"Инсон ҳақлари шунинг учун ҳам Қонун ҳукми билан ҳимоя
қилиниши керак-ки, токи инсон зулм ва истибдодга қарши сўнгги чора
сифатида қўзғолонга бош урмасин." (1948 йил 10 декабрда
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси тарафидан қабул
қилинган "Инсон ҳақларининг умумудекларацияси") Азиз ва муҳтарам ватандошлар, Халқимизнинг
Шўролар зулмидан қутулиб, уларнинг сарқити бўлмиш Каримов зулмига
тутилганига 21 йил бўлди. Бу йиллар давомида Каримов ҳукумати халқимизга
мислсиз азоблар чектирди, уни ақл бовар қилмас усуллар билан қийнади,
хўрлади, ҳақоратлади. Халкимиз қашшоқ ва ночор аҳволга
тушди. Фақат мухолифат вакилларини эмас, тазйиқ ва таъқибларига қарамай,
ўз ақли ва ғайрати билан оиласини пул топиб боққан, сал қаддини
кўтaрган мард ҳам режим душманига айланди. Mамлакат
миқёсида " Ўзбекистонни келажаги буюк давлат” каби шиорлар янграсада,
лекин халкимиз хаётида ўзгаришлар бўлмади. Мамлакат бўйлаб тарқалган
пораҳўрлик, коррупция, ишсизлик ва раҳбарларни масьулиятсизлиги ҳалқимиз
тинкасини қуритди. Бугунга келиб, Ислом Каримов ва унинг хукумати
халкимиз ишончини қозониб, уларга ёлғон ваьдалар бериб, халқни барбод
қилди. Уни зулми ва ижтимоий адолатсизлиги шу даражага
етдики, оила тебратиш мақсадида эркагу-аёллар дарбадар мардикорга
айланди, ёш болалари паҳта далаларига хайдалди. Бугун энг калбни
тирнайдиган азоб шуки, халқимизни энг самимий ва покиза ишлари, орзу
ниятлари бор дўстларимизнинг турмаларда турли хил нохақ айбловлар билан
айбланиб жабр кўраётганларидир. Каримов хукумати бу каби инсонларни
тинимсиз турмаларга тиқмоқда, уларга узоқ муддатлар бермоқда. Ўз халқига
ва ўз юртини обод қилишга бел боғлаган инсонларни йуқотиб келмоқда. Жамиятимизда
ахлоқ, ҳаё тушунчалри ўз қийматини йўқотмоқда. Наслу насабимизга ёт
бўлган ўғирлик, зино, фaҳш каби иллатлар миллатимизга одат бўлди.
Хотин-халаж нон топай деб, бегона элларда дарбадар кезмоқда. Уятдан
Ўзбекман деб бош кўтариб юролмайдиган бўлдик. Ўзбек ўз маҳрамини, хотин қизларини нон топиш учун кўчага юбормаган. Очдан ўлса ўлганки, буни қилмаган! Коммунистларнинг сарқити Каримовдан қўрқиб шу аянчли аҳволга тушдикми? Биз босқинчиларга қарши курашган Жалолиддин Мангубердининг, Темур Маликнинг, зурёдларимзику! Биз
Чор Русияси истибдодига қарши бош кўтарган Дукчи эшон, Ленин
большевиклар зулмига қарши курашган Мадаминбек каби озодлик курашчилари
авлодларимизку! Каримов ҳам аждоди большевиклар каби ноқонуний ҳокимиятини зўравонлик билан тутиб турган золимдир! Каримов ўзи қабул қилган Конституция бўйича президентлик муддати битса ҳам ўзини яна президентликка сайлаган муттаҳамдир! Биз шу муттаҳамдан қўрқиб шу тубан аҳволга тушдикми? Каримов
21 йил давомида ўзи қабул қилган Конституцияни сурункасига бузди ва бу
хизматлари учун ўзига ўзи "халқ қаҳромони” унвонини тақди. Биз
Қонуннинг бузилганига қарши чиқсaк, бизни аксилконституцион жиноят
