллеж
талабаси.
Қозоғистон мусулмонлар иттифоқи раҳбари Мурат
Телибеков Президент Назарбоев ҳижоб масаласида гапираётганида масалани
яхши ўрганмаганини ва юзаки ёндошганини айтади. Чунки, ҳозир, унга кўра,
Афғонистонда тақиладиган паранжини Қозоғистонда ҳеч ким киймайди.
"Муаммони жуда ҳам юзаки ўрганган. Унинг на
мазмунига ва на анъанасига эътибор қаратган. Мана шунақа юзаки қараш
одамнинг бундай масалаларда гапиришга лойиқ эмаслигини кўрсатади.
Мусулмон умматига ўта муҳим бўлган масалага юзаки фикр билдиришга
Президентнинг ҳаққи йўқ эди", - дейди Мурат Телибеков.
Телибеков жанобларига кўра, ўтмишда қозоқ
қизлари калта юбка кийишмаган. Агар Президентнинг гапидан келиб
чиқиладиган бўлса, бу каби кийимлар ҳам тақиқланиши керак.