МУРОЖААТНОМА
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ассалому алайкум, азиз биродарлар. Мен, Довудхон Обидхон ўғли, ушбу мурожаатим билан шуни билдираманки, отамиз Обидхон Собитхон ўғиллари ўзларига қарши уюштирилган суиқасд натижасида олган жиддий жароҳатлари туфайли ҳозирда шифохонада даволаняптилар. Шифокорлар уларнинг аҳволларини оғир бўлса-да, барқарор дея баҳолашяпти.
Содир этилган жиноят устида олиб борилаётган тергов-текширув жараёнига салбий таъсир ўтказиши мумкинлиги сабабли мазкур воқеа тафсилотларини ҳозирча оммага билдира олмаймиз. Айни пайтда шуни ҳам эслатиб ўтмоқчи эдимки, ҳозирда оммавий ахборот воситалари томонидан ҳодисанинг тафсилотлари ҳақида тарқатилаётган айрим хабарларнинг асоси йўқ.
Дунёдаги ҳамма мўмин-мусулмонлар, ёру-дўстларимиз ва барча иймон-эътиқодли юртдошларимизга ягона илтимосимиз - отамизнинг ҳақларига холис дуода бўлсинлар ҳамда уларнинг саломатликлари тез кунда ўз ҳолига қайтишини ёлғиз Парвaрдигордан илтижо қилиб сўрасинлар.
Аллоҳ таоло отамиз Обидхон қори Собитхон ўғилларига комил шифо ато этишини умид қилиб қоламиз.
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ.