Пресс-релиз №39, 18.10.2011 йил
ПАХТА ТЕРИМИ КАМПАНИЯСИ: ҚУРБОНЛАР, ОММАВИЙ CAФАРБАРЛИК...
Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Зарафшон фермерлар уюшмасига қарашли Урганжи қишоғида яшовчи 31 ёшли Жўрабек Шарипов пахта кампанияси муносабати билан шаҳар кўчаларини тўсиш учун қўйилган бетон плитага мотоциклда урилди. 9 октябрь куни тупроққа берилган навқирон йигитнинг отаси Мардон ака маҳаллий пахта тозалаш заводида бир умр ишлаган, тақдирнинг ҳукмини қарангки, фарзанд ана шу пахтанинг қурбони бўлди. Жўрабекнинг икки норасида қизи бор эди...
Шу йилнинг 24 сентябрида эса Қашқадарёнинг Чироқчи туманидаги 24-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Баҳодир Пардаев терим даврида автоҳалокатга учради. Уч ҳафтадан кўпроқ ҳушига келмай шифохонада ётди. Бу ҳолни текшириши лозим бўлган прокурор, миршабларнинг ўзи ҳам белларига этак бойлаб, пахта термоқда. Баҳодирнинг ота-онаси кимга мурожаат қилади, кимдан ўғлининг яримжонлиги ҳисобини сўрайди?
Сирдарёда эса 17-18 октябрь кунлари оммавий ҳашар эълон қилинган ва шу муносабат билан вилоятдаги барча мактаб ўқувчилари пайкалларга жалб қилинибди. БМТнинг ЮНИСЕФ жамғармаси ростдан ҳам болалар меҳнати масаласини ўрганмоқчи бўлса, Сирдарёга борсин. Сиёсий найранглар, дипломатик мулозаматни қўйиб, пайкални кўздан кечирсин, кўради ўшанда нима бўлаётганини.
Пойтахтдаги пахта ярмаркасида мутасаддиларимиз ажнабий пахтафурушларга ўзбек оқ олтинини кўз-кўз қилаётган бир пайтда олий ўқув юртлари, жамоат ташкилотлари, шифохоналар, муассасалар ишчилари теримга сафарбар қилинган. Ҳатто ўрта мактабларнинг ўқитувчилари, болалар боғчалари тарбиячилари пайкалларга олиб кетилмоқда. Теримни истамаганлар марҳамат қилиб чиқимини тўлаб қўйсин!
Афсуски, ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотларнинг болалар меҳнати масаласидаги акциялари бесамар кетмоқда: гарчанд, улар евроширкатларнинг пахта бойкотига эришган бўлсалар ҳам, Нью-Йоркдаги шов-шувли модалар кўргазмасида ўзбек пахтасидан фойдаланилган матоларнинг четлатилишини таъминлаган бўлсалар ҳам. Демак, вазият сиёсий ислоҳотларни тақозо қилмоқда. Мамлакатда сиёсий муҳит ўзгариши ва болалар меҳнатига омманинг ўзи қарши туриши лозимлиги аён бўлиб қолди. Майдонга сиёсий мухолифат келиши ва болалар меҳнати ўзбек халқининг ўзи томонидан қораланиши лозим.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик” жамияти
|