Воскресенье, 24-05-05, 09:09

Яхши сўз ва кечириш, ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир.

ҲИМОЯЧИ

ХАЛҚАРО ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ ЖАМИЯТИ
O'ZBEKCHA  РУССКИЙ   ENGLISH   SVENSKA    AF SOMALI    العربيه
МАНЗИЛИМИЗ Бош саҳифа Рўйхатдан ўтиш КИРИШ
САЛОМНОМА, Гость · RSS
Б Ў Л И М Л А Р
ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ [284]
ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ ХАЁТИДАН ЛАВХАЛАР [72]
ҲУҚУҚ ХИМОЯЧИЛАРИ ЁЗИШМОҚДА [211]
ИСЛОМ ВА МУСУЛМОНЛАР [183]
ШЕРИЯТ ГУЛШАНИ [85]
СОBРИНДОРЛАР [11]
ЭЪЛОНЛАР [16]
ОЧИҚ ХАТЛАР [24]
БАЁНОТЛАР [21]
МАХБУСЛАР ХАЁТИДАН [51]
МУХОЖИРЛАР ХАЁТИДАН [127]
АДАБИЁТ ВА САНЪАТ [18]
СИЁСАТ [73]
ТАРИХ [15]
ВИДЕОЛАВХАЛАР [27]
ҲИКМАТЛАР ХАЗИНАСИ [2]
ЖУРНАЛИСТЛАР ХАЁТИДАН [49]
АМАЛДОРЛАР ХАЁТИДАН [31]
МУРОЖААТНОМАЛАР [29]
НОРОЗИЛИК НАМОИШЛАРИ [37]
БОЛАЛАР МЕХНАТИ [10]
ХАЛОКАТЛАР [12]
ЙИҒИЛИШЛАР [12]
ТАРИХИЙ ШАХСЛАР [11]
С П О Р Т [13]
ТАБОБАТ ХАЗИНАСИДАН [25]
РАДДИЯЛАР [6]
ТАЗИЯНОМАЛАР [9]
Д У Н Ё Х А Б А Р Л А Р И [139]
Қ И Й Н О Қ Л А Р [25]
АДВОКАТЛАР ХАЁТИДАН [6]
БАХС-МУНОЗАРА-МУХОКАМА [78]
ҒАЙРИДИНЛАР ХАЁТИДАН [0]
ЭШИТТИРИШЛАР [31]
ДИНИЙ МАРУЗАЛАР [15]
СУД, ПРОК, МИЛИЦИЯ [18]
ФАХШ ИШЛАР [16]
ЭКСПЕРТЛАР ХУЛОСАСИ [1]
Қ И Р Ғ И З И С Т О Н [177]
Б Б С Мехмонлари [22]
Қ О З О Ғ И С Т О Н [5]
МАЖБУРИЙ МЕХНАТ [2]
Т О Ж И К И С Т О Н [20]
Р О С С И Я [22]
ЖАЗОГА ХУКМ ҚИЛИНГАН [9]
Ў З Б Е К И С Т О Н [74]
Ш В Е Ц И Я [0]
МУХИДДИН ҚЎҚОНДИЙ ШАХСИЙ САХИФАСИ [4]





АЛЛОҲНИНГ  ГЎЗАЛ  ИСМЛАРИ

ШАЙХ МУХАММАД СОДИҚ МУХАММАД ЮСУФ ХАЗРАТЛАРИНИНГ МАРУЗАЛАРИ

Х А Л Қ И М

Б Е Н А М О З

КАРИМОВНИНГ ХАБАРИ ЙЎҚ

ЎЗБЕКИСТОН БОЛАЛАРИ

ЖАННАТДАГИ КУНДОШИМ

Pepsi ва Coca-Cola ХАРОММИ ?

Би-би-си мехмони Швециялик муҳожир

Е-322 МОДДАСИ

"МХХ билан келишув амалга ошмади"

Фан ҳижобнинг фойдали эканлигини тасдиқлади

"Гуноҳим рўмол ўраганимми?”

Эр - хотин кишининг ярим пири..?

Погон таққан
қиз ўғрилари

ТАШАККУРНОМА

Террорчилик - Ғарб маҳсули

Гегемонлик васвасаси

Ўзбекистонга   қайтган
аëл  қамоққа  олинди


Каримов ғарбни ўйинчоқ қилмоқда

Имомлардан маломатларни кўтариш

АҚШ элчиси Каримовни қизлари хақида айтганлари


 
Главная » 2011 » Ноябрь » 4 » АРУЗ ЛУҒАТИ
07:20
АРУЗ ЛУҒАТИ
Саиджаҳон Равоний
                                       АРУЗ ЛУҒАТИ
Кириш сўзи

Кеийнги пайтларда Интернетда дейсизми, газета ва журналлар
саҳифаларида дейсизми, янги китобларда дейсизми, хаваскорлардан
тортиб, манаман деган таниқли шоирларгача битган, ғазал ва
мухаммасларини ўқиб, аруз вазни аянчли таназзулда эканлигини гувоҳи
бўласиз. Бехато ёзилган биронта ғазал ё мухаммас, ё рубоийни
тополмайсиз. Арузнинг энг "билағонлари”, рамал баҳридан "фоилотун
фоилотун фоилотун фоилун” вазнини чала-чулпа ўрганиб олиб, "ижод”
қиладилар-ки, арузда ўзларини олим санайдилар.

