Ўзбекистондаги Оврўпо Иттифоқи ваколатхонаси раҳбари этиб тайинланган чехиялик дипломат Ондржей Шимек 23 майдан фаолият бошлаган.
Бу ҳақда Тошкентдаги Чехия Республикаси элчилиги хабар берган.
"Биз Чехия республикаси фуқароси ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси илк раҳбари этиб тайинлаганидан хурсандмиз", дейилади Чехия элчихонаси тарқатган хабарномада.
Оврўпо Иттифоқининг расмий очилиш маросими шу йил бўлиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда ОИ ваколатхонасини очишга оид қарор Президент Каримовнинг январ ойида Брюсселга ташрифи давомида кўтарилганди.
Ўшандан бери Оврўпо Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида мулоқотлар кечаётганди.
2005 йилги Андижон хунрезлиги ортидан Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга қарши қўллаган жазо чоралари иш бермаган.
Сўнгги йиллари эса Брюссел вакиллари Марказий Осиё бўйича янги стратегия ишлаб чиқиб, яккаҳоким бошқарув амал қилаётган, аммо нефт-газга бой ҳамда тобора геостратегик жиҳатдан муҳимлиги ошиб бораётган бу минтақа билан мулоқот ўтказиш йўлини танлашгани айтилганди.
Инсон ҳуқуқлари фаоллари Ғарб ўзининг геосиёсий ва иқтисодий манфаатларини ўйлаб, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ абгор ҳолатга кўз юмаётганини таъкидлашади.
Манфаатлар
2005 йилнинг 13 май куни Андижон марказида ҳукумат кучларининг тинч намойишчиларга қарата ўт очишлари натижасида аёллар ва болалар дохил юзлаб кишиларнинг қурбон бўлганликлари ишонилади.
Расмий Тошкентнинг халқаро мустақил терговга оид даъватларни рад этиши ортидан Оврўпо Иттифоқи 2005 йилнинг октябр ойида Ўзбекистонга қурол-яроғ эмбаргоси дохил бир қатор жазо чораларини киритди.
Аммо, Андижон қирғини юзасидан мустақил тергов ўтказилиши лозимлигига тил ҳам теккизмай, орадан тўрт йил ўтиб ўз санкцияларини бекор қилганди.
Халқаро инcон ҳуқуқлари ташкилотлар ва фаоллар бу ерга босинг Оврўпо Иттифоқи ўзининг Афғонистон ва Марказий Осиёдаги манфаатларини ҳисобга олиб, Андижон хунрезлиги, инсон ҳуқуқлари аҳволи каби масалаларни кўтармаётгани, кўтарган тақдирда ҳам айни масалани иккинчи ўринга қўяётганини айтишади.
Аммо, айримларга кўра, Оврўпо Иттифоқи дипломатик йўлларни ишга солиб, шу орқали келажакда Тошкентга таъсир ўтказиш воситаларини қўлга киритишга уринаётган бўлиши мумкин.