Қирғиз милицияси уриб ўлдирган асли ўзбек Россия фуқароси иши бўйича
тергов очилган
Қирғизистоннинг Жалол-обод вилоятидаги Бозорқўрғон туманида ўзбек
миллатига мансуб бўлган киши хавфсизлик кучлари томонидан қаттиқ
қийноқларга тутилиши ортидан вафот этган.
Қирғизистонлик маҳаллий фаолларнинг хабар қилишларича, Россия
фуқаролигига эга бўлган 41 ёшли Усмонжон Холмирзаев бир шериги билан
Бозорқўрғон бозоридан ушлаб олиб кетилган ва сўнгра ундан катта
миқдорда пул талаб қилинган.
Талаб қондирилмагач, у қаттиқ жисмоний қийноқларга тутилган ва
дўппосланган. Бунинг ортидан милиция уни кўп сонли жароҳатлар билан
маҳаллий реанимацияга олиб келган.
Бундан кўп ўтмай Усмонжон Холмирзаев оламдан ўтган.
Айни дамда бу ҳолат борасида жиноий иш очилган ва у Россия
консуллиги эътиборига тушган.
Ўшдаги Россия консуллиги ходими Айрат Абдуллин Россия фуқароси ўлими
ҳолатини тасдиқлади.
"Мен жасадни ёриб кўриш жараёнида бўлдим. Суд тиббий текширувининг
натижалари ҳали маълум эмас, лекин марҳумнинг қовурғалари синдирилгани
уни қаттиқ калтаклашганидан далолат беради. Ниҳоий текширувни суд
тиббий экпертлари ҳали ўтказишмаган, шунинг учун аниқ айтиш қийин.
Прокуратуранинг бизга айтишича, натижалар фақат ўттиз кундан кейин
маълум бўлиши керак. Бироқ, прокуратура қотиллик борасида жиноий иш
очганини маълум қилган, аммо қайси ва неча милиция ходимларига
нисбатан, бу ҳали аниқ эмас," дейди жаноб Абдуллин.
Би-би-си билан айни иш борасида суҳбатда бўлган, аммо хавфсизлиги
борасидаги хавотирлар туфайли исми-шарифини беришни истамаган ўшлик
ҳуқуқшуносга кўра,
Холмирзаевнинг милиция томонидан уриб ўлдирилиши Ўш ва Жалол-обод
вилоятларида катта шов-шувга сабаб бўлмоқда.
"7 август куни "бизга запчасть керак, у одам запчасть сотади" дея
баҳона билан уйдан олиб чиқиб кетишган. Энди яқинларининг бизга
айтишича, унинг кўкраги устига чиқиб, ирғишган," дейди у Холмирзаев
тутилган қийноқларни тасвирлаб.
Ҳуқуқ-тартибот ходимларининг оддий фуқароларга тазйиқи ва қийноқлари
борасида Қирғизистонда камдан-кам ҳолларда жиноий иш очилади.
"Бу иш борасида жиноий иш очмасдан иложи ҳам йўқ эди. Жасад бор.
Жасад бўлгандан кейин, жиноий иш очилиб, тергов олиб борилиши керак,"
дейди ҳуқуқшунос.
Унга кўра, одатда ўзбек миллатига мансуб аҳолининг милиция тазйиқи
ва таъмагирлиги борасидаги шикояту аризаларига эътибор берилмайди.
Ҳуқуқшуноснинг айтишича, ўтган йилги этник зўравонликлар ортидан авж
олган милиция ўзбошимчалигини текшириш йўлида бош прокуратура қарор ва
буйруқлар чиқарган, бироқ амалда улар ўзбек аҳолисига ҳеч қандай фойда
келтирмаган.
|