Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни қийноқлар мунтазам равишда қўлланилувчи давлат эканини айтиб келишади
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи
Тошкентда жойлашган Эксперт ишчи гуруҳи Қашқадарё вилоятида "жиҳодчи"
дея тамғаланган 13 кишининг маҳкама иши ва тергов даврида юз тутган
қийноқлари борасида батафсил ҳисобот чоп қилган.
Ҳисоботда Нишон туманидан бўлган, энг ёши 34 ва
энг каттаси 54 ёшли 13 эркакнинг терговчилар томонидан диний айбларда
айбланиб, оммавий тарзда дўппослангани, жинсий таҳқирланганлари, ва
яқинлари олдида турли қийноқларга тутилганлари тасвирланади.
Судланганларнинг деярли барчаси, ҳисоботга кўра,
сохта айблар билан қўлга олинган, уларнинг уйларида тинтувлар
ўтказилиб, оиланинг ҳажга сафари туширилган видеокассеталар ва суратлар
ҳам экстремистик қарашларнинг далил-исботи сифатида олиб кетилган.
Айбланувчилардан бири Ашир Раҳимовга тинтув
ортидан тўққиз варақ оқ қоғозга имзо чекдирилган ва булар сўнгра сохта
иқрорнома ёки кўрсатмалар билан тўлдирилган.
Ҳисоботда айбланувчилар гўёки юз тутган қийноқлар батафсил тасвирланади.
"2010 йил 20 сентябрида бир ходим Шамсиддин
Раҳимовнинг бошига противогаз кийдириб, қўли билан нафас йўлини тўсган,
бошқа ходимлар эса Раҳимовнинг қўлини маҳкам ушлаб турганлар... Маст
ҳолатида бўлган Нишон ИИБси ходими Раҳимовнинг юзи ва сонига урган.
Бошқа ходим буйруғи билан уни қип-яланғоч қилиб ечинтиришган, бошқа
ходимлар сўнгра зажигалка билан унинг жинсий органларидаги тукни ва
қўлтиғидаги тукни ёндира бошлаганлар. Кейин противогаз кийдириб яна
дўппослашган".
Дўппослашлар сохта кўрсатма ё иқрорнома беришдан бош тортган айбланувчиларга қарши қўлланган.
Айбланувчилардан бири, Адбумажид Тошпўлатов, ўз
рафиқаси Зулфия Қирғизова кўзи олдида дўппосланган, қип-яланғоч
ечинтирилиб, таҳқирланган ва тўқмоққа ўтқазиш билан таҳдид қилингани ҳам
тасвирланади.
Айбланувчилар қийноқлардан кўкарган таналарини
маҳкама залида прокурор ва ҳакамларга намойиш қилишлари маҳкама ортидан
уларнинг янада кўпроқ дўппослашларга учрашига сабаб бўлган.
Эксперт ишчи гуруҳи бу ҳисобот билан Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат этган, аммо одатдагидек, ҳукумат муносабат билдирилмаган.
Би-би-си Нишон тумани Ички Ишлар Бошқармаси билан боғланди, аммо бошқарма муносат билдиришдан бош тортди.
Эксперт ишчи гуруҳнинг раҳбари Суҳроб Исмоиловга
кўра, Ўзбекистон хавфсизлик кучлари "жиҳодчилар" каби гуруҳларни ўйлаб
чиқиб, экстремизм хавфини бўрттириб кўрсатишга уринишда давом этмоқда.
"Терроризм хавфи бор, ислом давлатини қуришга
уринаётган маълум жиҳодчилар гуруҳи бор дея хавфни кучайтириб,
бўрттириб, тартиб-интизомни янада жиловлаб олиши (ҳукумат учун)
фойдали", - дейди фаол.