Тожикистон жанубидаги Қўрғонтепа шаҳри масжидларининг бири бузиб ташлангани намозхонлар орасида норозилик уйғотган.
Маҳаллий прокуратура мулозимлари масжид
бузилишини у қурилган ер ва масжид қуриш учун тегишли ҳужжатлар
бўлмаганлиги билан изоҳлашган.
Расмийлар Қўрғонтепада мусулмонларнинг намоз
ўқишлари учун барча шароитлар мавжудлиги, жумладан, 12 та масжид
борлигини таъкидлашган.
Маҳаллий кишилар орасида эса, гарчи ҳужжатсиз
қурилган бўлса-да, масжид биноси бузилиши тўғри эмаслиги, ундан шаҳар
аҳолиси эҳтиёжи учун зарур бўлган бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин
эканлиги борасидаги фикрлар янграган.
Расмийлар аввалига Хатлон вилояти маркази –
Қўрғонтепа шаҳридаги 300 нафарга яқин намозхон қатнайдиган масжидда
намоз ўқишни тўхтатишган. Кўп ўтмай мазкур масжид биноси бузиб
ташланган.
Масжид шаҳар бозорига яқин, Мирзоқодиров номли
кўчада жойлашган. Намозхонлардан бирининг фикрича, масжиднинг бузилишига
балоғатга етмаган икки намозхон сабаб бўлгани эҳтимолдан узоқ эмас.
"Бу икки ўсмир шом намози пайтида пайдо бўлди.
Биз уларни танимаймиз. Балки масжидни ёпиш мақсадида бу иш атайлаб
уюштирилгандир," деди ўз исмини ошкор этишни истамаган намозхонлардан
бири.
Ўтган йили Душанбедаги муваққат тутқунгоҳдан
оммавий қочиш, Хўжанд шаҳрида худкуш ҳужумчи томонидан содир этилган
портлаш ва Раштда ҳарбийлар тушган машиналар карвонига ҳужумдан сўнг
масжидга намоз ўқиш учун бораётган ёшлар ва ўсмирлар қаттиқ назорат
остига олинган эди.
Айниқса, жума намозларидан олдин ҳуқуқ-тартибот
мулозимлари масжидлар олдида намоз ўқишга келаётган мактаб ўқувчиларини
тўхтатиб, масжидга киришга қўйишмаган.
Расмийлар нима дейди?
Айни пайтда Қўрғонтепа шаҳар прокуратураси
мулозимларининг айтишларича, масжид ноқонуний асосда қурилган. 200
квадрат метр ерни эгаллаган масжид қурилиши учун давлат мақомотидан
ижозат олинмаган ва қурилиш учун ер ажратишга оид бирон расмий ҳужжат
ҳам бўлмаган.
"Айни шу сабабларга кўра, масжид қурилиши
ноқонуний дея топилди ва прокуратура бу масжидни ёпишга қарор этди,"
деди прокуратура мулозими.
Расмийлар Тожикистоннинг бошқа ерларида бўлгани
каби Қўрғонтепада фуқароларнинг виждон эркинлиги йўлида ҳеч қандай тўсиқ
йўқлигини айтар эканлар, ҳозирда шаҳарда 12 та масжид мавжуд
эканлигини, жоме масжидларидан бирида жума намозини 10 минг нафаргача
намозхон адо этишини урғулашади.
Намозхонларнинг айтишларича, масжид имом-хатиби
ва маҳалла масъуллари давлат мақомотларининг масжидни расмий тарзда
рўйхатга олишлари учун ҳаракат қилишган. Лекин турли баҳоналар билан
бунга ижозат берилмаган.
Аксинча, масжид қурилган ер ҳужжатсиз
эгаллангани ва ноқонуний иморат қурилгани учун масжид имом-хатиби ва
масжид жойлашган маҳалла раисига нисбатан маъмурий жазо қўллангани
айтилади.
Уларнинг ҳар бирига 350 сомонийдан, бу деярли 75 АҚШ долларига тенг жарима солинган.
"Менимча, ҳатто масжид қуриш учун етарли
ҳужжатлар бўлмаган тақдирда ҳам унинг биноси бузилмаслиги керак эди.
Айтишларича, масжид биноси чойхона сифатида расмийлаштирилган экан.
Қанча меҳнат ва маблағ сарфланган тайёр иморатни бузмасдан, ундай
чойхона, ё айтайлик кутубхона сифатида фойдаланиш ҳам мумкин эди-ку,"
дейди ўзини Давлатбек Комилов деб таништирган қўрғонтепалик.
Кузатувчиларнинг айтишларича, бу Хатлон
вилоятида ёпилган биринчи масжид эмас. Гарчи расмий маълумотлар
келтирилмаса-да, фаолияти тўхтатилган масжидлар сони йигирматадан оз
эмаслиги айтилади.
Бундан олдин эса, айни шу ҳужжатлар йўқлиги
рўкач қилинган ҳолда Шимолий Тожикистоннинг Исфара шаҳрида ўндан ортиқ
масжид ва мадраса ёпилганди.
Айни пайтда кузатувчилар ўтган йил кузидан
бошлаб Тожикистонда террорчилик ва экстремистик ҳодисалар олдини олиш
учун кураш кучайганини таъкидлашади.
Ушбу террорчилик ҳодисаларидан сўнг
имом-хатибларни қайта синовдан ўтказиш, хорижда ўқиётган тожикистонлик
талабаларни қайтариб келиш, оммавий сотувда бўлган диний мавзуда суратга
олинган кино ва таниқли уламолар овозлари ёзилган дискларни мусодара
этиш бошланиб кетган эди.