Қозоғистондан Ўзбекистонга
экстрадиция этилиш хавфи остида бўлган 14 нафар ўзбекистонликнинг
аёллари турмуш ўртоқлари қаерга жўнатилганини аниқлаш илинжида Олмоти
шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиб борганлар.
Улар шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси
Тошкенбой Аубакиров билан учрашишни исташгани ҳақида билдиришди, бироқ
милиция ходимлари уларни қувиб солган ва бир нечасини хибсга олган.
Қочқин аёллар орасида бўлган Мўътабар Би-би-сига прокуратура биносида бўлган муносабатни тасвирлаб берди.
"Биринчи жавоб олайлик деган аёлларни итариб,
уриб, қўпол муомала қилиб, тўртта аёлни оёғини ерга теккизмасдан,
машинага тиқиб РОВДга олиб кетди... Аёлларни рўмоллари ечилиб кетган,
йиғлаган, жуда ҳунук ҳолат бўлди" дейди Мўътабар
Айни дамда на прокуратура, на бошқа расмий идора
бошпана изловчи ўзбекларнинг аёлларига эрлари қаерда экани ҳақида
маълумот берди.
Прокурор ёрдамчиси Тошкенбой Аубакиров аёллар билан учрашиш учун чиқмаган.
"Бу аёлларнинг тилларини кесиш керак дейишди у
ердагилар. "Бор Ўзбекистонингга, бор, ўтқазиб қўяди" деб оғизларидан
нима келса айтди, аёллар қўполлик қилишгани йўқ", дейди Мўътабар.
Бироз аввал аёллар ёрдам сўраб Олмотидаги БМТ қочқинлар агентлиги ваколатхонасига боришган.
Бироқ, сўнгги ойларда хавфсизлик чоралари ўта
кучайтирилган бинога киришнинг имкони бўлмаган. Аёллардан одатдагидек
ариза ёзиш сўралган ва бу ариза қабул қилиб олинган.