Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга Қарши шаҳри, Ёшлик кўчаси 1 уйда истиқомат қилувчи Гулшан Қораева номидан
ОЧИҚ ХАТ
Ҳурматли Президент!
Мен Қораева Гулшан 1977 йил 18 январь кунида Қарши шаҳрида туғилганман ва юқорида кўрсатилган адресда муқим истиқомат қилиб келмоқдаман. Ўзбекистон фуқаросиман. Мени Сизнинг номингизга интернет тармоғи орқали мурожаат қилишимга бир сабаб мажбур қилмоқда. Маълумки, Қашқадарё вилояти Республикамизнинг чўл ўлкаси саналади. Бу ҳудудда яшаётган халқлар учун эса сув муҳимлигини эслатиб ўтишим учун ҳожат бўлмаса керак. Қарши шаҳри аҳолиси ҳар йилнинг қиш фаслида изғирин совуқда газсиз қолиб уй-жойини исита олмаса, ёзда ичимлик сувини ҳам топа олмай қийналмоқда. Қарши шаҳри ва Қашқадарё вилояти ҳокимликларига мурожаат қилиш эса фойдасиз. Ёзда сув, қишда эса газ бўлмайди. Агар, шу кунларда мен яшайдиган "Маҳоллот” маҳалласига ташриф буюрсангиз маҳалла аҳлининг челак кўтариб сув излаб юрганига гувоҳ бўла олардингиз. Биз тирик одамлармиз ва бизни бу ташвишдан ким қутқаради? Мамлакат Президенти бўлганингиз учун алал оқибат Сизнинг номингизга мурожаат қилишга мажбурман ахир. Қарши шаҳар газ тармоғи идораси йўқ газ учун, сув қувурлари ташкилоти эса йўқ сув учун пул олишдан уялишмайди, аммо аҳоли талабини қондиришга келганда уларнинг ҳаммаси ожиз ва ночор аҳволда қолишади. Улар Сизга мурожаат қила олишмайди. Эртаси, индинини, ўсиб каттароқ мансабга ўтириши лозимлигини ўйлайди улар. Биз, каттароқ мансабдан умиди йўқлар нима қилайлик энди? Айбимиз Ўзбекистон фуқаролари эканлигимиздами? Менинг ҳам қарамоғимда ногирон фарзандим бор. Унинг кийимларини ювишим, овқат тайёрлашим, чой қайнатишим учун ҳам сув қолмади. Баъзи ўзига тўқ оилалар ҳовлилари ичидан ҳовуз қилиб олишгани ҳам бор ва улар сувни қаерлардандир олиб келишади. Аммо бундай имкон ҳаммада бор деб бўлмайдику. Ишсизлар, ногиронлар, ёки қарамоғида ногирон боласи борлар, қўйингки, фалон пулга сув келтириб ичишга қодир бўлмаганлар додини кимга айтсин? Олдинда ёзнинг жазирамаси кутаяпти ва биз Қаршиликлар қандай қилиб сувсиз яшаб қоламиз? Саволлар кўп, аммо муаммога ечим йўқ. Ҳурматлик Президент! Аҳвол шу зайлда давом этадиган бўлса мен Қарши шаҳрининг бош майдонида норозилик билдириб бирор пикет ташкил этсам – бу мени прокурор ҳузурига етаклайдиган жиноят бўлиб чиқади. Лекин менинг ёзма, ёки оғзаки қилган ҳақлик талабларимга на прокурорлар, на ҳокимликдагилар парво ҳам қилмайди. Мен полиздаги лаълми буғдой эмасманку. Одамларга сув нафақат ичиш учун, балки шахсий гигиенаси учун ҳам, кир кийимларини ювиш учун ҳам зарур. Сизга бу мурожаатимни қиларканман, аҳолига лаоқал ичиши учун зарур бўлган сув муаммосини ҳал қилиб берарсиз деб умид қиламан.
27-апрель, 2011-йил. Гулшан Қораева, Қарши шаҳри.
|