Қирғизистон қамоқхоналарида қолаётган маҳбуслар яна очлик эълон қилди
Қирғизистон
пойтахти Бишкекдан келаётган хабарларга кўра, шаҳардаги 1-қамоқхонада
сақланаётган, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Қирғизистон фуқароси
Раҳматилло Туронов ва Ўзбекистон фуқароси Отабек Аҳадов чиқарилган
ҳукмни қайта кўриб чиқиш ҳақидаги талаблари эътиборсиз қолаётганига
жавобан очлик эълон қилган. Маълумотларга кўра иккала маҳбус Қирғизистон
Бош прокуратурасига ариза йўллаб, уларга нисбатан олиб борилган жиноят
иши қайта кўриб чиқилиши сўраган, аммо бу сўровга жавоб берилмаган.
Очлик
эълон қилган икки маҳбус алоҳида ишлар бўйича умрбод қамоқ жазосига
ҳукм қилинган ва уларнинг бири ўн йилдан бери қамоқда бўлса бошқасининг
қамоқда сақланаётганига саккиз йил бўлган. Ўзбекистонлик маҳбус Отабек
Аҳадов 2001 йили уйғур жамияти етакччиси Ниғмат
Баззаковни ҳамда хитойлик фуқарони ўлдирганлик айби билан ўлим
жазосига ҳукм қилинган, аммо 2007 йилда ўлим жазоси умрбод қамоқ
жазосига ўзгартирилган. Боз устига маҳбус Отабек Аҳадовнинг иши БМТ
қўмитасида рўйхатга олинган ва шу йил кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Қирғизистон фуқароси Раҳматилло Туронов ҳам уч аёлни ўлдирганлик айби
билан ҳибсга олиниб умрбодлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Маълум бўлишича, маҳбуслар Отабек Аҳадов ва Раҳматулло Туронов бир бирларидан айри ҳолда жазо муддатини ўташ даври мобайнида тўрт марта очлик эълон қилган ва ҳар сафар айни эътироз амалиётига жавобан уларнинг аризалари Олий суд томонидан қараб чиқилган ва ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган. Ҳатто мамлакат президент хузуридаги Авф этиш комиссияси ҳам уларнинг аризаларини ўрганган ва комиссия ҳам ҳукумни ўз кучида қолдирган. Айни пайтда Қирғизистон Бош прокуратураси Отабек Аҳадов ва Раҳматилло Туроновнинг аризалари ўрганилаётганини ва қонунда белгиланган муҳлат, яъни бир ой ичида аризалар қараб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинишини маълум қилган.
Қирғизистон
қамоқхоналарида маҳбуслар томонидан очлик эълон қилиш ҳолати жорий
йилнинг март ойида айниқса оммавий тус олган эди. Маҳбуслар ва уларнинг қариндош-уруғлари мазкур чорага "қамоқхоналардаги чидаб бўлмайдиган шарт-шароитлар” сабаб бўлганини айтганди. Очлик эълон қилинганидан буён бир неча маҳбус нобуд бўлгани ҳақида бўлган хабарлар расмийлар томонидан инкор этилди, уларга кўра, фақат икки маҳбуснинг ўлим топгани рост, аммо бу маҳбуслар оғир сил касаллигига чалинган
бўлган ва ўлим сабаби ҳам айни дардлари билан боғлиқ. Қирғиз расмийлари
очлик эътирози оммавий тарзда бир қатор жазони ижро этиш муассасасида
ўтаётганини ҳам инкор этганди.
Маълум
бўлишича, оммавий очлик эътирозида Вознесеновка қишлоғидаги
14-муассаса, Степной қишлоғидаги 2-аёллар муассасаси ва Норин шаҳридаги
4-тергов ҳибсхонасида сақланаётганлар иштирок этмаган.
Қирғизистон ҳукумати хузуридаги Жазони ижро этиш давлат хизмати матбуот котиби Эркин Қонулқулов
очлик қилаётган маҳбуслар асосан қамоқхоналардаги ҳаммомлар
таъмирланмагани, тозалик қоидаларига риоя қилинмаслиги каби муаммолардан
шикоят қилаётгани ва бу эътироз жиноятчи шахслар томонидан бошқарилаётганини айтганди. Аммо
28 март куни Қирғизистондан келган шошилинч ахборот расмийлар
иддаосини мутлақо инкор қилди. Шошилинч ахборотга кўра, очлик эълон
қилган маҳбуслар расмийларга ўз талабларини билдирган. Талабларда
хусусан, уюшган жиноятчиликка қарши кураш ниқоби остида мутлақо
гуноҳсиз бўлган фуқароларни ҳибсга олишни бас қилиш, тергов пайти ва
белгиланган жазони ўташ давомида қийноқлар қўллашни бас қилиш ва бунга
энг юқори идоралардан жиддий эътибор қаратиш айтилади.
Талаблар
орасида ҳибсда сақлаш жойларидаги ҳолатни яхшилаш, умрбод қамоқ
жазосига ҳукм қилинганлар ишини қайта кўриб чиқишлиши ва бунда уларнинг
ҳимоя ҳуқуқлари тўлиқ таъминланиши ҳақда ҳам таъкидланган. Талаблардаги
айни моддалар, очлик эътирози ортида айнан қамоқхона ва бошқа
муассасалардаги вазиятнинг нақадар оғирлиги ва маҳбусларга нисбатан ўта
шафқатсиз муносабатлар бўлаётганини исботлайди. Айни ҳолатда қирғиз
ҳуқуқ ҳимоячилари расмийларни маҳбуслар билан тинч музокара ўтказишга,
халқаро меёрлар даражасида иш тутишга ва куч ишлатишдан тийилишга
чақирганди.
www.Jarayon.com
|