Литвада ўзбекистонлик қочқин асари чоп этилади Евгений Дьяконовнинг ZONA.UZ блоги. 09.01.2012 Литвада
ўзбекистонлик сиёсий қочқин Евгений Дьяконовнинг "ZONA.UZ”, деб
номланган китоби чоп этилишга тайёрланмоқда. Муаллифнинг бу китобда
Ўзбекистон турмасида маҳбус сифатида бошидан кечирганлари тасвирлаган.
Литванинг "Алма литера” Нашриёт уйи ўзбекистонлик мустақил журналист,
Норвегияда сиёсий бошпана олган Евгений Дьяконовнинг Ўзбекистон
қамоқларидаги вазиятни тасвирловчи "ZONA.UZ” бадиий-публицистик асарини
рус ва кейинчалик литва тилида чоп этиш ниятида эканини маълум қилди.
Ўзининг "ZONA.UZ” асари ҳақида Озодлик мухбирига гапириб берган
Ўзбек-Норвег маданий маркази вице-президенти Евгений Дьяконов китобда 10
йил аввал рўй берган воқеалар ҳақида бўлса-да, Ўзбекистон қамоқ
тизимида бугун ҳам аҳвол ўзгаришсиз қолаётгани боис, мавзу долзарблигича
қолмоқда, дейди.
- Европада Ўзбекистон турмаларидаги вазият тўғрисидаги маълумот деярли
йўқ. Бу ҳақда ёзилган охирги асар Олег Якубовнинг "Бўрилар тўдаси” асари
эди. Шу сабабли мен бу ҳақда ўз кўрган-кечирганларимни гапириб беришим
керак, деб ўйлайман. Одамлар бу муаммо ҳақида эшитишлари керак ва ниҳоят
Ўзбекистон турмаларидаги бундай ҳолат тугатилиши зарур, дейди Евгений
Дьяконов.
Журналистнинг сўзларига кўра, у Швецияда қочқинлик мақомини олганидан
бери ўз асарини чоп эттиришга уриниб келган. Бироқ Германия, Буюк
Британия ва Европанинг бошқа қатор нашриётчилари бу асарга қизиқиш
билдирмаган.
"Хотираларимни ўқиб ҳозир ўзим ҳам бу воқеаларга ишонгим келмайди”, дея давом этади Евгений Дьяконов.
- Мен 1997 йилда ички ишлар вазирлигининг коррупция, рэкет ва
террорчиликка қарши кураш бош бошқармаси томонидан Тошкентда ҳибсга
олинганман. Жами турмада 383 кун ёки 13 ой ўтириб чиққанман. Лекин бир
йилдан ортиқроқ ўша ерда ўтказган умрим бугунги кунгача ҳам энг даҳшатли
тушларимга кириб чиқади, ваҳоланки мен афғон урушидан ўтган ҳарбий
одамман. Мен у ердан тирик чиқаман деб ўйламаган эдим. "ZONA.UZ”
хотиралари Серж Иваков номли маҳбус номидан баён этилади. Хотираларимда
мен, масалан, 1997 йилда Қоровулбозордаги 25-зонадаги маҳбуслар
ғалаёнинининг аёвсиз бостирилишини тасвирлаганман. Ўша тўполондан 25-30
кишигина тирик чиққан, қолганларни суварак каби қириб ташлашган, дея
эслайди Евгений Дьяконов.
Мустақил журналистнинг фикрича, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларидаги қамоқ тизими Сталин даври тизими кабидир.
"Черчиллнинг турмалар тўғрисида билдирган ажойиб бир фикри бор", дея давом этади Дьяконов.
- У "Менга турмаларингизни кўрсатсангиз, қандай давлат эканингизни айтиб
бераман”, деган. Ҳар қандай турма тизими у ёки бу давлат тизимининг
аксидир. Мен ҳам олдин Ўзбекистон турмаларида бўлаётган воқеалардан
раҳбариятимизнинг хабари йўқ, деб ҳисоблардим. Ишонинг, қамоқхоналардаги
бедодликлар давлат раҳбарияти хабарисиз амалга ошмайди, кўп ҳолларда
бундай вазият юқоридан туширилган буйруқ асосида амалга ошади. Шу боис,
дунё Ўзбекистонда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиши керак, дейди
Озодликка Евгений Дьяконов.
"ZONA.UZ" китобини чоп этишга қизиқиш билдираётган Литвадаги "Алма
литера” нашриётнинг бош директори Чёгинтас Сонгаила Озодлик билан
суҳбатда Дьяконов профессионал ёзувчи бўлмагани боис, қўлёзмани чоп
эитшга тайёрлаш учун жиддий таҳрир керак бўлади дейди.
- Китобнинг рус тилидаги нусхасига дастлаб жиддий ишлов берилиши керак.
Ундан кейин биз уни литва тилига ўгириб чоп этамиз. Гап шундаки, биз
ҳозирча китобларни рус тилида нашр этмаймиз, лекин Дьяконовнинг асарига
буюртма етарли бўлса уни рус тилида ҳам чоп этишга тайёрмиз. Бу асар
бизнинг катта ёшдаги, яъни Совет даври тузумини кўрганлар учун қизиқарли
бўлиши мумкин. Қолаверса, Ўзбекистон ёпиқ мамлакат бўлганлиги сабабли у
ерда нима бўлаётгани жамоатчилик учун ҳам қизиқ бўлади, деб ўйлайман, -
дейди "Алма литера” нашриёти эгаси Чёгинтас Сонгаила.
Сонгаила агарда "ZONA.UZ” интернет блог шаклидан тўлақонли асар шаклига
кўчса, 4-6 ой ичида Литвада нашрдан чиқарилиши мумкинлигини айтади. У бу
асар муаллифнинг ўз бошидан кечинмалари эканини ҳисобга олиб, кенг
жамоатчиликда қизиқ уйғотиши эҳтимоли юқоридир, дея қўшимча қилди.
Озодлик маҳбусларга ноинсоний, шафқатсиз муомала Ўзбекистон
қамоқхоналарида одатий ҳолатга айлангани борасида кўп маротаба хабар
берган.
Маркази Парижда жойлашган Инсон ҳуқуқлари Халқаро Федерацияси (FIDH)
Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига эътибор қаратиш мақсадида "
Ўзбекистон номли қамоқхона” деб аталган янги веб-саҳифа очди.
Бир неча йил мобайнида БМТ идораларида айни масала юзасидан ҳисобот
берган Ўзбекистон расмийлари қийноқларни бартараф этиш, инсон ҳуқуқлари
билан боғлиқ вазиятни яхшилаш мақсадида кўп ишлар амалга оширилгани
ҳақида гапирганлар.
Аммо инсон ҳуқуқлари фаоллари ва қатор халқаро ташкилотлар вазиятнинг ҳамон ўзгаришсиз қолаётганини айтиб келишади.
|