Камина, аруз вазнида деб, талқин берилиб, ғазал ва муҳаммаслар
"сайланма”си, яъни, энг сара назмий асарлари чоп этилган, кекса бир
шоир билан баҳслашиб қолдик. Шоир, китобида яхлит "дўст”, "маст”,
"мард”, "айт”, "ашк”, "раҳм”, "барқ”, "шеър”, "лаъл”, ганж” каби
сўзларни 1-та ҳижо ҳисобда ишлатган. Бу, арузнинг (албатта, туроқнинг
ҳам), ниҳоятда қўпол бузилиши. Бу сўзлар 2-та ҳижо, яъни, 1-та чўзиқ,
1-та қисқа ҳижо! Фақат мисра охирида 1-та ўта чўзиқ ҳижо хисобланади.

Муқимийнинг "Якка бу Фарғонада” ғазалидан бир нечта байтини мисол
келтирдим. Ғазал кўпчилик "ўзлаштириб” олган "фоилотун фоилотун
фоилотун фоилун” вазнида ёзилган. Жами мисралар 15 ҳижодан. Мисраларда
2-чи, 6-чи, 10-чи, 14-чи ҳижолар қисқа очиқ келиши керак. Ғазалдаги
3-чи, 4-чи, 8-чи, 9-чи, 10-чи ва 11-чи 12-чи ва 15-чи мисралар
(сухбатдош ва юқоридаги "шоирлар” ҳисобида) 14 ҳижодан. Аслида ундай
эмас. Ҳамма мисралар 15 ҳижодан. 14 ҳижоли туюлган мисраларни қаранг:

3. Кимга дод айлай бу бедодингни ман, эй сангдил,
4. Ошно бўлдим десам, кўнглунг сенинг бегонада.

    Манъ этиб, эй муҳтасиб, ҳар дам бошимга келмагил,
8. Бўлса найлай маст бўлмай масканим майхонада.

9. Манзилимни сўрма, эй мағрури мулку дастгоҳ,
10. Даҳр саҳройи жунун уй бўлмагай девонада.

    Булбул айлар наволар ёлғиз дема, эй гулузор,
15.Чўғздек қилгай Муқимий ҳам наво вайронада.

Айнан қисқа очиқ ҳижолар келиши даркор жойларда "сангдил”, "ошно”,
"маст”, "дастгоҳ”, "даҳр”, "чўғздек” каби сўзлар турибди-ки, арузда бу
сўзлар "санг-(э)-дил”, "о-ш(и)-но”, "мас-т(э)”, "дас-т(э)-гоҳ”,
"даҳ-р(э)”, "чўғ-з(э)-дек” деб ўқилади ва саналади. Навоийнинг:

Ошиқ ўлдим, панд берманг – чорам асбобин тузунг,
Ишқ зор этганга зулм этманг – тараҳҳум юргузунг.

Нодиранинг:

Ёрнинг васли эмас озорсиз,
Гулшан ичра гул топилмас хорсиз.

байтларидаги "панд”, "ишқ”, "ёрнинг”, "озорсиз”, "хорсиз” сўзлари ҳам,
"пан-д(э)”, "иш-қ(э)”, "ё-р(э)-нинг”, "о-зо-р(э)-сиз”, "хо-р(э)-сиз”
деб ўқилади ва саналади.

Бу ҳолатларни, ўша сухбатдош шоирга тушунтириб беролмадим. Аксинча,
ўзим арузни билмаслик ва тажрибасизликда айбландим. Оқибат, мазкур
(икки кисмдан иборат) луғатни тузишга ахд қилдим.

Арузда жўяли ижод қилиш учун, аруздан бехабар таниқли шоирларга ҳам,
эндигина шеъриятга қадам қўяётган ёш шоирларга ҳам ва хатто, шеър
ёзмоқчи бўлмаган, шоиртаъб ўқувчиларга ҳам, арузни тушуниб олишлари
осон бўлсин, деган мақсадда, луғатни мумкин қадар (ўрганиб олгунча,
мураккаб атамаларни қўшмасдан), ниҳоятда содда ва қисқа тузушга ҳаркат
қилдим.

Луғатни тузишда, арузшунослар Абдурауф Фитрат, Натан Маллаев, ва
кўпроқ, Анвар Ҳожиаҳмедовнинг асарларидан фойдаландим.

Ҳулосаким, мазкур луғатимни, "аруз уммонига кириш луғати” деб, билиинг.

Хурмат ила, Равоний.
***
АРУЗ ЛУҒАТИ

1 – ҚИСМ
***
Азл – четлатиш маънода, чўзиқ унлиларни қисқартириш, масалан, "о”
унлиси  "қолар”, "солар”, "олар” деб ёзилганда чўзиқ, "қолур”,
"солур”, "олур” деб ёзилганда эса қисқага айланади. Азлни бошқа
усуллари ҳам мавжуд. Лекин ҳамма ҳолларда ҳам чўзиқ унли бор ҳижодан
кейинги келувчи хижога боғлиқ. Масалан,  "нигоро” да иккала "о” ҳам
чўзиқ, "нигорон”да эса 1-чи "о” қисқа.
***
Аруз – шарқ шеъриятининг талаффуз асосида, ритмик ўлчовлар тизими
(системаси).
***
Ахраб шажараси – ўзбек арузидаги 12-та рубоий вазнлари.
***
Баҳр – арабча "денгиз”. Аруздаги таснифий бўлимлар (мажозиий, аруз
уммон бўлса,  баҳрлар ундаги денгизлар). Ўзбек арузида 11 баҳр мавжуд.
1. Комил;
2. Мужтасс;
3. Музориъ;
4. Мунсариҳ;
5. Мутадорик;
6. Мутақориб;
7. Ражаз;
8. Рамал;
9. Сариъ;
10. Хафиф;
11. Ҳазаж.
***
Вазн – шеърий асардаги мисралар, ҳижолар сони ва рукнлар тизимларини
ифодаловчи ўлчов. Ўзбек арузидаги 11 баҳрда 366 вазн тури мавжуд.
***
Васл – арабча "уланиш”. Арузда ҳижоларни бир-бирига улаш. Масалан,
"мард инсон”, "мар – дин – сон” деб, "д” ундошни "ин” ҳижога қўшиб
"дин” деб ўқилади. Унли "а”, "е”, "и”, "о”, "у”, "э”, "ў”лар васл
воситасини бажаради. Унли "ё”, "ю”, "я”лар васл воситасини бажара
олмайди.
***
Васл "ҳо” – вазн талаби билан "Ҳ” ундош матинда ёзилса-да, уни тушуриб
ўқилиши. Масалан, "кўриб ҳуснингни”, "кўриб уснингни” деб ўқилиши.
Яъни, "риб” ҳижодаги "б” ундош "ҳас”ҳижога ("ҳ” унбошни тушириб) "бус”
деб, васл қилиб ўқилиши.
***
Изофа – урғу бериш учун, боғлаш учун, ёки сўроқ ё тахмин учун "а”,
"ки”, "ку”, "ё”, "е”, "о”, "ло”, "ёв”, "ов”, "я” каби белги ҳижолар.
Масалан, "Навоиё”, "дилороме”, "ки сен ҳам”, "Бобуро”, "бўлди, а”,
"бўлди-ёв”, "бўлса-ки”, "бўлди-ку”, "бўлди-ло”, "бўлди-я”.