содир қилди деб, Жиноят Кодексининг 159 моддаси билан жазолади. Шуми адолат? Шуни адолат деб бизни алдаётган ҳукуматдан адолат кутиш мумкинми? Бу савол бугун берилаётгани йўқ. Ўзбек халқи 21 йилдан бери шу савол билан яшаяпти. Бу
саволга жавоб топиш учун сиёсий ташкилотлар тузилди, ўзларича,
демократик услубда, тинч йўл билан ҳукуматни инсофга чақирдилар, аммо
ҳукуматнинг уларга жавоби қатағон ва тазйиқ бўлди, улар "халқ душмани”
деб эълон қилиниб, турмага ташланди, қувғин қилинди ва ўлдирилди. Бу
саволни берган мусулмонлар "ислом фундаменталистлари” деб аталиб,
"Жаслиқ” каби концлагерларда қийноқларга солиниб, ўлдирилдилар. Бугунда
Ўзбекистон турмаларида Оллоҳга инонганлари учун, унга ибодат қилганлари
учун мингларча биродарларимиз азоб чекмоқда. Жаллодлар мусулмон
махбусларни "Каримовни худо дейсан" деб,тирноқларини суғуриб олмокда. Бу даҳшатли зулмдан қутулуш учун нима қилиш керак? Каримовдан демократия талаб қилиш, ўрмонда бизга ҳужум қилаётган тўнғизга маъруза ўқиш билан тенг. Иймонсиздан инсоф талаб қилиш, қотилдан шафқат сўраш кулгили. Бугунги
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган қонун йўқ, қонун бўлса
ҳам унга риоя қиладиган ҳукумат йўқ, ҳамма ерда зўровонлик ва
адолатсизлик ҳоким, шу боис ҳам одамларнинг мавжуд истибдодга қарши бош
кўтаришдан ўзга чораси йўқ. Каримов зулмидан қутилишнинг ягона йўли - унга буйсунмасликдир, бутун ўлкада БЎЙСУНМАСЛИК ва ЎЗБЕКИСТОНДА ДИКТАТОРЛИК РЕЖИМИНИ ЙЎҚОЛИШИНИ ТАЛАБ ҚИЛИШ харакатини бошлашдир. Бунинг нима эканини аввалданоқ тўғри тушунмоғимиз зарур. -Биз
Каримов режимига қарши кураш деганда битта гуруҳнинг ҳокимият учун
курашини эмас, қулликдан қутулиш учун бошланган халқ курашини тушунaмиз. -Бизнинг курашимиз халқимизни зулмдан қутқариш учундир. -Биз
бу курашга халқимизни бошқа ҳур миллатлар қаторида ҳушнуд ва бахтиёр
кўриш учун кирдик. Унинг ўз дини ва урф одатларини ҳур иродаси билан
бажо келтиришига ёрдам бериш ниятида кирдик! -Биз бу курашда мазлум ўзбек халқига хайрирох бўлган адолатпарвар кучлар ва давлатлар билан мулоқотга тайёрмиз! -Биз
Каримов рeжимининг зулмига қарши бўлган барча шахслар билан алоқада
бўламиз, уларни ўз сафимизга келиб қўшилишларини шарафлаймиз! -Биз мавжуд мухолифат партиялари билан ҳам, жорий ҳукумат ичидаги Каримовдан норози бўлаётган маъмурлар билан ҳам алоқадамиз! -Биз
Ўзбекистон давлатининг армиясини ҳам ўзимизга душман деб билмаймиз.
Ҳатто бизга зулм қилаётган хуқуқ тартибот тизимларига ҳам душман
эмасмиз.Улар Каримовнинг буйруғини бажараётганини яхши биламиз. Бу
тизимларда ҳам бизнинг халқимиз вакиллари ишлайди. Улар ҳам аслида
Каримов зулмидан безиб бўлган. Биз улар билан ҳам мулоқoтдамиз ва бу
мулоқотни янада кенгайтирамиз! -Бизнинг душманимиз фақат ва фақат халқнинг қонини ичаётган Каримов, унга яқин бир ҳовуч қотил ва қароқчилардир. Шунинг учун бугунги мақсадимиз - зулмни йуқолишини кутиш эмас, балки у билан курашиб енгишдир. Ўзбекистонда озод ва ҳур иродали халқ бўлайлик ва орзу – умидларимизни ватанимизда рўёбга чиқарайлик.
|