Оврўпо Иттифоқининг Ташқи ишлар бўйича Олий Комиссари Кэтрин Эштон Ўзбекистон ҳукуматини Ҳюман Райтс Вотч идорасини ёпиш ҳақидаги қарорини қайта кўриб чиқишга чақирган.
ОИ ўзбек ҳукуматини ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажариш ва Ҳюман Райтс Вотч дохил, ноҳукумат ташкилотларининг мамлакатда эркин фаолият олиб боришларига рухсат этишга чақиради", дейилади Оврўпо Иттифоқи Ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари эълон қилган баёнотда.
Эштон хоним ўзбек расмийларининг ҲРВ ваколатхонасини ёпиш ҳақидаги қароридан таассуф изҳор қилган.
"ОИ ўзбек расмийларининг халқаро ноҳукумат ташкилоти Ҳюман Райтс Вотчнинг Тошкентдаги идорасини ёпиш тўғрисида яқинда чиқарган қароридан таасcуф изҳор қилади. Расмийларнинг ҲРВнинг Тошкентдаги идораси директори ва аввалроқ унинг ўтмишдошига аккредитация бермаслик қарори ташкилотнинг Ўзбекистондаги самарали фаолиятини чеклаб қўйган эди", - дейилади баёнотда.
Айни пайтда Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари борасидаги мулоқотни давом эттириш истагида эканини урғулаган.
"Оврўпо Иттифоқи 2010 йил октябридаги Ташқи ишлар вазирлари кенгаши хулосаларида белгиланганидек, Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш истагини тасдиқлайди", дейилади баёнотда.
ОИ Ташқи ишлар мулозимига кўра, бу алоқаларнинг даражаси инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устиворлигига боғлиқ бўлади.
"Оврўпо Иттифоқи ўзбек расмийларини ОИ билан Инсон Ҳуқуқлари борасида шаклланган мулоқот ва бу борадаги ҳамкорликни давом эттиришга рағбатлантиради", дейилади баёнотда.
Чоршанба куни АҚШ Давлат Департаменти ўзбек ҳукуматининг Ҳюман Райтс Вотч идорасини ёпиш қароридан таассуф изҳор қилган эди.
Маҳаллий қонунчилик
Ўтган ҳафта Ўзбекистон Олий Маҳкамаси Ҳюман Райтч Вотчнинг Тошкентдаги ваколатхонаси маҳаллий қонунларни бузгани важидан уни ёпиш ҳақида қарор чиқарган.
Олий Маҳкама Адлия вазирлигининг шу йил бошида халқаро ташкилот фаолияти юзасидан билдирган эътирозларини асосли, деб топган.
Ўтган йил октябрида Ўзбекистон ҳукумати ҲРВ вакили Стив Свердлоунинг бир ойдан кўпроқ вақт мобайнида Ўзбекистонда бўлишига изн берган, аммо ташкилотнинг аккредитациясини узайтириш ҳақидаги мурожаатни рад этган.
Ўзбекистон Адлия вазирлиги ўз раддиясини жаноб Свердлоу ва унинг ўтмишдоши Игор Воронцовлар Ўзбекистоннинг маҳаллий қонунчилиги ва шарт-шароитларини яхши билмасликлари билан асослаган.
Ҳюман Райтс Вотч ўзбек томонининг ушбу даъволарини рад этган.
Ўзбекистон Олий Маҳкамасининг ниҳоий қарорини қоралаган ташкилот Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатишда давом этишини таъкидлаган.
ҲРВ ваколатхонаси ҳамда бошқа халқаро ноҳукумат ташкилотларининг Ўзбекистондаги идораларини қайта очиш масаласи Оврўпо Иттифоқи билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги мулоқот кун тартибида бўлган.
Аммо Ўзбекистон ҳукумати 2005 йил майидаги Андижон воқеаларидан сўнг чиқариб юборилган халқаро ноҳукумат ташкилотларининг Ўзбекистонга қайтишига рухсат бермай келаётир.