Имола – ўта чўзиқ ҳижо (яъни, 1-та чўзиқ ва 1-та қисқа) хосил қилиш.
Масалан, "ёр ол”, "ё – рол” деб 2-та ҳижо ўқилади, "ёр қол” эса, "ё –
р(э) – қол” деб 3-та ҳижо ўқилади. Яъни, ундош "қ”дан олдинги "ёр”
1-та чўзиқ ҳижодан, 1-та чўзиқ ва 1-та қисқа ҳижога айланди.
***
Истиҳлоф – қисқа, очиқ ҳижони, чўзиқ ва ёпиқ ҳижо ўрнида ишлатиш.
Масалан, "шанба”даги "ба” қисқа ҳижони, "шанбалик”да чўзиқ ҳижо ўрнида
ишлатиш мумкин. Фақат "а” ёки бошқа унлидан кейин ундош, ёки тутуқ (ъ)
белги келиши керак. Акс ҳолда, "ба” қисқа очиқ ҳижолигича қолади,
масалан, "таажжуб”, "манфаат” сўзларда каби. Бундай сўзларда, оддий
сўзлашувда "а”нинг бири эшитилмайди ҳам.
Яна, "га” ўрнига "ға”ни ишлатиш ҳам истилоф усулларидан бири.
Истилоф арузда мумкин ҳолат, жойида ва усталик билан ишлатиш шеърнинг
сифатини оширади. Лекин истилофни ноўрин ва кўп ишлатиш, аксинча,
шеърнинг сифатсизлантиради.
***
Рукн – арабча устун. Арузда рукнлар тизими тартиб-қоида асослари билан
қўлланади. Масалан, фоилотун фоилун фоилотун фоилун мисраси билан
бошланган ғазал (ёки бошқа жанр) шу рукнлар билан охиригача ёзилади.
Яъни, мазкур ҳолатда:
фоилотун фоилун фоилотун фоилун
фоилотун фоилун фоилотун фоилун
фоилотун фоилун фоилотун фоилун
фоилотун фоилун фоилотун фоилун... ва шу зайлда ғазалнинг якунигача борилади.
Рукнлар 5, 4, 3, 2, ва 1 ҳижодан иборат. Мавжуд (366) вазнлардан
ташқари, рукнларни ҳар қайси шоир ўзи истаганича тузиб, ижод қилиши
мумкин. Яъни, янги вазн ихтиро қилиш чекланмаган. 7-та рукнлар
номлари:
1. Мафоийлун;
2. Мафоилатун;
3. Мутафоилун;
4. Мустафъилун;
5. Фаулун;
6. Фоилун;
7. Фоилотун.
Мазкур 7 рукн асл хисобланиб, булардан бошқа рукнлар тармоқланади.
Намуналар луғатнинг 2 – қисмида берилган.
***
Тазниб – ортириш, яъни, вазн талаби билан сўзларга ҳарф ё ҳижо қўшиш.
Масалан, "шакар”ни, "шаккар” деб, "тумор”ни, "туммор” деб, "умид”ни
"уммид” деб ёзиш;
"айт”ни, "айит” деб, "юрган”ни, "юруган” деб, "бордур”ни "бордурур” деб ёзиш.
Яна мисоллар, "сенсиз”ни, "сенингсиз” деб, ёки "сенсизин” деб ёзиш;
"нетай”, "айлай”, "кўрай” каби сўзларни, "нетайин”, "айлайин”,
"кўрайин” деб ёзиш.
***
Таслим – емирмак, яъни, вазн талаби билан сўзлардан ҳарфларни тушириб
ёзиш. Масалан, "икки”ни, "ики” деб, "саккиз”ни, "сакиз” деб,
"ҳамма”ни, "ҳама” деб ёзиш;
"бизга”ни, "биза” деб, "бошимга”ни, "бошима”, "ёдимга”ни, "ёдима” деб ёзиш;
"қилғайсен”ни, "қилғасен” деб, "соғинғайман”ни, "соғинғамен” деб ёзиш;
"билмайман”, "қиламан”, "нима этман” каби сўзларни, "билмон”,
"билмам”, "қилмон”, "қилмам”, "нетаман”, "нетгум” деб ёзиш.
Вазн ва мазмун талабларидан келиб чиқиб, шоирлар тахаллусларини
қўллашда ҳам тазниб ва таслим усулларини қўллайдилар. Масалан, Навоий,
Навои, Навоиё, ёки Бобур, Бобуро, Бобуре, деб, ёки Увайсий, Увайси,
Вайсий, дейилган ҳолларни учратамиз.
***
Тақтиъ – кесис, яъни, мисрани ритмик бўлакларга (ҳижоларга, рукнларга)
бўлиш. Масалан, Навоийнинг "Келмади” радифли ғазали қуйидагича
таснифланади:
Байти:
Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимга кеча тонг отгунча уйқу келмади.
Рукнлар:
фоилотун фоилотун фоилотун фоилун
Бўлиниши:
Кечакелгум / дурдебонул / сарвигулрў / келмади,
Кўзларимга / кечатонгот / гунчауйқу / келмади.
Тизими:
–  V  –  –  –  V  –  –  –  V  –  –  –  V  –
Тақтиъ ва васли:
кеч А кел гум дур ДЕ бон ул сар ВИ гул рўк ел МА ди
кўз ЛА рим га кеч А тонг от гун ЧА уй қу кел МА ди
***
Тағйир – ўзгартириш, вазн талабига мувофиқ, истисно тариқасида, айрим
сўзлардаги ҳарфларнинг ўрнини алмаштириш. Масалан, "шикаста”ни
"ишкаста” деб, "гулистон”ни "гулситон” деб, "Навоий”ни "Навойи” деб,
"қора”ни "қаро” деб ёзилишлари.
***
Ҳижо(лар) – сўзни ташкил этувчи бўғин(лар). Масалан, "гулистон”
сўзининг ҳижолари; "гу”, "лис”, "тон”. Арузда, ҳижолар 3 тоифага
таснифланади.
1. Чўзиқ ҳижолар –  "жо”, "то”, "ё”, "бу”, "ю”, "дан”, "ой”, "куй”,
"кун”, "ер”, "юр”;
2. Ўта чўзиқ ҳижолар – "айт”, "тож”, "ёш”, "бахс”, "мард”, "гоҳ”,
"шўҳ”, "дўст”, "сайр”;
3. Қисқа (очиқ) ҳижолар – "а”, "ба”, "де”, "ку”.
Ўта чўзиқ ҳижолар фақат мисранинг охирида 1-та ҳижо хисобланади.
Сўзнинг ва мисранинг ичида эса (агар, ҳижодаги сўнги ундош ўзидан
кейинги унлига васл бўлмаса) 2-та ҳижо, яъни, 1-та чўзиқ ва 1-та қисқа
ҳижо хисобланади. Масалан, "Астрабод”, "Ас – т(э) – ра – бод” деб,
"баҳсланмоқ”, "баҳ – с(э) – лан-моқ” деб, "умрбод”, "ум – р(э) – бод”
деб ўқилади.
Тутуқ белгили "шеър”, "лаъл”, "феъл”, "таъб” каби сўзлар ҳам 2-та
ҳижо, "шеъ – р(э)”, "лаъ – л(э)”, ”феъ – л(э)”,”таъ – б(э)” деб
ўқилади.
Мисра якунидаги очиқ ҳижолар чўзиқ ёпиқ ҳижо саналади. Чунки, кеинги
мисрага ўтилишида, албатта тутуқ (пауза) хосил бўлади.
***
2 – ҚИСМ
***
НАМУНАЛАР
муаллиф, байт, рукнлар, тизми, тақтиъ ва васли тартибда берилган:
(очиқ ҳижолар катта ҳарфлар билан, талафузда хосил бўлувчи товушлар
қавс ичида, тизим сўнгидаги тўлқинли (~) чизиқ – ўта чўзиқ ҳижонинг
белгиси).
***
МУЖТАС БАҲРИ

