Калининград
Миграция хизмати вилоятда гастарбайтерлар сонини камайтириш учун
Тошкентга авиақатновларни қисқартиришни таклиф этмоқда.
Калининград
миграция хизмати ходимлари 9 август куни бўлиб ўтган давра суҳбатида
ноқонуний меҳнат муҳожирлари билан курашишнинг янги "ноёб" усулини
таклиф этди.
Йиғилиш қатнашчилари Ўзбекистондан Калининградга учаётган
авиарейсларнинг камайтирилиши ёки умуман бекор қилиниши ноқонуний
миграция масаласини бартараф этади деган "ажойиб" фикрга келди.
Дарвоқе, давра суҳбати мавзуси " Калининград вилояти ҳудудида миграция сиёсатини амалга ошириш” деб номланди.
Бундай таклиф муаллифи Калининград вилояти Федерал миграция хизмати
бошлиғи ўринбосари Юрий Мургин, жумладан, мигрантларнинг асосий қисми
минтақага самолётлар орқали Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва
Арманистондан келаётгани тўғрисида "давлат сирини" очиқлади.
- Ўзбекистондан Калининградга ҳафтасига икки маротаба минтақамизда ишлаш
иштиёқида бўлган фуқаролар лиқ тўла самолётларда учиб келяпти. Бу
рейсларнинг камайтирилиши ёки умуман бекор қилиниши вилоятда ортиқча
гастарбайтерлар муаммосини ҳал этиши мумкин, деди вилоят миграция
хизмати раҳбари.
Юрий Мургиннинг Калининград атрофида "Берлин девори” қуришга ўхшаб
кетаётган бу ташаббуси "Единая Россия” партиясининг раиси Дмитрий
Медведевнинг жамоатчилик қабулхонасида баён қилингани эътиборга сазовор.
Мургин, шунингдек, жорий йил бошидан буён Калининград вилоятида 19 минг
одам миграция қайдига олингани, 12 минг муҳожирга ишга рухсатнома
берилганини ҳам маълум қилди.
Минтақа миграция хизмати маълумотига кўра, Россиянинг энг ғарбий шаҳрида
20 мингдан зиёд ноқонуний меҳнат муҳожири "тирикчилик” қилиб юрибди.