Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси Ўзбекистон ҳукумати тарафидан диссидент шоир Юсуф Жуманинг қамоқдан озод қилинишини олқишлаган.
"Аммо, эътиқоди туфайли ҳали яна минглаб ўзбеклар қамоқларда қолмоқда. Ушбу маҳбусларни ҳам озод қилиш ва Ўзбекистондаги диний эркинликлар билан боғлиқ шароитлар юзасидан АҚШ ҳукумати Президент Каримовга босим ўтказишда давом этиши керак", дейди Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси раҳбари Леонард Лео.
Юсуф Жума Президент Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қилиши ортидан ҳибсга олинган ва беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.
Унинг рафиқаси 2010 йил Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссиясига маълумот бераркан, шоир Қорақалпоғистондаги "Жаслиқ" қамоқхонасида қийноққа солингани ҳақида айтган.
Комиссия Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқ қўллаш одатий ҳол бўлиб қолаётганини таъкидлайди. Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси махсус баёнотида 2005 йилдан бери ҳукумат Андижон ҳодисалари юзасидан халқаро мустақил текширувлар ўтказиш чақириқларини рад этиб келаётгани ва Андижон фожеасига алоқадор дея гумон қилинган мусулмонларга қарши маҳкамалар сони ортганини қайд этади.
"Ўзбекистон диний жамоалар, айниқса, мамлакатдаги аксариятни ташкил этувчи мусулмонлар ҳуқ-ҳуқуқларини кескин чекловчи диний қонунларга эга", дейилади баёнотда.
Шу билан бирга Ўзбекистон ҳукумати ўз талаблари доирасида ҳаракат қилмаган мусулмонларни ҳибсга олиши ҳамда сиёсий экстремизмни қўллаб-қувватлашда гумон қилинган мусулмон гуруҳларга қарши қатағон сиёсатини юргизиши айтилади.
Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссиясининг яқинда эълон қилинган йиллик ҳисоботида Ўзбекистонни "алоҳида хавотирга молик" ва ё диний эркинликлар ва инсон ҳуқуқлари энг кўп буғилган ва поймол этилган давлатлар рўйхатига киритган.
АҚШ Давлат Департаменти ҳам 2006 йилдан бери Ўзбекистонга худди шундай таъриф бериб келади. Аммо, 2009 йилдан сўнг Ўзбекистонга қарши бирон бир чора кўришдан тийилиб келади. Бунга сабаб қилиб эса, Ўзбекистоннинг Афғонистондаги АҚШ ва халқаро кучлар учун муҳим бўлган ноҳарбий таъминот юклари транзитида муҳим рол ўйнаётгани кўрсатилади.
Лео жанобларига кўра, Қўшма Штатлар жиддий ислоҳотлар ўтказиш юзасидан Ўзбекистонга босим ўтказишда давом этиши кераклигини айтади.
Унга кўра, ўзбек расмийларига қарши бирон бир жазо чоралари кўрилмаётгани Андижондаги шафқатсиз амаллар ҳамда диний эркинликларнинг кенг кўламда поймол этилиши ҳоллари учун жазосиз қолиш мумкинлигига оид нотўғри ишора беради.
"Шароитлар яхшилангунга қадар ҳақиқий жазо чоралари жорий этилиши керак", дейди Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси раҳбари Леонард Лео.