1. Атоий:
Кўзунг хаёлида йўқтур балодин ўзга мусоҳиб,
Висолинг орзусида ҳам дуодин ўзга мусоҳиб.

мафоилун фаилотун мафоилун фаилотун
V  –  V  –  V  V  –  –  V  –  V  –  V  V  –  –

КЎ зунг ХА ёл И – ДА йўқ тур БА лод И нўз ГА – МУ соҳ иб
ВИ сол И нгор ЗУ – СИ да ҳам ДУ од И нўз ГА – МУ соҳ иб
***
2. Нодира:
Нигори гулбаданимни тушумда кўрсам эдим,
Лаби шакаршиканимни тушумда кўрсам эдим.

мафоилун фаилотун мафоилун фаилун
V  –  V  –  V  V  –  –  V  –  V  –  V  V  –

НИ гор И гул БА – ДА ним нит У шум ДА кўр СА – МЭ дим
ЛА биш А кар ШИ – КА ним нит У шум ДА кўр СА – МЭ дим
***
3. Навоий:
Нечукки дард қироғи аёғинг остида дол,
Узор нуқтаси янглиғ узоринг устида хол.

мафоилун фаилотун мафоилун фаилон
V  –  V  –  V  V  –  –  V  –  V  –  V  V  ~

НЕ чук КИ дар Д(э) – ҚИ роғ а(й) ёғ И нгос ТИ - ДА дол
У зо Р(э) нуқ ТА – СИ янг лиғ У зор И нгус ТИ – ДА хол
***
4. Ҳабибий:
Азизим, арзим эшит, лайливаш нигоримсан,
Муҳаббат аҳли учун марҳамат шиоримсан.

