Amnesty
International ташкилоти Россия Бош прокуратурасининг Ҳизб ут-Таҳрир
партиясига аъзоликда айбланиб, 7 йилу 4 ой қамоқ жазосини ўтаб чиққан
Юсуф Қосимохуновни яна шу айбловлар асосида Ўзбекистонга бериб юбориш
ниятидан хавотир билдирмоқда.
8 йилдан бери Қосимохунов ҳимояси билан шуғулланиб келаётган ҳуқуқ фаоли
Елена Рябинина Озодликка Россия прокуратураси ўзбек кучишлатар
тизимлари билан келишилган ҳолда Қосимохуновни бериб юборишга барча
имкониятларни ишга солмоқда, дейди.
- Жорий йилнинг 19 апрелида Бош прокуратура уни бериб юбориш тўғрисида
қарор чиқарди. Биз, албатта, бу қарор устидан шикоят ёздик. 1 июн куни
Мурманск вилоят судида бу ишга таалуқли айрим ҳужжатлар мени ҳайратга
солди. Россия Бош прокуратурасининг экстрадиция масалалари бўйича
масъулининг Бош прокурор муовини Звягинцев номига юборган
маълумотномасида Қосимохуновга Ўзбекистон томонидан қўйилаётган
айбловларнинг Россия қонунчилигига мос келувчи моддалари йўқлиги Россия
Бош прокуратураси Академияси томонидан аниқлангани кўрсатилган, дейди
Елена Рябинина.
Маълум бўлишича, прокуратуранинг экстрадиция тўғрисидаги қарори
чиқарилишидан бир неча кун олдин Ўзбекистондан жўнатилган сўровномада
"Юсуф Қосимохуновга қўйилаётган айбловлар Россия қонунчилиги талабларига
мос келтирилгани” билдирилган.
Оддий қилиб айтганда, дея давом этади "Қочқинлик ҳақлари” дастури раҳбари Елена Рябинина:
- Прокуратура Академияси Россия қонунчилиги юзасидан бу айбловларни
Қосимохуновга қўйиш мумкин эмаслигини таъкидлаган. Шундан кейин бизнинг
прокурорлар ўзбеклардан бу айбловларни ўзгартириб беришни сўраган ва
тегишли жавоб олган, дейди ҳуқуқ фаоли.
Рябинина прокуратура ҳамда судларнинг йўл қўяётган қатор
қонунбузарликлари натижасида аллақачон озодликка чиқарилиши керак бўлган
Юсуф Қосимохунов ҳамон Мурманск шаҳар тергов изоляторида қолмоқда,
дейди.
Ҳуқуқ фаоли шу йилнинг 18 июлида Россия Олий судида ўзбекистонлик
маҳбуснинг экстрадиция иши қайта кўриб чиқилишини қўшимча қилди.
Amnesty International Қосимохунов Ўзбекистонда жиддий босимга учраши,
қийноқларга солиниши ва узоқ муддатга қамалаши мумкинлигидан хавотир
билдирмоқда.
Шунингдек, ташкилот Қосимохунов экстрадиция қилинса, Россия қатор
халқаро ҳуқуқ нормалари ва қонунларини қўпол тарзда бузган саналади, дея
огоҳлантирди.
Ўзбек қочқинини ҳимоя қилаётган Елена Рябинина маълумотига кўра,
Страсбург судида "Қосимохунов Россияга қарши” иши кўриб чиқилиши
арафасида.
Қосимохунов ишини бевосита кузатиш учун Мурманска шаҳрига кетишидан бир
кун олдин номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилган асли
ўзбекистонлик диссидент Баҳром Ҳамроев фикрича, Қосимохунов иши
"Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларининг принципиал ишига айланган”.
- Мени калтаклаб кетишгандан кейин тергов бошлиғи менга "Қосимохунов
сизнинг ёнингизда Россияда қолиб кетади, деб умид қилманг. У Россиядан
чиқиб кетиши керак”, деган маънода гапирган эди. Қосимохуновнинг
ҳуқуқлари поймол қилиниб бўлди! Лекин бунинг сиёсий аҳамияти шуки,
"Исломга даъват қилиб юрган одамларнинг ҳоли шундай бўлади. Россия
ҳукумати розилигини олмаган мусулмонлар Қосимохуновга ўхшаган ҳолатга
тушади”, деган маъноси бор. Шу маънода Қосимохуновнинг Ўзбекистонга
бериб юборилишини ҳам, унинг Россиядан олиб келиб суд қилиши, матбуот
орқали уни халққа кўрсатилиши Ўзбекистон ҳукуматининг муштумзўрлигини
қўрсатади, дейди ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев.
1995 йилда Россияга келган бухоролик ўқитувчи Юсуф Қосимохунов 2004
йилда Россияда ноқонуний деб эълон қилинган Ҳизб ут-Таҳрир партиясига
аъзоликда айбланиб, 8 йиллик муддатга қамалган биринчи шахсдир.