мафоилун фаилотун мафоилун фаълун
V  –  V  –  V  V  –  –  V  –  V  –  –  –

А зи ЗИ мар ЗИ – МЭ шит лай ЛИ ваш НИ гор им сан
МУ ҳаб БА таҳ ЛИ – У чун мар ҲА мат ШИ ор им сан
***
5. Навоий:
Бошиға май чиқибон бўлди ул ситамгар маст,
Йўқ аҳли ҳусн аро бир ўйла қотили сармаст.

мафоилун фаилотун мафоилун фаълон
V  –  V  –  V  V  –  –  V  –  V  –  –  ~

БА шиғ А май ЧИ – ҚИ бон бўл ДИ ул СИ там гар маст
ЙЎ қаҳ ЛИ ҳус НА – РО бир ўй ЛА қот И лис ар маст
*****
МУЗОРЕЪ БАҲРИ

6. Э.Вохидов:
Барг остидан мулойим боққан иболи гунча,
Не сирни сақлагайсан, бағринг нечун тугунча.

мафъулу фоилотун мафъулу фоилотун
–  –  V  –  V  –  –  –  –  V  –  V  –  –

бар гос ТИ дан МУ лой им боқ қан И бол И гун ча
нес ир НИ сақ ЛА гай сан, бағ ринг НЕ чун ТУ гун ча
***
7. Навоий:
Рухсори жонибинда ул холи анбар олуд,
Ўт гўшасида гўё андар тушуб қилур дуд.

мафъулу фоилотун мафъулу фоилийён
–  –  V  –  V  –  –  –  –  V  –  V  –  ~

рух сор И жон И бин да ул хо ЛИ ан БА рол уд
ўт гўш А сид А гў(й) ё ан дар ТУ шуб ҚИ лур дуд
***
8. Гадоий:
Сарвақтимизга бир гузар этинг, ажаб-ажаб,
Ногаҳ кўз учидин назар этинг, ажаб-ажаб.

мафъулу фоилоту мафоийлу фоилун
–  –  V  –  V  –  V V  –  –  V  –  V  –

сар вақ ТИ миз ГА бир ГУ – ЗА рэт инг А жаб А жаб
но гаҳ КЎ зуч И дин НА – ЗА рэт инг А жаб А жаб
***
9. Лутфий:
Наргис кўзингнинг ўхшаши қайси чаманда бор,
Юзинг таровати қачон, эй гул, суманда бор.

мафъулу фоилоту мафоийлу фоилон
–  –  V  –  V  –  V V  –  –  V  –  V  ~

нар гис КЎ зинг НИ нгўх ША – ШИ қай сич А ман ДА бор
юз инг ТА ров А тиқ А – ЧО нэй гул СУ ман ДА бор
*****
МУНСАРИҲ БАҲРИ

10. Навоий:
Ваҳки чамандин яна эсди шамол ўзгача,
Ҳардам ўлур атридин кўнглума ҳол ўзгача.

муфтаилун фоилун муфтаилун фоилун
–  V  V  –  –  V  –  –  V  V  –  –  V  –

ваҳ КИ – ЧА ман дин Я на эс ДИ – ША мол ўз ГА ча
ҳар ДА – МЎ лур ат РИ дин кўнг ЛУ – МА ҳол ўз ГА ча
***
11. Навоий:
Бода мени айлади зуҳду риёдин халос,
Зуҳду риё йўқки, минг ранжу анодин халос.

муфтаилун фоилун муфтаилун фоилон
–  V  V  –  –  V  –  –  V  V  –  –  V ~

бод А – МЕ ни ай ЛА диз уҳ ДУ – РИ ёд ин ХА лос
зуҳ ДУ – РИ ёй ўқ КИ минг ран ЖУ – А нод ин ХА лос
***
12. Навоий:
Ою қуёш айлади юзунг била давий,
Бизга алардин ажаб кўринди бу маъний

муфтаилун фоилоту муфтаилун фаъ
–  V  V  –  –  V  –  V  –  V  V  –  –

о(й) Ю – ҚУ ёш ай ЛА ди(й) У зунг БИ – ЛА дав ий
биз ГА – А лар дин А жаб КЎ рин ДИ – БУ маъ ний
***
13. Увайсий:
Не балоли чарх экан ушбу дун манга ҳажрдин ватан айлади,
Ватан ичра бор на тириклигим яна дардидин кафан айлади.

мутафоилун мутафоилун мутафоилун мутафоилун
V  V  –  V  –  V  V  –  V  –  V  V  – V  –  V  V  –  V  –

НЕ – БА лол И чар ХЭ –КА нуш БУ дун МА – НГА ҳаж Р(э) дин ВА –ТА най ЛА ди
ВА – ТА нич РА бор НА – ТИ рик ЛИ гим Я – НА дар ДИ дин КА – ФА най ЛА ди
*****
МУТАҚОРИБ БАҲРИ

14. Навоий:
Қад эрмаски, сарви хиромон эрур бу,
Лаб эрмаски, гулбарги хандон эрур бу.

фаулун фаулун фаулун фаулун
V  –  –  V  –  –  V  –  –  V  –  –

ҚА дэр мас КИ сар вих И ром он Э рур бу
ЛА бэр мас КИ гул бар ГИ хан дон Э рур бу
***
15. Навоий:
Лабинг сори токим назардур манго,
Ёш ўрнида хуни жигардур манго.

фаулун фаулун фаулун фаал
V  –  –  V  –  –  V  –  –  V  –

ЛА бинг сор И ток им НА зар дур МА нго
Ё шўр ни ДА хун иж И гар дур МА нго
***
16. Навоий:
Баҳор элга айшу манго изтироб,
Кулуб ҳолима барқу йиғлаб саҳоб.

фаулун фаулун фаулун фаул
V  –  –  V  –  –  V  –  –  V  ~

БА ҳор эл ГА ай шум А нго(й) из ТИ роб
КУ луб ҳол И мабар ҚУ йиғ лаб СА ҳоб
***
17. Ҳабибий:
Гул-гул очилган бўстонларим бор,
Ширин ғазалхон хушхонларим бор.

фаълун фаулун фаълун фаулун
–  –  V  –  –  –  –  V  –  –

гул гул О чил ган бўс тон ЛА рим бор
шир ин ҒА зал хон хуш хон ЛА рим бор
*****
РАЖАЗ БАҲРИ

18. Муқимий:
Қолмай шаҳарда тоқатим,
Қишлоқ чиқардим одатим...

мустафъилун мустафъилун
–  – V  –  –  –  V  –

қол май ША ҳар дат оқ А тим
қиш лоқ ЧИ қар дим од А тим
***
19. Огаҳий:
Эй шўх, кўзу қошинга олам гадо, ман ҳам гадо,
Лаъли лаби дурпошинга олам гадо, ман ҳам гадо.

мустафъилун мустафъилун мустафъилун мустафъилун
–  – V  –  –  –  V  –  –  –  V  –  –  –  V  –

эй шўх (Э) кўз уқ ош И нга о лам ГА дом ан ҳам ГА до
лаъ лил А бид ур пош И нга о лам ГА дом ан ҳам ГА до
***
20. Огаҳий:
То қилмаса ўзни киши ботил тасаввурдин халос,
Бўлмоқ анга мумкин эмас ҳаргиз такаббурдин халос.

мустафъилун мустафъилун мустафъилун мустафъилон
–  – V  –  –  –  V  –  –  –  V  –  –  –  V  ~

то қил МА са ўз ник И шиб от ил ТА сав вур дин ХА лос
бўл моқ А нга мум кин Э мас ҳар гиз ТА каб бур дин ХА лос
***
21. Завқий:
Ёр келур замона йўқ, келмаса келмасун, нетай,
Таклиф этарга хона йўқ, келмаса келмасун, нетай.

муфтаилун мафоилун муфтаилун мафоилун
–  V  V  –  V  –  V  –  –  V  V  –  V  –  V  –

ё Р(э) – КЕ лур ЗА мон А йўқ кел МА – СА кел МА сун НЕ тай
так ЛИ – ФЭ тар ГА хон А йўқ кел МА – СА кел МА сун НЕ тай
***
РАМАЛ БАҲРИ

22. Бобур:
Сочининг савдоси тушти бошима бошдин яна,
Тийра бўлди рўзғорим ул қаро қошдин яна.

фоилотун фоилотун фоилотун фоилун
–  V  –  –  –  V  –  –  –  V  –  –  –  V  –

соч И нинг сав дос И туш тиб ош И маб ош дин Я на
тий РА бўл дир ўз (И) ғор им ул ҚА роқ ош дин Я на
***
23. Нодира:
Фурқат ичра қон ютуб ғам бирла чектик оҳи зард,
Ким хазон аврокидек бўлди юзим ҳажрида зард.

фоилотун фоилотун фоилотун фоилон
–  V  –  –  –  V  –  –  –  V  –  –  –  V  ~

фур ҚА тич рақ он Ю туб ғам бир ЛА чек тик оҳ И зард,
ким ХА зон ав рок И дек бўл ди(й) У зим ҳаж рид А зард.
***
24. Муқимий:
Дилда, то эй сарви раъно меҳрингиз,
Менга бўлди дафъи савдо меҳрингиз.

фоилотун фоилотун фоилун
–  V  –  –  –  V  –  –  –  V  –

дил ДА то эй сар ВИ раъ ном еҳ РИ нгиз
мен ГА бўл дид афъ И сав дом еҳ РИ нгиз
***
25. Лутфий:
Мени шайдо қиладурғон бу кўнгулдур, бу кўнгул,
Хору расво қиладурғон бу кўнгулдур, бу кўнгул.

фоилотун фаилотун фаилотун фаилун
–  V  –  –  V  V  –  –  V  V  –  –  V  V  –

мен И шай доқ И – ЛА дур ғон БУ – ҚЎ нгул дур БУ – КЎ нгул
хор У рас воқ И – ЛА дур ғон БУ – КЎ нгул дур БУ – КЎ нгул
***
26. Огаҳий:
Айладим тун кеча ҳилват аро жонон била базм,
Қилғай ул навъики бир хаста бадан жон била базм.

фоилотун фаилотун фаилотун фаилон
–  V  –  –  V  V  –  –  V  V  –  –  V  V  ~

ай ЛА дим тун КЕ – ЧА ҳил ват А – РО жон он БИ – ЛА базм
қил ҒА йул навъ И – КИ бир хас ТА – БА дан жон БИ – ЛА базм
***
27. Увайсий:
Бўлди бул кун менга ул сарви хиромон ўтру,
Жонима рухи равон, жисмима дармон ўтру.

фоилотун фаилотун фаилотун фаълун
–  V  –  –  V  V  –  –  V  V  –  –  –  –

бўл ДИ бул кун МЕ – НГА ул сар ВИ – ХИ ром он ўт ру
жо НИ мар ух И – РА вон жис МИ – МА дар мон ўт ру
***
28. Увайсий:
Ёзайин бир неча сўз, пайрави бўлсун ул ҳур,
Ёраб, ул таъби фалотунға бўлурму манзур.

фоилотун фаилотун фаилотун фаълон
–  V  –  –  V  V  –  –  V  V  –  –  –  ~

ёз А йин бир НЕ – ЧА сўз пай РА – ВИ бўл сун ул ҳур
ё РА бул таъ БИ – ФА лот ун ҒА – бў лур мум ан зур
***
29. Ҳабибий:
Талабим – тоабадий шафқатингиз,
Ҳавасим – кунда ширин суҳбатингиз.

фоилотун фаилотун фаилун
–  V  –  –  V  V  –  –  V  V  –

тал А бим то А – БА дий шаф ҚА – ТИ нгиз
ҳа ВА сим кун ДА – ШИ рин суҳ БА – ТИ нгиз
***
30. Ҳ.Хоразмий:
Гулни маст айлагали жоми аласт,
Гул қадаҳтек борадур даст-бадаст.

фоилотун фаилотун фаилон
–  V  –  –  V  V  –  –  V  V  ~

гул НИ мас тай ЛА – ГА лиж ом И – А ласт
гул ҚА даҳ тек БО – РА дур дас Т(э) – БА даст
*****
САРЕЪ БАҲРИ

31. Навоий:
Оҳки ишқ айлади шайдо мени,
Солди жунун кўйига савдо мени.

муфтаилун  мафтаилун фоилун
–  V  V  –  –  V  V  –  –  V  –

о  Ҳ(э) – КИ иш қай ЛА – ДИ шайдо МЕ ни
сол ДИ – ЖУ нун кўй И –ГА сав до МЕ ни
***
32. Навоийдан:
Зулм ўзунга фисқдур, эй ҳушёр,
Гум қил ани бўлса санга ҳуш ёр.

муфтаилун  мафтаилун фоилoн
–  V  V  –  –  V  V  –  –  V  ~

зул МЎ – У нгаф ис Қ(э) – ДУ рэй ҳу Ш(и) ёр
гум ҚИ – ЛА ниб ўл СА – СА нгаҳ у Ш(и) ёр
*****
ҲАЖАЗ БАҲРИ

33. Навоий:
Куяр ҳажрингда жисми нотавоним,
Не жисми нотавоним. Хаста жоним.

мафоийлун мафоийлун фаулун
V  –  –  –  V  –  –  –  V  –  –

КУ яр ҳаж ринг ДА жис мин от А вон им
НЕ жис мин от А вон им хас ТА жон им
***
34. Муаззамхон:
Хатинг айлар сени райҳон билан баҳс,
Даҳонинг ғунчаи хандон билан баҳс.

мафоийлун мафоийлун фаулон
V  –  –  –  V  –  –  –  V  –  ~

ХА тинг ай лар СЕ нир айҳ он БИ лан баҳс
ДА ҳон инг ғун ЧА их ан дон БИ лан баҳс
***
35. Навоий:
Кўзунг не бало қаро бўлуптур,
Ким жонга қаро бало бўлуптур.

Мафъулу мафоилун фаулун
–  –  V  V  –  V  –  V  –  V  –  –

кўз унг НЕ – БА лоқ А роб Ў луп тур
ким жон ГА – ҚА роб А лоб Ў луп тур
***
36. Атоий:
Жонга тегадур жафои ҳижрон,
Кимдин топайин давои ҳижрон.

Мафъулу мафоилун фаулон
–  –  V  V  –  V  –  V  –  V  –  ~

жон ГА – ТЕ гад ур ЖА фо(й) И ҳиж рон
ким ДИ – ТО пай ин ДА во(и) И ҳиж рон
***
37. Бобур:
Ҳазон япроғи янглиғ гул юзинг ҳажрида сарғардим,
Кўруб раҳм айлагил, эй лоларуҳ, бу чеҳраи зардим.

мафоийлун мафоийлун мафоийлун мафоийлун
V  –  –  –  V  –  –  –  V  –  –  –  V  –  –  –

ҲА зон яп роғ И янг лиғ гул Ю зинг ҳаж рид А сар ғар дим
КЎ руб раҳ май ЛА гил эй лол А руҳ буч еҳ РА из ар дим
***
38. Огаҳий:
Зиҳи афлок уза чун азм этиб чиқдинг шаби меърож,
Буроқингинг изин қилди малоиқ боши узра тож.

мафоийлун мафоийлун мафоийлун мафоийлон
V  –  –  –  V  –  –  –  V  –  –  –  V  –  –  ~

ЗИ ҳи(й) аф лок У зач ун аз МЭ тиб чиқ динг ША бим еъ рож
БУ роқ инг нинг И зин қил дим А ло(й) иқ бош И уз ра тож
***
39. Фурқат:
Фасли навбаҳор ўлди, кетиб зимистонлар,
Дўстлар, ғаниматдур сайр этинг гулистонлар.

фоилун мафоийлун фоилун мафоийлун
–  V  –  V  –  –  –  –  V  –  V  –  –  –

фас ЛИ нав БА ҳор ўл дик ет И бон ЗИ мис тон лар
дўс Т(э) лар ҒА ним ат дур сай РЭ тинг ГУ лис тон лар
***
40. Фурқат:
Ишқингда куйиб, жоно, хоки таҳи по бўлдим,
Совурди ғаминг боди, ал қисса фано бўлдим.

мафъулу мафоийлун фаъулу мафоийлун
–  –  V  V  –  –  –  –  –  V  V  –  –  –
иш қинг ДА – КУ йиб жон ох ок ит А – ҲИ поб ўл дим
сов ур ДИ – ҒА минг бод и(й) ал қис СА – ФА ноб ўл дим
***
41. Огаҳий:
То зулфи паришонин юз узра ниқоб этмиш,
Ҳуршид уза оҳимнинг дудини саҳоб этмиш.

мафъулу мафоийлун фаъулу мафоийлон
–  –  V  V  –  –  –  –  –  V  V  –  –  ~

то зул ФИ – ПА риш он ин юз уз РА – НИ қоб эт миш
ҳур шид У – ЗА оҳ им нинг дуд ин И – СА ҳоб эт миш
***
42. Ҳабибий:
Садқанг бўлайин, менга ажаб ноз қиладурсан,
Кўп қилма десам нозни, кулиб боз қиладурсан.

мафъулу мафоийлу мафоийлу фаулун
–  –  V  V  –  –  V  V  –  –  V  V  –  –

сад қанг БЎ – ЛА йин менг А – А жаб ноз ҚИ – ЛА дур сан
кўп қил МА – ДЕ сам ноз НИ – КУ либ боз ҚИ – ЛА дур сан
***
43. Навоий:
Ҳолим ким экин айлагучи ёрға маъруз,
Мен бедил ишин қилгучи дилдорға маъруз.

мафъулу мафоийлу мафоийлу фаулон
–  –  V  V  –  –  V  V  –  –  V  V  –  ~

ҳол им КИ – Э кин ай ЛА – ГУ чи(й) о Р(э) – ҒА маъ руз
мен бед И – ЛИ шин қил ГУ – ЧИ дил до Р(э) – ҒА маъ руз
*****
АХРАБ ШАЖАРАСИ (рубоий вазнлари)

44. Ҳ.Хоразмий:
Чун ишқи кўнгулнинг ичра бунёд айлар,
Ғам бирла хароб мулкин обод айлар.

мафъулу мафоилун мафоийлун фаъ
–  –  V  V –  V  –  V  –  V  –  –  –  –

чун иш ҚИ – КЎ нгул НИ нгич РА бун ёд ай лар
ғам бир ЛА – ХА ро Б(э) мул КИ ноб од ай лар
***
45. Бобур:
Эй қомати сарву лаблари обиҳаёт,
Будур тилагимки етгамен васлинга бот.

мафъулу мафоилун мафоийлу фаул
–  –  V  V  –  V  –  V  –  –  V  V ~

эй қом А – ТИ сар ВУ лаб ЛА ри(й) об И – ҲА ёт
будур ТИ – ЛА гим КИ ет ГА мен вас ЛИ – НГА бот
***
46. Навоий:
Бўлдум чекибон жавру жафо зор асру,
Мен жавркашу ёр жафокор асру.

мафъулу мафоийлу мафоийлун фаъ
–  –  V  V  –  –  V  V  –  –  –  –

бўл дум ЧЕ – КИ бон жав РУ – ЖА фоз ор ас ру
мен жав Р(э) КА шу(й) ё Р(э) – ЖА фок ор ас ру
***
47. Навоий:
Ёшимға бағир қони чу эрди монанд,
Кўз асради ёшдек бўлуб андин хурсанд.

мафъулу мафоийлу мафоилун фоъ
–  –  V  V  –  –  V  V  –  –  –  ~

ёш им ҒА – БА ғир қон И – ЧУ эр ди мон анд
кўз ас РА – ДА ёш дек БЎ – ЛУ бан дин хур санд
***
48. Огаҳий:
Ҳар лаҳза ишим оҳу фиғон айладило,
Жавр ўқиға жонимни нишон айладило.

мафъулу мафоийлу мафоийлу фаал
–  –  V  V  –  –  V  V  –  –  V  V  –

ҳар лаҳ ЗА – И шим оҳ У – ФИ ғон ай ЛА – ДИ ло
жав рўқ И – ҒА жон им НИ – НИ шон ай ЛА – ДИ ло
***
49. Навоий:
Нодонлиғ иши элда малолатға далил,
Доно улус оллида хижолатға далил.

мафъулу мафоийлу мафоийлу фаул
–  –  V  V  –  –  V  V  –  –  V  V  ~

нод он ЛИ – ҒИ ши эл ДА – МА лол ат ҒА – ДА лил
дон о(в) У – ЛУ сол лид А – ХИ жол ат ҒА – ДА лил
***
50. Навоий:
Ҳақдин эмин бўлубки жон топқайсен,
Ғайридин хавфи бегарон топқайсен.

мафъулун  фоилун мафоийлун фаъ
–  –  –  –  V  –  V  –  –  –  –

ҳақ дин эм ин БЎ луб КИ жон топ қай сен
ғай рид ин хав ФИ бег А рон топ қай сен
*****
Изоҳ: Намуналарга, асосан, кенг қўланувчи вазнлар киритилди. Ўрганишни
рубоий вазнларидан бошламаслик маъқуллиги учун, рубоий вазнлари
охирида берилди. Сабаби, 1-та рубоий 2, ҳатто, 3 вазнда ёзилиши ҳам
мумкин-ки, янги ўрганувчилар, мустақил тахлил билан шуғулланган пайт,
қаттиқ чалғишлари муқаррар. Масалан, Навоийнинг:

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса,
Булбулга тикандек ошён бўлмас эмиш.

рубоийси 3-та вазнда ёзилган. Яъни,
1-чи мисра мафъулу мафоийлу мафъулу фаул рукнларда,
3-чи мисра мафъулу мафоилун мафоийлун фаъ рукнларда,
2-чи 4-чи мисралари мафъулу мафоилун мафоийлу фаул рукунларда ёзилган.
***
Унутманг, мумтоз шеъриятимиз чоп этилган китобларда ҳам, муҳаррирлар
ва нашриётлар айби билан, йўл қўйилган, вазн талабларини бузган
хатолар ҳам, жуда кўп. Сиз тўғрилаб ўқишни ўрганинг. Лекин бу деганим,
хато йўқ жойларни ҳам ўзингизга мослаб эмас.
*****
АНДИЖОН
2011
spravoniy@gmail.com
Категория: ШЕРИЯТ ГУЛШАНИ | Просмотров: 1952 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2024
ҚИДИРИШ

Бесплатный хостинг uCoz